Ассалому алайкум! Абу Ҳурайра р.а дан ривоят қилинган. Росулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам ҳар куни тонгда икки фаришта ер юзига тушади. Уларни бири Аллоҳим бугун ҳайр эҳсон қилган бандангни эҳсонони ўрнини ўзинг тўлдиргин дея дуойи ҳайр қилади. Иккинчи фаришта бугун баҳиллик қилган банданга талофат бер деб дуойибат қилади. Шу маънодаги ҳадис борми?
– Ва алайкум ассалом! Бор.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ صَلَّى عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَا مِنْ يَوْمٍ يُصْبِحُ الْعِبَادُ فِيهِ إِلَّا مَلَكَانِ يَنْزِلَانِ، فَيَقُولُ أَحَدُهُمَا: اللَّهُمَّ أَعْطِ مُنْفِقًا خَلَفًا، وَيَقُولُ الْآخَرُ: اللَّهُمَّ أَعْطِ مُمْسِكًا تَلَفًا. رَوَاهُمَا الشَّيْخَانِ وَالنَّسَائِيُّ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бандалар тонг оттирган ҳар бир кунда албатта, икки фаришта нозил бўлади. Улардан бири:
«Аллоҳим! Инфоқ қилувчига эваз бергин», дейди.
Иккинчиси эса:
«Аллоҳим! Зиқнага йўқотиш бергин», дейди», дедилар».
Иккисини икки Шайх ва Насаий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ҳар куни эрталаб ер юзига иккита фаришта маълум вазифа билан тушар экан. Улардан бирининг вазифаси молу дунёсини инфоқ қилувчи кишига ўша моли ўрнига ундан кўра яхшироқ эваз сўраб, нидо (дуо) қилиш экан. Иккинчи фариштанинг вазифаси эса зиқна, хасиснинг моли талофатга учрашини тилаб, дуо қилиб туриш экан.
Албатта, фаришталарнинг дуоси мақбулдир. Шунинг учун ҳеч қачон мумсик бўлмаслик керак. Доимо молни Аллоҳ кўрсатган жойларга инфоқ қилишга, шу жумладан, закотни ҳам ўз ўрнига адо этишга ҳаракат қилиш лозим. Уни Аллоҳнинг йўлида етказиш пайидан бўлиш керак. Зеро, Аллоҳнинг йўлида сарфланган мол ҳеч қачон зое кетмайди. Аксинча, инфоқ қилинган, закоти чиқарилган молга барака киради. Фаришталарнинг дуоси ила кетган молнинг ўрнига ундан кўпроқ ва яхшироғи келади. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!