Ассалому алайкум! Бир домланинг ижтимоий тармоқлардаги марузасида, "хамма албатта дўзахга тушади. кейин жаннатга киради, савоби гунохидан кўп бўлса хам" қабилидаги гаплари тўғрими?
– Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло "Марям" сурасида марҳамат қилади:
وَإِن مِّنكُمْ إِلَّا وَارِدُهَا كَانَ عَلَى رَبِّكَ حَتْمًا مَّقْضِيًّا
71. Сиздан унга яқинлашувчи бўлмаган ҳеч ким йўқ. Бу Роббинг ҳузуридаги кескин ҳукмдир.
Ушбу ояти кариманинг маъноси хусусида уламоларимиз икки хил фикр билдирганлар. Бу хилма-хилликка оятдаги биз «яқинлашувчи» деб таржима қилган «ворид» сўзи сабаб бўлган. Бу сўзнинг маъноси жумладаги ўрни ва бошқа сўзларнинг жойлашишига қараб, ўзгариши мумкин. Аслида, «варада» феъли сув бор жойга яқинлашиб, сув олишга айтилади. Бошқа жойга нисбатан ишлатилса, «кирди» деган маънони англатиши ҳам мумкин. «Кирди» маъносига иқрор бўлган уламоларимиз ушбу оятга «Сиздан унга кирувчи бўлмаган ҳеч ким йўқ», деган маънони берадилар. Яъни «Сиздан у жаҳаннамга кирмаган ҳеч ким қолмайди. Ҳаммангиз кирасиз». Шунга биноан, бу гуруҳдаги уламоларимиз: «Мўминдир, кофирдир, ҳар бир инсоннинг жаҳаннамга бир кириши бор», – дейдилар. Мўмин кириб, зарар тортмай, ўтиб кетади. Кофир кириб, азоб тортиб, қолиб кетади.
Иккинчи гуруҳ уламоларимиз эса: «Варада»га ўзининг асл «яқинлашди» маъносини беришимиз керак, оят таркибида «ворида» бўлиб келгани билан, унга «кирувчи» маъносини беришга ҳеч бир далил йўқ, – дейдилар. Шунингдек: – Аллоҳ таоло «Анбиё» сурасида мўминлар ҳақида: «...ана ўшалар ундан (жаҳаннамдан) узоқлаштирилгандирлар. Улар унинг чисирлашини (овозини ҳам) эшитмаслар...» деган, шунинг учун ҳам бу оятга «Сиздан унга яқинлашувчи бўлмаган ҳеч ким йўқ», деб маъно берсак, аслига мувофиқ бўлади», – дейдилар. Бинобарин, мўминлар жаҳаннамга, хусусан, сиротдан ўтаётганларида яқинлашадилар, бироқ тушмай, ўтиб кетадилар. Кофирлар эса яқинлашиб, жаҳаннам атрофида тиз чўкиб ўтирадилар ва аввалда айтилганидек, гуноҳларига мос равишда кетма-кет дўзахга ташланадилар. Биз ҳам шу фикрни манзур тутдик. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!