Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ер масаласи

22:08 / 28.02.2019 | Санжар | 2226
Ассалому алайкум! Дадам ва амаким ўзаро борди-келди қилишмайди, гаплашишмайди. Ёшлари 79 ва 73. Фарзандлар ҳам деярли шунақа. Сабаби "ер"- чамаси 22 йил аввал дадам 1.6 гектар ер давлатдан фермерлик учун олиб, боғ қилганлар. Ҳужжат амаким номига қилинган. Шунинг эвазига 0.6 гект.ини амакимга берганлар. Боғда фақат дадамлар 17 йил меҳнат қилиб келадилар. Ер налогини 22 йиллан буён дадамлар тўлаб келадилар. Амаким деярли ҳеч нарса қилмаганлар. Энди вақти соати келиб 1 гектар ерни дадамлар фарзандлари номига расмийлаштирайлик десалар амаким рози бўлмадилар. Шу сабабми ёки Аллоҳни карами бўлса керак дадамлар юрак хасталиги билан катта операция ўтказдилар. Мана энди ака-ука умуман борди-келди қилишмайди. Ака-ука орасида оғзаки келишув бўлган холос. Гувоҳлари ҳеч ким ( уларни аёллари бўлса керак-тахмин). Муаммони ечимига ёрдам беринг.

«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

- Ва алайкум ассалом! 

أَنَّ سَعِيدَ بْنَ زَيْدٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: مَنْ ظَلَمَ مِنَ الْأَرْضِ شَيْئًا طُوِّقَهُ مِنْ سَبْعِ أَرَضِينَ  

Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу айтади:
«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким бир парча ерни ноҳақ ўзлаштириб олса, унинг бўйнига етти қават ер осиб қўйилади», деяётганларини эшитдим». 

حَدَّثَنِي مُحَمَّدُ بْنُ إِبْرَاهِيمَ: أَنَّ أَبَا سَلَمَةَ حَدَّثَهُ أَنَّهُ كَانَتْ بَيْنَهُ وَبَيْنَ أُنَاسٍ خُصُومَةٌ، فَذَكَرَ لِعَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، فَقَالَتْ: يَا أَبَا سَلَمَةَ، اجْتَنِبِ الْأَرْضَ، فَإِنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَنْ ظَلَمَ قِيدَ شِبْرٍ مِنَ الْأَرْضِ طُوِّقَهُ مِنْ سَبْعِ أَرَضِينَ  

Муҳаммад ибн Иброҳим бундай сўзлаб берди:
«Абу Саламанинг айтишича, у билан бир гуруҳ одамлар ўртасида (бир ер хусусида) даъволашув бор экан. У буни Оиша розияллоҳу анҳога айтган экан, у: «Эй Абу Салама, ердан узоқроқ бўл. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир қарич ерни ноҳақ ўзлаштириб олса, унинг бўйнига етти қават ер осиб қўйилади», деганлар», деди». (“Олтин силсила” китобидан Саҳиҳул Бухорий).  

عَنْ مُجَمِّعِ بْنِ يَحْيَى قَالَ حَدَّثَنِي رَجُلٌ أَنَّ رَجُلًا قَالَ يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّ رَحِمِي قَدْ رَفَضُونِي وَقَطَعُونِي، فَأَرْفُضُهُمْ كَمَا رَفَضُونِي، وَأَقْطَعُهُمْ كَمَا قَطَعُونِي؟ قَالَ إِذًا يَرْفُضُكُمُ اللهُ جَمِيعًا، وَإِنْ أَنْتَ وَصَلْتَ وَقَطَعُوكَ كَانَ مَعَكَ مِنَ اللهِ ظَهِيرٌ عَلَيْهِمْ  

Мужаммиъ ибн Яҳё бир кишидан ривоят қилади:
«Бир одам: «Эй Аллоҳнинг Расули,  қариндошларим менга қарамай қўйишди ва алоқаларини узишди. Мен ҳам улар қарамай қўйганлари каби қарамай қўяйми ва алоқаларни узганлари каби алоқаларимни узиб қўяйми?» деди.
«Агар шундай қилсанг, Аллоҳ барчангиздан юз ўгиради. Агар сен алоқани давом эттираверсанг ва улар узса, уларнинг зиддига сен билан бирга Аллоҳдан бир ёрдамчи бўлади», дедилар».
Шарҳ:
Қариндошлар сенга ёмонлик қилишибди, сендан юз ўгиришибди, алоқани узишибди. Лекин сен алоқани яхшилайвер. Шундай қилсанг, сен билан бирга уларнинг зиддига Аллоҳ таоло тарафидан бир ёрдамчи бўлади.
Силаи раҳм одатдаги кечиримлилик тушунчасидан ҳам анча кенг маънони ифодалайди. Халқимизда «Отангни ўлдирганга онангни бер» деган машҳур гап бор. Бу дегани, сенга ҳар қандай ёмонлик қилган одамни ҳам кечириб, у билан яхши муомала қилавер, деганидир. Лекин силаи раҳм бундан ҳам кенгроқ маънони англатади.
Силаи раҳм фарз амалдир. Сенга нисбатан зулм қилган ёки ҳаттоки Аллоҳ таолога очиқдан-очиқ осийлик қилган қариндошингнинг ҳам сенда қариндошлик ҳаққи бор. Бу ҳақни унга Аллоҳ таолонинг Ўзи берган ва сендан бу ҳақни адо этишингни талаб қилган. Шунинг учун унинг гуноҳига рози бўлмасанг ҳам, зулмини кечирмасанг ҳам, унга нисбатан силаи раҳм қилишга, яъни қариндошлик ҳаққини адо этишга мажбурсан. Агар шундай қилмасанг, сен ундан ҳам кўпроқ гуноҳкор ҳисобланасан ва Аллоҳ таолонинг раҳматидан бенасиб қоласан.
Демак, «Қариндошим аразлади-ю, мен аразламайманми», демаслик керак. «Улар бизга ёмонлик қилишса, нега энди биз яхшилик қилишимиз керак экан», демаслик керак.
«Улар ёмонлик қилишса – ўзларига, лекин мен динимизнинг буйруғи бўйича яхшилик қилишга буюрилганман, улар ёмонлик қилишса ҳам, мен яхшилик қилавераман, улар алоқани узишса ҳам, мен узмайман», деган маънода ҳаракатда бўлиш лозим.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Оддий одам ҳаётида муаммо пайдо бўлганда олим кишидан сўраб иш тутиши кераклиги.
2. Қариндошига аччиқ қилиб, икки тараф гаплашмай қўйса ёки алоқаларини узса, Аллоҳ таоло барчаларидан юз ўгириши.
3. Ёмонлик қилган қариндошларга яхшилик қилган кишига уларга қарши Аллоҳ таолонинг ёрдами бўлиши. (“Яхшилик ва силаи раҳм” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat