Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Жаннат эшиклари очилур

17:07 / 26.05.2023 | Força Barsa | 530

Ассалому алайкум! Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга хутба қилиб: «Жоним қўлида бўлган зот билан қасамки» деб уч марта айтдилар. Кейин бошларини қуйи солиб туравердилар, туравердилар... Биздан ҳар бир киши йиғлар, у зотнинг нима учун қасам ичганларини билмас эди. Охири бошларини кўтардилар. Юзларида севинч аломати бор эди. Бу биз учун энг яхши неъматлардан ҳам маҳбуброқ эди. Сўнгра у зот: — Қайси бир банда беш вақт намозини ўқиса, рўзасини тутса, закотини чиқарса ва етти катта гуноҳдан четда бўлса, албатта, унинг учун жаннатнинг эшиклари очилур ва унга, салом ила кир, дейилур, – дедилар. Етти катта гунох кайси гунохлар


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! “Ҳадис ва Ҳаёт” китобида қуйидагича келади:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ وَعَنْ أَبِي سَعِيدٍ رَضِي اللهُ عَنْهُما قَالَا: خَطَبَنَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَوْمًا فَقَالَ: وَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ ثَلَاثَ مَرَّاتٍ، ثُمَّ أَكَبَّ، فَأَكَبَّ كُلُّ رَجُلٍ مِنَّا يَبْكِي لَا نَدْرِي عَلَى مَاذَا حَلَفَ، ثُمَّ رَفَعَ رَأْسَهُ، فِي وَجْهِهِ الْبُشْرَى، فَكَانَتْ أَحَبَّ إِلَيْنَا مِنْ حُمْرِ النَّعَمِ، ثُمَّ قَالَ: مَا مِنْ عَبْدٍ يُصَلِّي الصَّلَوَاتِ الْخَمْسَ، وَيَصُومُ رَمَضَانَ، وَيُخْرِجُ الزَّكَاةَ، وَيَجْتَنِبُ الْكَبَائِرَ السَّبْعَ إِلَّا فُتِّحَتْ لَهُ أَبْوَابُ الْجَنَّةِ، فَقِيلَ لَهُ: ادْخُلْ بِسَلَامٍ. رَوَاهُ النَّسَائِيُّ.

Абу Ҳурайра ва Абу Саъийд розияллоҳу анҳумлардан ривоят қилинади:
«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга хутба қилиб:
«Жоним қўлида бўлган Зот билан қасамки», деб уч марта айтдилар. Кейин бошларини қуйи солиб туравердилар, туравердилар...
Биздан ҳар бир киши йиғлар, у зотнинг нима учун қасам ичганларини билмас эдик. Охири бошларини кўтардилар. Юзларида севинч аломати бор эди. Бу биз учун қизил туялардан ҳам маҳбуброқ эди. Сўнгра:
«Қайси бир банда беш вақт намозини ўқиса, Рамазон (рўзаси)ни тутса, закотини чиқарса ва етти катта гуноҳдан четда бўлса, албатта, унинг учун жаннатнинг эшиклари очилур ва унга «Салом ила кир!» дейилур», дедилар».
Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уч марта қасам ичиб, бошларини эгиб, узоқ туриб қолишлари ваҳий тушганлиги муносабати биландир. Ўша ваҳийда мусулмонлар учун қувончли хабар келганлиги учун у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бошларини кўтарганларида юзларида севинч аломатлари балқиб турган эди. Саҳобаи киромлар у зот алайҳиссалом уч марта қасам ичиб қўйиб, узоқ вақт жим қолганларида бирор оғир нарса содир бўладимикан, деб қўрқиб, тинмай йиғлаб турганлар.
Ҳа, саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак оғизларидан чиқадиган ҳар бир сўзни ана шундай ҳассослик, ана шундай ҳаяжон, ана шундай эҳтирос ва зийраклик билан кутганлар. Чунки у зотнинг тилларидан айтиладиган ҳар бир сўз шариатнинг ҳукми, икки дунё саодатига бошловчи ҳидоят бўлган, икки дунёнинг ёмонлигидан огоҳ қилувчи манҳиёт (қайтариқлар) бўлиб келган.
Шунинг учун ҳам саҳобалар авлоди тарихдаги Исломни ўз ҳаётига тўлиқ татбиқ қилган саодатли авлод бўлиб қолди. Уларнинг ҳар бирлари ер юзида икки оёғи билан юрадиган тирик Қуръонга айланган эдилар.
Мусулмонларда мазкур сифатлар кучсизлана бориши билан Ислом дини ҳукмларига амал қилиш ҳам сусайиб борди. Бунинг натижаси ўлароқ, дунё ва охират ишларида муваффақият ўрнини муваффақиятсизликлар, зафар ўрнини мағлубиятлар ола бошлади.
Ҳозирги ҳаётимизда кўзланган натижага эришиш учун яна ўша илгариги вақтдаги каби шариатнинг ҳар бир ҳукмини тўлиқ қабул қилиб олиш, уни ҳаётга татбиқ қилиш керак бўлади. Бу қийин иш эмас. Инсоният тажрибасидан бир марта ўтган ишни қайта такрорлаш учун фақат масъулият ҳис этилиши, истак ва ҳаракат бўлиши лозим. Шариат аҳкомларини худди саҳобаи киромларга ўхшаб, ҳаётга сўзсиз жорий қилиш керак. Фақат гапириш, ёзиш ёки ўқиш билан кифояланиб қолмаслик керак.
Ушбу ривоят бунинг ёрқин далилидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошларини қуйи солиб, жим қолганларида саҳобаларнинг ҳаммалари йиғладилар. У зот муборак бошларини кўтарганларида эса юзларида кўринган севинч аломатларини дунёнинг энг яхши неъматларидан ҳам маҳбуброқ кўрдилар.
Ҳа, ҳақиқий мусулмон инсон учун иймон, Ислом йўлидаги биргина қувонч дунёнинг барча матоҳларидан афзал. Хўш, ўша сафар саҳобаи киромларга дунёнинг энг яхши неъматларидан ҳам афзал бўлган қувончни келтирган башорат нима эди?
Бу Исломга амал қилган банданинг жаннатга киришига шубҳа йўқлиги ҳақидаги хабар эди!
Ушбу хабар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан айтилган қуйидаги гапларда ўз аксини топган эди:
«Қайси бир банда беш вақт намозини ўқиса, Рамазон (рўзаси)ни тутса, закотини чиқарса ва етти катта гуноҳдан четда бўлса, албатта, унинг учун жаннатнинг эшиклари очилур ва унга «Салом ила кир!» дейилур».
Ҳадиснинг бу қисмида буюрилган фарз амалларни тўлиқ адо этиш билан бирга, ман этилган нарсалардан четда бўлиш, уларга яқин йўламаслик ҳам зарур эканлиги ўз ифодасини топган.
Хўш, ўша четда бўлишимиз лозим бўлган етти катта гуноҳ нималар экан?
Банда учун жаннатнинг эшиклари очилишига монеълик қиладиган етти катта гуноҳ қуйидагилардир:
1. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ширк келтириш.
2. Аллоҳ қатлини ҳаром қилган жонни ноҳақдан ўлдириш.
3. Етимнинг молини ейиш.
4. Рибодан мол топиб, ейиш.
5. Сеҳр билан  машғул бўлиш.
6. Урушда орқага қараб қочиш.
7. Мўмина, покиза аёлларни зинода айблаш. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat