Ассалому алайкум!ЖАННАТ ЧОДИРЛАРИ, БОЗОРЛАРИ, ЖАННАТИЙЛАРНИНГ ДУНЁДА ҚИЛГАН ИШЛАРИ ВА ИБОДАТЛАРИНИ ЭСЛАШЛАРИ Абу Мусо Ашъарийдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Жаннатда яхлит дурдан ўйиб ясалган чодир бор, кенглиги олтмиш мил. Ҳар бурчагида мўмин учун аҳллар бор. Улар бир-бирларини кўрмайдилар. Мўмин уларни айланиб юради" (Муслим ривояти). Саид ибн Мусаййабга бир куни Абу Ҳурайра: "Аллоҳдан сен билан мени жаннат бозорида жамланишини сўрайман", дедилар. Саид: "Жаннатда бозор борми?" деб сўради. Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу: "Ҳа", деб ушбулари айтиб бердилар: "Фаришталар ўраб турган бозорга келасан. Унда кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган, хаёлга келмаган нарсалар бор. Хоҳлаганимиз берилади, сотилмайди ҳам, сотиб олинмайди ҳам. Ва мана шу бозорда жаннат аҳллари бир- бирларига йўлиқадилар. Юқори манзил эгалари қуйирокдагилар билан учрашадилар — ваҳоланки, у ерда паст даражанинг ўзи йўқ унинг устидаги кийимига қуйироқдагининг ҳаваси келади. У ҳам гапини тугатмасданоқ ундан чиройлироғи унда гавдаланади. Чунки бирор кимсада жаннатда хафалик бўлмайди" (Термизий ривояти). Бу ҳадисни Абу Ҳурайрадан мукаммал тарзда Ибн Можа ҳам келтирган. Унда бундай дейилади: "Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар бердилар: "Жаннат аҳли жаннатга кирса, амалларига кўра манзил-даражаларини эгаллайди. Уларга дунёдаги жума куни миқдорича муҳлат берилади, бас, улар Аллоҳни кўради. Аллоҳ уларга Аршни ва жаннатнинг бир боғида жамолини кўрсатади. Улар учун нурдан, дурдан, ёқутдан, забаржаддан, олтин ва кумушдан бўлган минбарлар қўйилади. Уларнинг энг қуйи манзилдагиси — ваҳолангки, у ерда қуйи даражанинг ўзи йўқ — мушк ва кофурдан бўлган тепаликда ўтиради, улар минбарлардаги курси эгаларини ўзларидан афзал деб ўйламайдилар". Шунда мен: "Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Парвардигоримизни кўрамизми?" деб сўрадим. У зот: "Ҳа, ҳаво очиқ кунда қуёшни ва тўлин ойни кўришга бирор нарса сизларга тўсқинлик қиладими?" дедилар. "Йўқ", дейишди. "Худди шунингдек, Парвардигорингиз азза ва жаллани кўришда ҳам тўсиқ бўлмайди. У мажлисда Аллоҳ таоло хитоб қилмаган бирор кимса қолмайди. Ҳатто уларнинг ҳар бирига: "Эй фалончи, мана бундай, мана бундай қилган кунингни эслай оласанми?" деб дунёда қилган ишларини эслатади. У банда: "Эй Парвардигор, у ишимни кечирмаганмидинг?" дейди. Парвардигор: "Ҳа, кечирганман! Ўша мағфиратимнинг кенглиги сабабли сен шу манзйлда ўтирибсан", дейди", дедилар Набий алайҳиссалом". Парвардигор билан бандалар бир-бирларига мана шундай хитоб қилиб туришган чоғда, бандалар устини булут қоплайди ва хушбўй ёмғир ёғади, унинг бўйи бошқа бирор нарсада топилмайди. Сўнг Парвардигор уларга: "Сизларга сахийлик билан тайёрлаб қўйган нарсаларимга тўйинглар ва хоҳлаган нарсаларингизни олинглар", дейди. Сўнг манзилларига қайтишади ва уларни жуфтлари кутиб олишади. Улар: "Хуш келдингиз, марҳабо, кетаётганингизда бошқача эдингиз, қайтганингизда жамолингиз ва бўйларингиздан яна зиёда бўлибди", дейишади. Улар эса: "Бугун биз Парвардигоримиз билан ҳамсуҳбат бўлдик ва шу сабабли ҳам биз бундай кўринишда қайтишга ҳақлимиз", дейдилар". Али розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Жаннатда бир бозор бор, унда сотиш ҳам, сотиб олиш ҳам йўқ. У ерда аёл-эркакларнинг суврат-қиёфалари бўлади. Ким бир сувратга киришни хоҳласа, ўша қиёфага киради" (Термизий ривояти). Анас ибн Молик айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Жаннатда бозорлар бор, унда сотиш ҳам, сотиб олиш ҳам йўқ. Жаннат аҳли жаннат хурсандлигига муяссар бўлгач, тупроқлари мушк бўлган майин дурлар устида ястанган ҳолда ўтирадилар. Улар жаннатларда бир-бирлари билан дунёда қандай бўлганлари, Аллоҳга қандай ибодат қилганлари, қандай қилиб кечаларни бедор, кундузларни қоим ўтказганлари, дунёдаги фақирлик ва бойлик қандай экани, ўлим қандай кечгани ва шунча синовлардан кейин қандай қилиб жаннатга кирганларини эслашиб ўтиради".
– Ва алайкум ассалом! Ҳадис саҳиҳ. Имом Муслимнинг сунанларида келади.
عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِنَّ فِي الْجَنَّةِ لَسُوقًا، يَأْتُونَهَا كُلَّ جُمُعَةٍ، فَتَهُبُّ رِيحُ الشَّمَالِ فَتَحْثُو فِي وُجُوهِهِمْ وَثِيَابِهِمْ، فَيَزْدَادُونَ حُسْنًا وَجَمَالًا، فَيَرْجِعُونَ إِلَى أَهْلِيهِمْ وَقَدِ ازْدَادُوا حُسْنًا وَجَمَالًا، فَيَقُولُ لَهُمْ أَهْلُوهُمْ: وَاللهِ لَقَدِ ازْدَدْتُمْ بَعْدَنَا حُسْنًا وَجَمَالًا، فَيَقُولُونَ: وَأَنْتُمْ، وَاللهِ لَقَدِ ازْدَدْتُمْ بَعْدَنَا حُسْنًا وَجَمَالًا
Анас ибн Малик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Жаннатда бир бозор бор. Жаннатийлар у ерга ҳар жума келишади. Шимол тарафдан шамол эсиб, уларнинг юзлари ва кийимларини ҳилпиратади ва уларнинг ҳусну жамоллари зиёда бўлади. Сўнг улар ўз аҳлларига ўша ҳусну жамоллари зиёда бўлган ҳолларида қайтишади. Аҳллари уларга: «Аллоҳга қасамки, ҳусну жамолингиз янада зиёда бўлиб келибсиз», дейишади. Улар: «Аллоҳга қасамки, сизнинг ҳам ҳусну жамолингиз зиёда бўлиб кетибди», дейишади». ("Олтин силсила" китобидан "Саҳиҳул Муслим").
Қуйидаги линкда берилган мақолани ҳам ўқинг. Валлоҳу аълам!