- Ва алайкум ассалом! Уч талоқ тушган.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: ثَلَاثٌ جِدُّهُنَّ جِدٌّ وَهَزْلُهُنَّ جِدٌّ: النِّكَاحُ، وَالطَّلَاقُ، وَالرَّجْعَةُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَالْحَاكِمُ وَصَحَّحَهُ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уч нарсанинг жиддийси ҳам жиддий, ҳазили ҳам жиддий: никоҳнинг, талоқнинг ва ражъатнинг», дедилар».
Абу Довуд, Термизий ва Ҳоким ривоят қилганлар. Ҳоким саҳиҳ, деган.
Шарҳ: Ораларида никоҳ тўғри бўладиган кишилар ҳазиллашиб ақди никоҳ қилсалар, никоҳ собит бўлади. Худди шунингдек, ҳазиллашиб қилинган талоқ ҳам тушади. Хотинини бир ёки икки ражъий талоқ қилган одам хотинининг иддаси ичида «Сени ўзимга қайтариб олдим», деса, ражъат – қайтиш ҳам собит бўлади.
Чунки бу ҳолларда ўзи билиб туриб, қасд қилиб айтган бўлади. Ислом ҳаётга, хусусан, оилавий ҳаётга жиддият билан қарайди. Эр-хотин орасидаги никоҳ алоқасини муқаддас алоқа сифатида кўради. Муқаддас нарсаларни ҳазил-ҳузулга айлантириш эса умуман мумкин эмас. Ҳазил қиладиган бўлса, келиб-келиб, энг муқаддас алоқалардан бири билан ҳазиллашадими? Бир аёлнинг бегона бир эркакка ҳалол бўлиши осон нарса эканми?
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида талоқ ҳукмини баён қилувчи оятлардан бирида «Аллоҳнинг оятларини ҳазил билманг», деган. Бундан никоҳ, талоқ масаласи Аллоҳнинг ояти эканлиги очиқ-ойдин кўриниб турибди. Ислом Аллоҳнинг оятларининг ҳазил, ўйин-кулги ҳолига тушиб қолишини ҳеч хоҳламайди.
Мусулмон киши ҳаётга жиддий қарасин. Ўзининг оиласини ўзи ўйинчоқ қилиб қўймасин. Ўз хотини билан бўлган, икки бир-бирига ҳаром шахсни ҳалол қилган никоҳ алоқасини ўйинчоқ қилган одам ҳар қандай жазога лойиқ. Унинг талоғининг тушиши ҳам жоиздир. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!