Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

дуо ҳақида

00:00 / 14.09.2010 | eski savollar | 2053
Ассалому Алейкум Олдиндан узир суромоқчиман мен интернетдан фойдаланишни яқинда бошладим Дуо қилаётганда васила қилса булаверадими?Купчилик дуода , пайгамбаримиз ҳаққи, қурон ҳаққи деяпти.илтимос шуларга жавоб берсангиз олдиндан раҳмат.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

Саволда кўтарилган масала таввасул ёки васийла масаласи деб айтилади. Дуо қилишда бошқани васийла қилиш. Аҳли сунна вал жамоа мазҳабида бу иш жоиз. Яъни, бир одамнинг дуоси қабул бўлмай қолса, бирор солиҳ амалиними ёки шахсними васийла қилиб дуо қилиш.Усмон ибн Ҳанийф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир кўзи ожиз киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:«Аллоҳга дуо қилинг, менга офият берсин», деди.«Хоҳласанг дуо қиламан. Хоҳласанг сабр қил. Бу сен учун яхшидир», дедилар».«Дуо қилинг», деди.Бас, уни яхшилаб таҳорат қилмоққа ва ушбу дуони ўқишликка амр қилдилар: «Аллоҳим! Албатта, мен Пайғамбарнинг, Муҳаммад – раҳмат Пайғамбари ила Сендан сўрайман ва Сенга юзланаман. Эй Муҳаммад! Албатта, мен сен ила Роббимга ушбу ҳожатим юзасидан уни чиқсин дея юзландим. Аллоҳим! Унинг менинг ҳақимда шафоатини қабул қил».Термизий ва Ибн Можа ривоят қилишган.Бошқа ривоятда «Бас, кўзи очилган ҳолда қайтиб кетди» дейилган.Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари доимо қабул бўлишидан баъзи кишилар ўз фойдалари учун дуо сўрашиб турар эдилар. Бунинг мисоллари жуда ҳам кўп. Кўпроқ саҳобаи киромлар томонида охират саодати ҳақида дуо сўрагани ҳам маълум ва машҳур. Ушбу ҳадисда эса, кўзи ожиз киши кўзи очилиши ҳақида дуо қилишни сўрамоқда. Афтидан у кишининг кўзи даволашга лойиқ эмас даражада ожиз бўлган бўлса керак. Бўлмаса, Пайғамбар алайҳиссалом доимо беморликни даволашга амр қилганлар. Аммо, бу кишига у ҳақда сўз очмаганларидан, унинг кўзи қаттиқроқ беморликка учраган бўлса керак.Ушбу ҳадисдан олинадига фойдалар:1. Аҳли фазл шахсдан беморликкка офият бўлиши учун дуо сўраш жоизлиги.2. Бировнинг дардига офият сўраб дуо қилиш яхши иш эканлиги.3. Кўзи ожиз бўлиб, даво топа олмаган инсон сабр қилса, катта ажрларга, ҳатто кўзи очилгандан ҳам юқорироқ даражага эришиши.4. Дуо сўраган кишини икки нарсадан бирини: дуо қилиш ёки дуо қилмасликни танлашга таклиф қилиш жоизлиги.5. Дуо қилишдан олдин яхшилаб таҳорат қилиб олмоқ аҳамиятли экани.6. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни васийла, шафоатчи қилиб дуо қилиш мумкинлиги.Ушбу ҳадисни бу фаслда келтириш ила тавассул жоиз эканига ҳужжат ва далил келтирилмоқда. Дуони тўғридан-тўғри Аллоҳ таолонинг Ўзига қилавермасдан орага Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатчи этароқ дуо қилиш тавсия этилганига ишора қилинмоқда. Шунингдек, бировдан дуо сўраб туравермай, инсон ўзи ихлос ила дуо қилиши кераклигини кўриб турибмиз.Гоҳида киши ўзи дуо қилганда дуоси қабул бўлмаётганини мулоҳаза қилиб қолади. Шунда қандайдир бирор васийлага эҳтиёж сезиб қолади. Ана шундоқ пайтда васийла ила дуо қилиш йўлга қўйиш жоиз бўлади.Имом Тобароний ушбу ҳадисни келтиришдан олдин бир қиссани келтирганлар, унда қуйидагилар зикр қилинган:«Бир одам Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ҳузурига ўзининг бир ҳожати юзасидан кириб чиқиб юрар эди. Усмон унга илтифот ҳам қилмас, унинг ҳожатини ҳам чиқармас эди. Ҳалиги одам Усмон ибн Ҳанийфга учрашиб, мазкур ҳолат ҳақида шикоят қилди. Шунда Усмон ибн Ҳанийф унга «Таҳоратхонага боргин-да, яхшилаб таҳорат қил. Кейин масжидга бориб икки ракъат намоз ўқи ва» «Аллоҳим! Албатта, мен Пайғамбарнинг, Муҳаммад – раҳмат Пайғамбари ила Сендан сўрайман ва Сенга юзланаман. Эй Муҳаммад! Албатта, мен сен ила Роббимга ушбу ҳожатим юзасидан уни чиқсин дея юзландим. Аллоҳим! Унинг менинг ҳақимда шафоатини қабул қил», деб туриб ҳожатингни сўра. Сўнг олдимга келсанг, мен ҳам сен билан бирга бораман», деди.Ҳалиги одам бориб унинг айтганини қилди. Кейин Усмон ибн Аффоннинг эшигига борди. Бас, эшик оғаси келиб, унинг қўлидан ушлаб ичкарига олиб кирди ва Усмон ибн Аффон ўтирган жойга, унинг ёнига ўтқазди. У «Нима ҳожатинг бор?» деб сўради. У ҳожатини айтди. Унинг ҳожатини чиқарди ва: «Шу вақтгача юравермай, ҳожатингни айтсанг бўлмасми-ди? Бундан кейин қандай ҳожатинг бўлса, келавер», деди.Кейин ҳалиги одам унинг олдидан чиқиб, Усмон ибн Ҳанийфнинг олдига борди ва, Аллоҳ сенга хайр берсин. Сен айтиб қўймагунингча, у менга илтифот қилмас эди, деди.Шунда Усмон ибн Ҳанийф: «Аллоҳга қасамки, мен унга ҳеч нарса деганим йўқ. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир кўр одам келганини кўрдим. Ҳалиги одам у зотга кўзи кўр бўлиб қолганидан шикоят қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:«Сабр қила олмайсанми?» дедилар.«Эй, Аллоҳнинг Расули, етакловчим йўқ. Жуда қийналиб кетдим», деди.«Таҳоратхонага бор. Таҳорат қилиб, икки ракъат намоз ўқи. Кейин ушбу дуоларни қил», дедилар.Кейин биз тарқалмасимиздан олдин ҳалиги одам олдимизга кириб келди. Аллоҳга қасамки, у худди кўр бўлмагандек эди», деди».Бу амалга иккинчи далил қуйидагича:Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу қаҳатчилик бўлганда Аббос ибн Абдулмутталиб ила истисқо қиларди:«Аллоҳим! Албатта, биз Сенга Пай-ғамбаримиз ила тавассул қилар эдик. Сен бизни сероб қилар эдинг. Энди, биз сенга Пайғамбаримизнинг амакиси ила тавассул қиламиз. Бизни сероб қилгин», деди. Яна: «Сероб қилинурлар», деди».Бухорий ривоят қилган.Бу ҳодиса ўн саккизинчи ҳижрий санада бўлган. Қаҳатчилик ҳаж вақтидан бошланган. Тўққиз ой давом этган. Шунда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу одамларни тўплаб, ҳазрати Аббос розияллоҳу анҳуни васийла қилиб истисқо қилганлар. Ривоят қилинишича, ўша куни Аббос розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолога тазарруъ қилиб: «Аллоҳим! Албатта, гуноҳ бўлмаса бало тушмас. Тавба бўлмаса, бу кўтарилмас. Мана биз қўлларимизни ўзингга очиб гуноҳларимизни эътироф қиламиз. Бошларимизни сенга эгиб тавба қиламиз. Бизни нажот ёмғири ила сероб қилгин, деганлар. Шунда, ёмғир қуйиб ёққан. Ер тўйиб, одамларга жон кирган. Валлоҳу аълам.

Топ рейтинг www.uz Openstat