- Ва алайкум ассалом! Фаришталарни аёл сиймосида кўриш насороларнинг эътиқодидир. Аллоҳ таоло “Нажм” сурасида марҳамат қилади.
إِنَّ الَّذِينَ لَا يُؤْمِنُونَ بِالْآخِرَةِ لَيُسَمُّونَ الْمَلَائِكَةَ تَسْمِيَةَ الْأُنثَى
27. Албатта, охиратга иймон келтирмаганлар фаришталарни аёл номи билан номларлар.
Араб мушриклари фаришталарни аёл деб эътиқод қилганларини айтдик. Уларга номларни ҳам худди аёлларникига ўхшаганини қўйиб олишарди. Бундан ташқари, уларнинг Лот, Уззо, Манот каби бутлар ҳам аслида фаришта бўлганлар, деган афсоналари ҳам бор эди. Шунинг учун уларга ҳам аёлларга хос номларни қўйишган эди.
وَمَا لَهُم بِهِ مِنْ عِلْمٍ إِن يَتَّبِعُونَ إِلَّا الظَّنَّ وَإِنَّ الظَّنَّ لَا يُغْنِي مِنَ الْحَقِّ شَيْئًا
28. Уларда бу ҳақда ҳеч қандай илм йўқ. Улар гумонга эргашадилар, холос. Албатта, гумон ҳақиқат ўрнига ўтмас.
“Зухруф” сурасида:
وَجَعَلُوا الْمَلَائِكَةَ الَّذِينَ هُمْ عِبَادُ الرَّحْمَنِ إِنَاثًا أَشَهِدُوا خَلْقَهُمْ سَتُكْتَبُ شَهَادَتُهُمْ وَيُسْأَلُونَ
19. Роҳманнинг бандалари бўлмиш фаришталарни аёллар ҳисобладилар. Ёки уларнинг яратилишига гувоҳ бўлдиларми?! Албатта, бу гувоҳликлари ёзилур ва сўроққа тутилурлар!
Мушриклар Роҳман сифатига эга Аллоҳнинг бандалари бўлган фаришталарни, ўзларича, аёл кишилар ҳисоблайдилар. Бундай қилишга уларнинг нима ҳаққи бор?
«Ёки уларнинг яратилишига гувоҳ бўлдиларми?!»
Яъни Аллоҳ таоло фаришталарни яратаётган пайтда мушриклар гувоҳ бўлиб турганмидилар? Ўшанда Аллоҳ фаришталарни аёл қилиб яратганини кўриб қолганмидилар?!
«Албатта, бу гувоҳликлари ёзилур ва сўроққа тутилурлар!»
Ҳеч шак-шубҳа йўқки, мушрикларнинг «Фаришталар Аллоҳнинг қизларидир» деган даъволари номаи аъмолларига ёзиб қўйилади ва қиёмат куни бу ҳақда сўроққа тутиладилар. ("Тафсири Ҳилол" китобидан).
Ваҳоланки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келган барча фаришталар эркак суратида келганлар. Валлоҳу аълам!