Ассалому алайкум, муҳтарам устоз! Сизга ҳаётимиздаги муҳим бир масала хусусида савол бермоқчи эдим:
Абу Лайс Самарқандийнинг «Бўстонул орифин» китобларидан иқтибос:
75-боб. Ўлик яқинларининг йиғиси
туфайли азобланиши ҳақида
Фақиҳ айтадилар: Одамлар ўлик яқинларининг йиғиси туфайли азобланиши ҳақида баҳс қилишди. Баъзилар: «азобланади», деб, қуйидаги ҳадиснинг зоҳир маъносини далил қилишди.
Ибн Умар ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳулардан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Маййит яқинларининг йиғиси туфайли азобланади», дедилар». Аҳли илмнинг кўпчилиги эса: «Маййит яқинларининг йиғлашидан азобланмайди, чунки Аллоҳ таоло: «Ҳеч бир юкли жон ўзганинг юкини кўтармас» (Фотир сураси, 18-оят), деб марҳамат қилган», дейишади.
Қосим ибн Муҳаммад айтадилар: «Оиша розияллоҳу анҳодан юқоридаги ҳадис ҳақида сўрашганда: «Сизлар Ибн Умар ва Ибн Аббосдан ҳадис ривоят қиляпсизлар. Улар каззоб (яъни ёлғончи) эмаслар. Лекин эшитишда хато бўлиши мумкин», деб жавоб бердилар».
Ҳадис қуйидаги таъвийлга эга: «Ўша пайтларда бир инсон ўлишидан олдин унга бақириб йиғлашларини аҳлига буюриб кетар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Маййит яқинларининг йиғиси туфайли азобланади», дедилар. Чунки маййит гуноҳ ишни васият қилгандир». Бошқа таъвили: «Бир яҳудийнинг қабри устида қариндошлари йиғлаб турганларида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтиб қолдилар ва: «Улар маййитга йиғлашяпти, у эса қабрида азобланмоқда», дедилар. Ровий эса уларнинг йиғилари сабабли азобланяпти, деб ўйлаган».
Бу ҳадис Урва Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисга ўхшайди. Ибн Умарнинг ҳадисини айтишганда, Оиша розияллоҳу анҳо: «Абу Абдурраҳмон унутиб қолдирган. Аслида «Маййитнинг қариндошлари унинг учун йиғлашади, маййит эса ўзининг гуноҳлари туфайли азобланади», бўлган», деганлар» (Иқтибос тугади).
Саволим шундан иборат: бошқа уламолар мазкур масалада қандай фикр айтишган? Ёки фақиҳ айтган фикрларга барча Ислом уламолари иттифоқ қилишганми? Сиздан илтимос, мазкур масала бўйича бошқа Ислом уламоларининг фатволарини баён қилиб берсангиз.
Жавобингиз учун ташаккур!
Умиджон Турсинов
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
- Ва алайкум ассалом!
وَذُكِرَلِعَائِشَةَ قَوْلُ عُمَرَ: إِنَّ الْمَيِّتَ يُعَذَّبُ بِبُكَاءِ أَهْلِهِ عَلَيْهِ، فَقَالَتْ: رَحِمَ اللهُ عُمَرَ، وَاللهِ مَا حَدَّثَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِذَلِكَوَلكِنْ قَالَ: «إِنَّ اللهَلَيَزِيدُ الْكَافِرَ عَذَابًا بِبُكَاءِ أَهْلِهِ عَلَيْهِ»، وَقَالَتْ: حَسْبُكُمُ الْقُرْآنُ وَلَا تَزِرُ وَازِرَةٌ وِزْرَ أُخْرَىٰ.
وَفِيرِوَايَةٍ: سَمِعَتْ عَائِشَةُ بِقَوْلِ ابْنِ عُمَرَ: إِنَّ الْمَيِّتَ يُعَذَّبُ بِبُكَاءِ أَهْلِهِ، فَقَالَتْ: يَغْفِرُ اللهُ لِأَبِي عَبْدِ الرَّحْمَنِ إِنَّهُ لَمْ يَكْذِبْ وَلَكِنَّهُ نَسِيَ أَوْ أَخْطَأَ، إِنَّمَا مَرَّ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَلَىيَهُودِيَّةٍ يَبْكِي عَلَيْهَا أَهْلُهَا فَقَالَ: «إِنَّهُمْ لَيَبْكُونَ عَلَيْهَا، وَإِنَّهَا لَتُعَذَّبُ فِي قَبْرِهَا». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ
«Оишага Умарнинг «Маййит унга ўз аҳлининг йиғиси ила азобланади», деган гапи зикр қилинди. Шунда у: «Аллоҳ Умарни раҳмат қилсин. Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда гапирмаганлар. Лекин у зот: «Аллоҳ кофирнинг азобини унинг аҳлининг унга йиғиси туфайли зиёда қилади», деганлар. Сизга Қуръоннинг ўзи етарли: «Ҳеч бир юкли жон ўзганинг юкини кўтармас», деди».
Бошқа бир ривоятда эса:
«Оиша Ибн Умарнинг «Маййит ўз аҳлининг йиғиси ила азобланади», деган гапини эшитиб: «Абу Абдурраҳмонни Аллоҳ мағфират қилсин, у ёлғон гапирмаган. Лекин унутгандир ёки хато қилгандир. Аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир яҳудий аёлга унинг аҳли йиғлаётганида ўтиб қолганлар ва: «Булар унга йиғлашмоқда, у эса қабрида азобланмоқда», деганлар», деди», дейилган.
Абдуллоҳ ибн Убайдуллоҳ ибн Абу Мулайка қуйидагиларни айтади:
«Маккада Усмон розияллоҳу анҳунинг бир қизи (Умму Абон) вафот этди. Унинг жанозасига бордик. У ерга Ибн Умар ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ҳам ҳозир бўлдилар. Мен икковларининг ораларида ўтирар эдим. Шунда Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Амр ибн Усмонга: «Йиғидан қайтармайсанми, ахир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Маййит аҳлининг унга йиғиси ила азобланади», деганлар», деди. Шунда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Умар розияллоҳу анҳу ҳам шунга ўхшаш гапни айтиб юрар эди», деди-да, гапида давом этиб шундай деди: «Бир куни Умар розияллоҳу анҳу билан Маккадан чиқиб, Байдога етиб келдик. Бирдан у дарахт тагида ўтирган йўловчиларни кўриб қолди ва: «Анави йўловчилар ким экан?» деди. Бориб қарасам, у Суҳайб экан. Келиб, хабарни айтдим. У менга: «Уни олдимга чақириб кел», деди. Қайтиб бориб, Суҳайбга: «Тур ўрнингдан, амирул мўмининга етиб ол», дедим. Умар розияллоҳу анҳу мусибатга учраганида Суҳайб: «Вой, биродарим! Вой, соҳибим!» деб йиғлаб кириб келди. Умар розияллоҳу анҳу унга: «Эй Суҳайб, сен менга йиғлайсанми? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Маййит аҳлининг баъзи йиғиси туфайли азобланади», деганлар-ку», деди».
Ибн Аббос гапида давом этиб: «Умар розияллоҳу анҳу вафот қилгандан кейин ўша гапни Оиша розияллоҳу анҳога зикр қилган эдим...» деб ушбу биз ўрганаётган ривоятни айтганлар.
Демак, бу масалада катта саҳобийларнинг тушунчалари ҳам икки хил бўлган. Баъзилари: «Маййитга унинг аҳлининг йиғиси туфайли азоб берилади», десалар, бошқалари эса: «Маййитга унинг аҳлининг йиғиси туфайли азоб бўлмайди, гуноҳ йиғлаганнинг ўзига бўлаверади», деганлар.
Шу ерда таъкидлаб қўйишимиз керакки, гап маййитнинг орқасидан йиғлаганда маййитнинг азобланиши ёки азобланмаслиги ҳақида кетмоқда. «Йиғлаш жоизми, йўқми?» деган масала устида эмас. Чунки айтиб йиғлаш жоиз эмаслиги маълум.
Саҳобаи киромларнинг маййит ўз яқинларининг унга айтиб йиғлаши туфайли азобланиши ёки азобланмаслиги ҳақидаги ушбу масала юзасидан икки хил фикрда бўлганликлари уламоларнинг баҳсларига сабаб бўлган.
Бу баҳсларнинг натижаси ўлароқ, улар: «Агар маййит тириклигида айтиб йиғлашни қўллаб-қувватлаб юрган бўлса ёки айтиб йиғлашни васият қилган бўлса, аҳли унга айтиб йиғлагани учун азобланади, аксинча бўлса, азобланмайди», деганлар.
Лекин маййит ушбу сабабдан бевосита азобланмаса ҳам, озор топиши, хижолат бўлиши бор.
Валлоҳу аълам.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077