Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Йўймачи ҳақида ҳадис борми

19:20 / 06.02.2020 | Рано | 1550

Ассалому алайкум! Қўшнимиздан бир гап эшитиб қолдим. Ҳадис қилиб айтишича "пайғамбаримиз бошлари қаттиқ оғриганида Аллоҳдан нажод сўраб ётганлар экан. Шунда Аллоҳ бор бир аёл бор йўймачи, у сени дардинга даво беради десалар, росулимиз Сендан бошқа кимсага ишонмайман деган эканлар. Шунда Аллоҳ таоло сенинг дардингни ўша аёл қўли билан оламан" деган мазмунда эмиш. У ҳадисда ёзилган эканмуш, ишонгим келмай сизларга мурожат қилдим. Агар ҳадисда бўлса тўлиқ мазмунини ёритиб берсангизлар.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Ҳозир ҳамма соҳа мутахассисларидан баъзилари ўзларини ишонтириш ва мусулмонларни ўзларига жалб қилиш мақсадида оят ҳам ҳадис ҳам тўқиб ташлашмоқда. Бу ҳам ўша тўқималардан бири. 

عَنْ عَبْد ِاللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: بَلِّغُوا عَنِّي وَلَوْ آيَةً، وَحَدِّثُوا عَنْ بَنِي إِسْرَائِيلَ وَلَا حَرَجَ، وَمَنْ كَذَبَ عَلَيَّ مُتَعَمِّدًا فَلْيَتَبَوَّأْ مَقْعَدَهُ مِنَ النَّارِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ  

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мендан бир оят бўлса ҳам етказинглар. Бани Исроил ҳақида гапиринглар, танглик йўқ. Ким менга қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдаги ўриндиғига жойлашаверсин», дедилар».
Бухорий ва Термизий ривоят ривоят қилганлар.
Шарҳ: 1.«Мендан бир оят бўлса ҳам етказинглар».
Яъни, менинг билганим оз нарса, фақат биргина оят, деб ўтирманглар. Ўшани бўлса ҳам одамларга етказинглар, демоқдалар.
2.«Бани Исроил ҳақида гапиринглар, танглик йўқ».
Бу иш рухсат берилган доирада бўлиши кераклигини уламоларимиз таъкидлаганлар. Чунки бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аҳли китобларни тасдиқламанглар ҳам, ёлғончи ҳам қилманглар. Аллоҳга ва У зотдан ўзимизга нозил қилинган нарсага иймон келтирдик, денглар», деганлар.
Шунинг учун уларнинг шариатимизга мувофиқ нарсаларини тасдиқлаймиз, шариатимизга номувофиқларини ёлғон, деймиз.
3.«Ким менга қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдаги ўриндиғига жойлашаверсин».
Билиб туриб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтмаган нарсани у зотдан, деб гапириш шунчалар ёмон нарсаки, ким шу ишни қилса, дўзахий бўлиши турган гап.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Оз бўлса ҳам, ўзи билган илмни ўзгаларга етказиш зарурлиги.
2. Бани Исроил ҳақида шариатимиз изн берган маънода гапириш жоизлиги.
3. Ким Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқиса, дўзахий бўлиши.
Ушбу ҳадиси шарифни ҳаётимизга татбиқ қилишга жуда муҳтожмиз. Билган нарсаларимизни оз-оздан бўлса ҳам, ўз биродарларимизга ўргатишимиз зарур. Қанчадан-қанча кишилар калимаи шаҳодатни ўрганишга муҳтожлар. Уларга бу нарсани билганлар ўргатмаса, ким ўргатади?
Қанчадан-қанча кишилар ақалли бир оятни ҳам, Қуръондаги кичик сураларни ҳам билмайдилар. Уларга ҳам билганлар ўргатмай, ким ўргатади?! Таҳорат, ғусл, намоз, жаноза ва бошқа кўплаб шаръий аҳкомларни билмайдиганларимиз кўп. Буларнинг ҳаммасини уларга биладиганлар ўргатиши лозим. Баъзи нарсаларни билганлар ундан ҳам кўра кўпроқ нарсаларни билишга интилишлари, ўзларидан кўпроқ биладиганлардан ўрганишлари лозим бўлади ва ҳоказо.
«Бани Исроил» ва бошқа аҳли китоблар ҳақида ҳам билганлар билмаганларга гапириб, шариатимизнинг уларга бўлган муносабатларини тушунтириб беришлари лозим. Чунки билимсизлик оқибатида улар билан нотўғри муносабат ва алоқалар вужудга келмоқда. Кишиларимиз адашиб, катта хатоларга йўл қўймоқдалар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқилишининг ҳам олдини олиш лозим. Билиб-билмай, турли гапларни ҳадис деб айтиш катта гуноҳдир. Бу ўша одамнинг дўзахга киришига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳақийқий эканлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилмасдан туриб, ҳадис айтиш яхши эмас. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat