Заиф ҳадисни ривоят қилиш ҳукми. Ҳадис аҳли бўлган уламоларнинг ва бошқа уламоларнинг наздида заиф ҳадисларни ривоят қилиш жоиздир. Уларнинг санадида бир енгил тарафини заифлигини баён қилмасдан олса, бўлаверади. Заиф ҳадисни ривоят қилишда иккита шарт бор: А). Заиф ҳадис ақидавий масалаларга боғлиқ бўлмасин. Б). Заиф ҳадис шаръий аҳкомларга, хусусан, ҳалол, ҳаромга боғлиқ масалаларни баён қилувчи ҳадис бўлмасин. Заиф ҳадисларни ривоят қилиш ваъз - насийхат, тарғибот, қўрқитиш, қисса айтиш бобида ва шунга ўхшаган нарсаларда бўлса, жоиздир.Заиф ҳадисларни енгил олиб, ривоят қилган кишиларни ичида Суфёни Саврий, Абдурроҳман ибн Маҳдий, Аҳмад ибн Ҳанбаллар борлигини уламолар таъкидлашади. Эслаб қолиш керак бўлган нарсалардан бири шуки, агар ҳадиснинг санадини зикр қилинмасдан ривоят қилинаётган бўлса, Расулуллоҳ айтдилар, ундоқ дедилар, бундоқ дедилар, деб бўлмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган экан, бизга етиб келган экан, деб Расулуллоҳга аниқ етиб борганини ифода қилмайдиган сўзлар билан айтиш керак. Бу каби ҳадисларни жазм билан, ривоят қилиб бўлмайди. Чунки, унинг заифлиги маълум бўлган.