Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ҳикматлар деганда нимани тушуниш керак?

00:00 / 27.10.2007 | eski savollar | 2250
Ассалому алайкум шайх ҳазратлари!Ҳикматлар деганда нимани тушуниш керак? Бу ҳақида Қуръон ва ҳадисларда нималар дейилган?Жавобингиз учун Аллоҳ сиздан рози бўлсин!

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

«Ҳикмат» сўзи луғатда «ман қилиш», ман қилганда ҳам ислоҳ учун ман қилишни англатади. Ҳукм сўзи ҳам шу ўзакдан олинган бўлиб зулмдан ман қилишни билдиради.Араблар юганнинг сулувини ҳам ҳайвонни эгаси истамайдиган нарсадан ман қилишда ишлатилиши учун ҳакама дейдилар.Ҳикмат ҳам жаҳолатдан ман қилгани учун шу ном билан аталган.Уламолар ҳикматни қуйидагича таърифлайдилар:Имом Ғаззолий: «Ҳикмат афзал нарсалар ҳақида афзал илмлар ила маърифат ҳосил қилишдан иборатдир», деганлар.Кафавий: «Ҳикмат инсон нафсининг назарий илмларни иқтибос қилишга ва тоқатига яраша фозил амалларни бажаришга тўлиқ малака касб қилишга ишлатишдир», деган.Муфассирлар: «Ҳикмат ҳақни ҳақлиги учун билиш ва шаръий таклифлардан иборат яхшиликни унга амал қилиш учун билишдир», деганлар.Аҳли сулук: «Ҳикмат нафснинг офатлари, шайтон ва риёзатлар ҳақидаги маърифатдир», деганлар.Улар яна: «Ҳикмат ақлий-амалий қувватнинг маккорлик ва аҳмоқлик орасидаги ўртача ҳайъатидир. Бу маънода ҳикмат жаврнинг акси бўлган адолатдир», деганлар.Қуръони Каримда ҳикмат бир қанча маъноларда келган.Аллоҳ таоло бешта оятда Қуръонни ҳакийм сифати ила васф қилган.Аллоҳ таоло «Юнус» сурасида: «Алиф. Лом. Ро. Булар, ҳикматли китобнинг оятларидир», деган (1 - оят).Қуръон Аллоҳ таолонинг ҳикмат тўла китобидир. Унинг ҳар бир сўзи, ҳар бир ояти чексиз ҳикматдан иборатдир. Ундан бошқа китобда, бунчалик ҳикматни қидирган одам адашади.Аллоҳ таоло «Луқмон» сурасида: «Алиф. Лам. Мийм. Ушбулар ҳикматли Китоб оятларидир», деган (1 – 2 - оятлар).Сизга тиловат қилнаётган ушбу оятлар ҳикматли Китоб бўлмиш Қуръони Каримнинг оятларидир.Ушбу оятда Аллоҳнинг абадий мўъжизаси бўлмиш Қуръони Карим «ҳикматли» деган сифат билан васф қилинмоқда. Дарҳақиқат, у бошидан охиригача пурҳикматдир. Ким Қуръонга мурожаат қилса, ҳикмат топади ва улардан баҳраманд бўлади. Ким Қуръони Каримдан бебаҳра бўлса, улкан ҳикматдан бебаҳра қолади. Сурани Қуръони Каримнинг ҳикматли эканини васф қилиб бошлашнинг ҳам ўзига яраша ҳикмати бор. Унда Луқмони ҳакимнинг зикри келади. Умуман, суранинг бошидан охиригача ҳикматга алоҳида эътибор берилади. Аллоҳ таоло «Ясийн» сурасида: «Ясийн. Қуръони Ҳаким ила қасам», деган (1 – 2 - оятлар).Ҳикматли Қуръон билан қасам. Аллоҳ таоло бирор нарса билан қасам ичса, ўша нарсани улуғлаганига далолат қилади. Ўша нарсага эътибор жалб қилиниши лозим. Аллоҳ таоло Қуръони Карим билан, унинг ҳакимлик сифати билан қасам ичиши бежиз эмас. Аввало, Қуръоннинг ҳикматли экани таъкидланмоқда. У тўлалигича ҳикматдир. Унинг оятлари ҳикматдир. Унинг қиссалари ҳикматдир. Унинг ҳукмлари ҳикматлидир. Уни ўқиган одам ҳикмат топади. Унга амал қилган одам ҳикматли иш қилган бўлади.Ҳикмат суннат маъносида келган оятлардан намуналар.Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида:«Шунингдек, ичингизга ўзингиздан, сизларга оятларимизни тиловат қиладиган, сизларни поклайдиган, сизларга китобни, ҳикматни ва билмайдиган нарсаларингизни ўргатадиган Пайғамбар юбордик», деган (151 - оят). Ояти каримада: «Шунингдек, ичингизга ўзингиздан... Пайғамбар юбордик», дейилиши мусулмон уммати учун катта бахт ҳисобланади. Оятдаги васф шундайки, худди Аллоҳ таоло мусулмонлар билан алоҳида қолиб, уларга ўзи берган неъматлар, фазлларни бирма-бир санаб бераётганга ўхшайди:Биринчидан, ўзингиздан танлаб Пайғамбар юбордим.Иккинчидан, у Пайғамбар сизларга оятларимни тиловат қилиб беради.Учинчидан, у сизларни поклайди. Аллоҳ ирода қилмаса, сизларни ким поклаши мумкин?!Тўртинчидан, у Пайғамбар сизларга китобни–Қуръонни ўргатади.Бешинчидан, суннатни - ҳикматни ўргатади.Олтинчидан, билмайдиган нарсаларингизни ўргатади.Мазкур ишларнинг барчаси Аллоҳнинг улуғ неъматларидир. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким бундай неъматларни ато эта олмайди.Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида:«Батаҳқиқ, Аллоҳ мўминларга ўзларидан Пайғамбар юбориб, неъмат берди. У уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб берадир, уларни поклайдир, китоб ва ҳикматни ўргатур. Гарчи олдин очиқ-ойдин адашувда бўлсалар ҳам», деган (164 - оят).Ушбу оят тушаётган пайтда мусулмонларнинг аксари ўқиш ва ёзишни билмас, саводсиз эди. Муҳаммад алайҳиссолату васаллам Пайғамбар бўлиб келганларидан сўнг уларга китобни – Қуръонни ва ҳикматни – суннатни ўргатдилар. Ҳикмат шариатлар баёни маъносида келган оятлардан намуналар.Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида:«Ва унга китобни, ҳикматни, Таврот ва Инжилни ўргатади», деган (48 - оят).Уламоларимиз бу ояти каримадаги «китоб» сўзи «ёзиш» ёки «илоҳий китоб», деган маънолардан бирини англатади, деганлар. Чунки араб тилида «китоб» моддаси ёзишни англатади. Умуман, китоблар ҳам ёзилган нарса бўлгани учун шу ном билан аталган. Бизнинг фикримизга кўра, мазкур икки маънодан бирини албатта олишимиз шарт эмас. Балки, иккисини ҳам оламиз, иккиси бир-бирини тўлдириб келади. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломга ҳам ёзишни, ҳам илоҳий китобни берган.Шу билан бирга, Аллоҳ Марямнинг бўлажак Масийҳ Ийсо ибн Марям деб номланган ўғлига ҳикмат, Таврот ва Инжилни ҳам ўргатиши хабар қилинмоқда.Ҳикмат кишидаги малака бўлиб, сўз ва амалнинг ҳаммасини ўз жойида, камчиликсиз адо этишни билдиради. Айни чоғда, Пайғамбарларнинг шариатларни баён қилиб беришларига ҳам ҳикмат дейилади.Таврот Мусо алайҳиссаломга туширилган илоҳий китобдир. Айни вақтда Ийсо алайҳиссаломга ҳам китоб бўлишини Аллоҳнинг Ўзи айтиб турибди. Таврот Ийсо алайҳиссаломга келган диннинг асосини ташкил этади. Инжил эса, Тавротни тўлдириб келган.Ҳикмат нубувват маъносида келган оятлардан намуналар.Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида:«Бас, Аллоҳнинг изни билан уларни енгдилар ва Довуд Жолутни қатл этди. Сўнгра Аллоҳ унга подшоҳлик ва ҳикматни берди ва хоҳлаган нарсасини ўргатди. Агар Аллоҳнинг баъзи(одам)ларни баъзиларига дафъ қилиш бўлмаса эди, ер юзи бузиларди. Лекин Аллоҳ оламлар устидан фазл эгасидир», деган (251 - оят).Довуд алайҳиссалом Аллоҳнинг инояти билан Толутдан кейин Бани Исроилга подшоҳ бўлди. Унинг подшоҳлик даври олтин давр бўлди. Аллоҳ таоло унга подшоҳликка қўшиб ҳикматни, яъни Пайғамбарликни ҳам берди. Шу билан бирга, унга уруш асбобларини ясашни ҳам ўргатди.Аллоҳ таоло «Зухруф» сурасида:«Ийсо очиқ-ойдин ҳужжат-мўъжизалар билан келган чоғида: «Батаҳқиқ, мен сизга ҳикматни келтирдим ва баъзи сиз ихтилоф қилаётган нарсаларни баён қилиш учун келдим. Бас, Аллоҳга тақво ва менга итоат қилинглар.Албатта, Аллоҳ менинг ҳам Роббим, сизнинг ҳам Роббингиздир. Бас, Унга ибодат қилинг. Мана шу тўғри йўлдир», деди», деган (63 – 64 – оятлар).Ийсо алайҳиссалом қавмларига Аллоҳнинг ваҳдонияти ва ўзларининг ҳақ Пайғамбар эканликларига далолат қилувчи очиқ-ойдин оятлар, гап-сўзлар ва мўъжизалар билан келдилар. У зот ўз қавмларига ўша пайт:«Батаҳқиқ, мен сизга ҳикматни келтирдим...» дедилар. Ҳикмат улуғ неъматдир. Ҳикмат Пайғамбарликдир.Ҳикмат тўғри иш қилиш маъносида келган оятлардан намуналар.Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «У кимни хоҳласа, ўшанга ҳикматни берар. Кимга ҳикмат берилса, унга кўп яхшилик берилган бўлар. Фақат ақл эгаларигина эсларлар», деган (269 - оят).Ҳикмат билан тасарруф қилган инсон ҳар бир нарсани ўз ўрнига қўйиб, қойиллатиб қилади. Садақада ҳам ҳаддидан ошмай, адолат билан иш юритади. Умуман, ҳикматли бўлиш инсонга жуда кўп яхшилик келтиради. Бу ҳақиқатни ақл эгаларигина тушуниб етадилар.Ҳикмат мулойим муомала маъносида келган оятлардан намуна.Аллоҳ таоло «Наҳл» сурасида:«Роббингнинг йўлига ҳикмат ва яхши мавъиза ила даъват қил. Ва улар ила гўзал услубда мунозара қил. Албатта, Роббинг Ўз йўлидан адашганларни ўта билгувчи ва ҳидоят топгувчиларни ҳам ўта билгувчидир», деган (125 -оят).Ушбу оятда Аллоҳ таоло даъват ҳикмат билан амалга оширилиши кераклигини ҳам таъкидламоқда. Даъват қилинаётганларнинг ижтимоий, маданий савияси ва бошқа омилларни эътиборга олиб, мулойимлик ва оғир келмайдиган йўсинда ҳаракат қилиш лозим.Суннатда ҳикматАбу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳикматли калима мўминнинг йўқотган нарсаси, уни қаерда топса, у ҳақлироқдир», дедилар». Бошқа бир ривоятда: «Ким илм талаб қилса, ўтган нарсаларга каффорат бўлур», дейилган.Термизий ривоят қилган.Ҳадиси шарифдаги «ҳикматли калима»дан мурод-фойдали илмдир. Ҳикматнинг илм экани ҳаммага маълум. Ҳикмат бир калима бўлса ҳам, мўмин киши уни олишга уруниши лозим.«Ҳикматли калима мўминнинг йўқотган нарсаси». Яъни, фойдали илм бир калима бўлса ҳам мўмин уни худди йўқотиб қўйган нарсасини излаб юргандек излаб юриши керак.«...уни қаерда топса, у ҳақлироқдир».Яъни, мўмин киши бир калима бўлса ҳам, қаердан топишидан қатъий назар илмни олиши зарур.Ушбу ҳадиси шарифда мўмин инсон илмга доимо талабгор бўлиши, қаердан топса ҳам уни олишга ҳаракат қилиши лозимлиги баён қилинмоқда. Шунинг учун ҳам, уламоларимиз ақийда ва дин илмларидан бошқа илмларни ғайридинлардан ҳам олиш мумкинлигини таъкидлайдилар. Мусулмон инсон ўз ақийдасини ва динини маҳкам тутган ҳолида ўзи учун, жамият ва эл-юрти учун фойдали илмларни ғайридин кишилардан, ғайридин юртларда ҳам олиши мумкин. Илмни қаердан олишнинг фарқи йўқ. Албатта, мусулмон юртида, мусулмон шахсларда бор илмларни улардан олиш керак. Аммо мусулмонлар учун, эл-юрт учун керакли илмни ғайридиндан олмайман, деб юриш мутлақо нотўғри эканини ушбу ҳадиси шарифдан билиб оламиз.Молик ибн Соъсоъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:«Мен байтнинг олдида уйқу билан уйғоқлик орасида, икки кишининг ўртасида эдим. Менга бир жом келтирилди. У ҳикмат ва иймонга тўла эди. Сўнгра томоқнинг пастидан қориннинг пастигача ёрилди. Кейин қорин Замзам суви ила ювилди ва ҳикмату иймонга тўлдирилди».Бухорий ва Муслим Иймонда ривоят қилган.Убай ибн Каъб розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Албатта, ҳикматли шеър ҳам бор», дедилар».Бухорий, Абу Довуд ваТермизий ривоят қилган.Ибн Аббос розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб каломмисан каломни гапирди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Албатта, баённинг сеҳирлиси бор ва албатта, шеърнинг ҳикматлиси бор», дедилар».Бурайда розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Албатта, баёндан сеҳрлиси бор. Албатта, илмдан жаҳолати бор. Албатта, шеърдан ҳикматлиси бор. Албатта, гапдан оғири бор», дедилар».Соъсоъа айтади: «Албатта, баёндан сеҳирлиси бор», деганлари бировнинг бошқадан қарзи бор. У ҳақ эгасидан кўра гапга чечанроқ. Бас, қавмни ўз баёни ила сеҳрлаб ҳақни олиб кетади. «Албатта, илмдан жаҳолати бор», деганлари олим одам ўз илмига лойиқ бўлмаган нарсани юклайди ва ўша нарса уни жоҳил қилиб қўяди. «Албатта, шеърдан ҳикматлиси бор», деганлари мавъиза ва одамларга ўрнак бўладиган насиҳатлар бор деганларидир. «Албатта, гапдан оғири бор», деганлари гапингни уқмайдиганларга ёки хоҳламайдиганларга гапиришингдир».Иккисини Абу Довуд ривоят қилган.Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Қоқилмагунча ҳалийм бўлмас. Тажриба кўрмагунча ҳакийм бўлмас», k

Топ рейтинг www.uz Openstat