Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Оилали кишини намозининг савоби

12:30 / 28.06.2019 | Javohirxon | 2545
Ассалому алайкум! Телеграмдаги каналлардан бирида ўқидим. Унда уйлаган кишининг ўқиган бир ракат намози оила қурмаган кишининг 70 ракат намозидан афзал (Имоми Ғаззолий, “Уйланиш одоблари”) дейилибди. Шу гап тўғрими?

«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Баъзи улуғ кишилар “Никоҳ энг узун ибодатдир” – деганлар. Масалан намоз бир неча дақиқаларда ниҳоясига етади. Ҳаж беш кун, рўза эса бир ойда ниҳоясига етади. Аммо никоҳни ибодат ва Расулуллоҳнинг суннати деган ният билан амалга оширилса, бу никоҳ ибодат сифатида бир неча йилгача тўхтовсиз давом этади. Масалан инсон уйланганидан бошлаб йигирма йил умр кечирса йигирма йил, эллик йил умр кечирса эллик йил узлуксиз ибодат қилган бўлади. Шунинг учун ҳам никоҳни дунёдаги расмий бир одат демасдан уни муҳим ибодатлардан деб билиб шариъатга мувофиқ тарзда амалга ошириш лозим.
Никоҳ салафи солиҳларнинг назарида.
Саҳобаи киром, тобеъийн ва барча салафи солиҳлар никоҳланишга нафақат амал қилганлар балки унга тарғиб ҳам қилганлар. Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг Иҳёу Улумиддин китобида бир қанча саҳобаи киромларнинг сўзларини нақл қилганлар:

 قال عمر لأبي الزوائد: ما يمنعك من النكاح إلا عجز أو فجور  

1). Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
У зот Абу Завойид розияллоҳу анҳуга “Сени никоҳдан ожизлик ёки (фисқу) фужургина ман қилиши мумкин” – дедилар. (Ибн Абу Шайба ривояти).

قال ابن عباس رضي الله عنهما: لا يتم نسك الناسك حتى يتزوج 

2). Ибн Аббос розияллоҳу анҳу “(уйланишга қодир бўла туриб) Уйланмаганнинг ҳажи мукаммал ҳаж бўлмайди” – дедилар.
 Ушбу ҳадисда уйланмаган кишининг ҳажи мукаммал бўлмаслиги айтилмоқда. Бунинг сабаби уйланмаган шахс ибодатларни адо қилишда уйланган шахс каби қалби хотиржам бўлмас экан.
3). Абдуллоҳ Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу “Аллоҳ таолонинг ҳузурида оиласиз ҳолда турмаслигим учун ўн кунлик умрим қолган бўлса ҳам уйланар эдим” – деганлар.
4). Муоз ибн Жабалнинг икки аёли вабога чалиниб вафот этдилар. Ўзлари ҳам вабога чалиндилар. Шунда ҳам “Мени никоҳлаб қўйинглар. Чунки мен Аллоҳ таолога аёлимсиз рўбарў бўлишни ҳоҳламайман” деганлар. (Мусаннафи Аби Шайба).
5). Мўъминларнинг амири Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу “Мен фақат фарзанд талабидагина оила қурганман” – деганлар.
6). Ҳикоя қилинишича олдинги умматлар ичида замонаси аҳлидан ибодатда пешқадам бўлган бир киши бор эди. Ўша замон Пайғамбарига унинг гўзал ибодат қилиши зикр қилинди. Шунда Пайғамбар: “Суннатни тарк қилмаганда эди қандаям яхши киши бўлар эди” дедилар. Буни эшитгач обид қаттиқ ғамга ботди ва бу борада Пайғамбар алайҳиссаломдан сўради. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам “Сен уйланиш суннатини тарк қилгансан” дедилар. Обид: “Мен никоҳни ҳаром деб билмайман. Мен фақирман ва одамларга юкман” деди. Набий алайҳиссалом “Сенга ўз қизимни никоҳлаб бераман” деб никоҳлаб бердилар.
7). Бишр Ибн Хорис раҳматуллоҳи алайҳи “Аҳмад Ибн Ҳанбал уч жиҳатдан мендан устун бўлди. Биринчиси шуки у ўзи ва оиласи учун ҳалол касб қилди мен эса фақат ўзим учун ҳалол касб қилдим. Иккинчиси у никоҳни кенг олди мен эса  тор олдим (яъни у аёлларга уйланди мен эса уйланмадим). Учунчиси “У оммага Имом бўлди мен эса ёлғиз ибодатда бўлдим” –деганлар.
8). Нақл қилинишича Аҳмад Ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ Абдуллоҳ ўғлининг онаси вафот қилганда иккинчи куни уйланиб “Мен сўққабош бўлиб тунашни ҳоҳламайман” – деганлар.
9). Бишр Ибн Ҳорисни вафотидан кейин яқинлари у зотни тушида кўриб “Аллоҳ сизга қандай муомала қилди” деб сўралди. Шунда у киши Аллоҳ таоло мени жаннатдаги мақомимни баланд қилди. Шу даражадаки пастдан Анбиё алайҳимуссаломларнинг мақомларини кўриб тураман. Лекин шунда ҳам оила қурганлар мақомига эриша олмадим” дедилар.
10). Айни шу Бишр Ибн Ҳорисдан тушда Абу Наср Таммор ҳақида сўралганда у киши мендан етмиш даража юқоридалар деди. Одамлар : “Дунёда биз сизни у кишидан мартабаси улуғ деб билар эдик” дедилар. Шунда Бишр “Бу мақомни унга бола чақаси кўплиги ва уларнинг ғамига сабр қилгани учун берилди” деди.
11). Улуғларимиз “Уйланганнинг уйланмаганга нисбатан мисоли Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятида зикр қилинган ўтириб қолганларга нисбатан мужоҳидларнинг мисоли кабидир деганлар.

فَضَّلَ اللّهُ الْمُجَاهِدِينَ بِأَمْوَالِهِمْ وَأَنفُسِهِمْ عَلَى الْقَاعِدِينَ دَرَجَةً 

Аллоҳ моллари ва жонлари билан жиҳод қилувчиларнинг даражасини ўтириб олувчилардан афзал қилди. (Нисо 95-оят).
Оила қурганларнинг оила қурмаганларга нисбатан фазилати мужоҳиднинг қўидга бўлган фазли кабидир. Оила қурганларнинг бир ракат ўқиган намози оила қурмаганларнинг етмиш ракат намозидан афзалдир. (Иҳёу Улумуддин).
Гап шундаки динимиз раҳбонийликка, алоҳида ҳаёт кечиришга тоғу ғорларга чиқиб олиб ибодат қилишга буюрмайди. Балки суннатга амал қилиб оила қуришга ва фарзандлар орттириб уларни ва қариндошларни ҳақларини адо қилишга ҳамда озорларига сабр қилиб уларга гўзал муомала қилишга буюради. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat