Ассалому алайкум, Устоз!
1. Маълумки, Аллоҳнинг исмлари ва сифатлари бор. Бу ҳақда мен сизнинг «Сунний ақийдалар» китобингиздан ўқиб ўргандим. Лекин менда Аллоҳнинг сифатлари тўғрисида савол пайдо бўлди. Ўзи сифат дегани нима? «Аллоҳнинг сифатлари» деганда нимани тушуниш керак? Аллоҳнинг исмлари ва сифатини адаштириб юборяпман. Аллоҳнинг исмларидан сифатлари келиб чиқадими? Устоз, сиздан илтимос, Аллоҳнинг сифатларини, уларга қандай эътиқодда бўлиш кераклигини китобингиздан ҳам соддароқ қилиб тушунтириб берсангиз.
2. Устоз, «Аллоҳнинг иродаси», «Инсон иродаси» деган жумлаларни китобларда кўп учратаман. Шу жумлалардаги «ирода» сўзининг маъноси нима?
- Ва алайкум ассалом!
Исм Аллоҳ таолога қўйилган номдир. Мисол учун, Роҳман, Роҳийм каби. Сифат эса Аллоҳ таолога изофа қилинади. Мисол учун, Аллоҳнинг қудрати, Аллоҳнинг раҳмати каби.
Исм билан Аллоҳга дуо қилса бўлади: «Ё Аллоҳ!», «Ё Роҳийм!» каби. Сифат билан Аллоҳга дуо қилиб бўлмайди: «Ё қудратуллоҳ!», «Ё важҳуллоҳ!» каби.
Аллоҳнинг исмларини қўшиб, бандаликни ифода қилиш мумкин, масалан, Абдурраҳмон, Абдурроҳийм каби. Аммо Аллоҳнинг сифатларини қўшиб, бандаликни ифода қилиб бўлмайди. Мисол учун, Абдулирода ёки Абдулмашийъа, дейиш мумкин эмас.
Аллоҳнинг исмларидан сифат олса бўлади. Мисол учун, Ал-Ҳайй исмидан ҳаёт сифати, Қодир исмидан қудрат сифати. Аммо Аллоҳнинг сифатларидан исм олиб бўлмайди. Мисол учун, Аллоҳнинг истиво сифати бор. Ундан У Зотга нисбатан Муставий деган сифатни олиб бўлмайди.
2. «Ирода» сўзи «хоҳиш-истак» деган маънони билдиради.
Валлоҳу аълам.