Ассалому алайкум! Хурматли Илим Ахли. Мен бермокчи булган саволим ихтилоф туфайли. Ҳазрати Оиша р.а Пайғамбаримиз с.а.в дан сўрадилар: -"Эй Аллоҳнинг Расули, мени севасизми?" -"Ха Оиша, севаман!" -"Мени қанчалик севасиз? "Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бердилар: -"Илк кунги каби, илк кўрганим каби севаман"... Бу жавобдан Ҳазрати Оиша р.а онамиз жуда хурсанд бўлиб кетдилар... Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар:" Пайғамбаримиз билан бирга ўтирган эдик, бирдан шовқин овозларини эшитиб. Улар қарадилар, бир хабаший томоша кўрсатаётган эди, одамлар атрофини ўраб олгандилар. Менга: " Оиша кел, қара" дедилар. Оёғимни қўллари орасига қўйдим ва томоша қилишни бошладим. Бироздан сўнг, "Тўймадингми Оиша?" дедилар... Мен хам менга бўлган хурматларини кўришучун "йўқ" деявердим.. Чарчаганларидан оёқларини қимирлатаётганларини хам билдирмасдилар". Бухорий ривояти. Шу ҳадисдаги севаман лафзи қанчалар тўғри? Умуман шу ҳадисни тўлиқ матни қандай?
– Ва алайкум ассалом! "Саҳиҳул Бухорий" китобида бу ҳадис қуйидагича келган.
МАСЖИДДАГИ НАЙЗАБОЗЛАР ҲАҚИДА
حَدَّثَنَا عَبْدُ الْعَزِيزِ بْنُ عَبْدِ اللهِ قَالَ: حَدَّثَنَا إِبْرَاهِيمُ بْنُ سَعْدٍ، عَنْ صَالِحٍ، عَنِ ابْنِ شِهَابٍ قَالَ: أَخْبَرَنِي عُرْوَةُ بْنُ الزُّبَيْرِ: أَنَّ عَائِشَةَ قَالَتْ: لَقَدْ رَأَيْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَوْمًا عَلَى بَابِ حُجْرَتِي، وَالْحَبَشَةُ يَلْعَبُونَ فِي الْمَسْجِدِ، وَرَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَسْتُرُنِي بِرِدَائِهِ، أَنْظُرُ إِلَى لَعِبِهِمْ
Оиша розияллоҳу анҳо айтади:
«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳужрамнинг эшиги олдида турган эдилар, масжидда эса ҳабашлар ўйин қилишаётган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени ридолари билан тўсиб турар, мен уларнинг ўйинларини томоша қилар эдим».
زَادَ إِبْرَاهِيمُ بْنُ الْمُنْذِرِ: حَدَّثَنَا ابْنُ وَهْبٍ، أَخْبَرَنِي يُونُسُ، عَنِ ابْنِ شِهَابٍ، عَنْ عُرْوَةَ، عَنْ عَائِشَةَ قَالَتْ: رَأَيْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَالْحَبَشَةُ يَلْعَبُونَ بِحِرَابِهِمْ
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим. Ҳабашлар найзалари билан ўйин қилишаётган эди...»
Изоҳ: Бу ерда юқоридаги ҳадис бошқа бир ровий тарафидан «найзалари билан» деган қўшимчаси билан ривоят қилинган. (“Олтин силсила” китобидан "Саҳиҳул Бухорий"). Валлоҳу аълам!