- Ва алайкум ассалом! Соҳиби узр
Жароҳатининг қони ёки йиринги, аёл кишидаги истиҳоза ёки бурни қонаб қони, ёки сийдиги тўхтамай оқиб турадиган ёки ел келиши тўхтамайдиган, ёки яраси очилиб йиринг ёки қони оқиб турган намозхонларга агар мана шу ҳолат бир намознинг вақти кириб чиқиб кетгунича қилган таҳорати синиб қолаверадиган даражада бўлса (яъни таҳорат қилиб келиб намоз ўқимоқчи бўлса таҳорати синиб қолади. Яна қилиб келса яна синиб қолади, ёки қилмай турса ҳам шу ҳолат тўхтамаса бу каби кишиларга) енгиллик бўлиши учун ўша намозни ўқиб оладиган вақт қолганда қилган таҳорати билан таҳорат синиб турса ҳам ўша намозни ўқийди. Бундай кишиларни соҳиби узр дейилади.
Кейинги вақти кирган намоз учун бир таҳорат қилади ва хоҳлаганича намоз ўқий олади. Бунда аввалги таҳоратнинг синиш суврати бир марта топилиши кифоя қилади. Яна таҳоратни синдирадиган ҳолат такрорланишини кутиб ўтирмайди.
Кейинги (учинчи) намоз вақти кирганидан бошлаб охиригача ўша ҳолат топилмаса соҳиб узрлик ҳолатидан чиқади.
(Масалан пешин намози вақтида соҳиби узр бўлди. Намоз вақти тугагунича таҳоратли бўлиб намоз ўқишга фурсат бўлмади. Пешин намози ўқиш сиғадиган вақт қолганда таҳорат олиб намоз ўқийди. Аср намози вақтида ўша узри бир марта топилса бир таҳорат олиб намозини ўқийди. Шом вақти кирганидан тугагунича узри топилмаса охирида таҳорат қилиб намоз ўқийди. Шу билан у киши соҳиби узрликдан чиқади.)
Соҳиби узр кишилар намоз вақтидан олдин (аввалги намоз вақтида) таҳорат олсалар вақти кирган намоз учун бошқа таҳорат қиладилар. (Масалан пешин намози вақтида аср учун деб таҳорат олса аср намози вақти киргач бошқа таҳорат олади.
Соҳиби узрнинг таҳорати вақти кирган намоз учун олинади ва намоз вақтининг охиригача етади. Ўша намоз вақтининг охирида олса ҳам кейинги намоз учун яроқли ҳисобланмайди.
Бир намознинг вақтида олинган таҳорати ўша намознинг вақти чиқиши билан синиб қолаверади. Пешин намози бундан мустасно. Чунки фарз намознинг вақти бўлмаган вақтда масалан пешин намозидан олдин таҳорат олса бу таҳорат билан пешин намозини ўқиши мумкин. Чунки намоз вақтининг кириши соҳиби узрнинг таҳоратини синдирмайди. Лекин намоз вақтининг чиқиши синдиради.
Сийдиги тўхтамай оқиб турадиган кишилар кийимини пок тутиб туриши учун енгиллик бўлиши учун сийдик канали ичига пахта ёки бир марталик қоғоз (салфетка ёки ҳожат қоғозли ) сочиқдан керак миқдорини киргазиб олади. Ўша киргазиб олгани ўз жойида туриб сийдикни ташқарига чиқармай турса таҳорати ҳам синмай туради.
Рўза тутган кишилар ҳам бу имтиёздан фойдаланишлари мумкин. Валлоҳу аълам!