Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Жобир(р.а) қурбонликлари ҳақидаги ҳадис саҳиҳми

19:52 / 24.08.2020 | Farrux.m | 1664

Ассалому алайкум Жобир бин Абдуллоҳ (р.а.)нинг, аёли билан бирга, Пайғамбар (а.с.в.)ни ўз уйларида меҳмон қилиш орзулари бор эди. Уларнинг моддий аҳволи у қадар кенг бўлмаганидан бу ишга анча вақт ҳозирландилар. Ниҳоят бир ҳайвон қурбонлик қилишга имкони бўлиши ҳамоно, Жобир (р.а.) бир ҳайвон олиб келиб сўйди. Аёлига: --- Сен бу гўштдан таомлар пишириб тур, мен масжидга бориб Расулуллоҳ (с.а.в.)ни чақириб келаман, -- деди. Жобир зўр ҳаяжон ичида масжидга йўл олди. Намоздан сўнг Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг олдиларига бориб: --- Эй Расулуллоҳ! Бугун кечки таомни бизникида есангиз, мени ва аёлимни жуда мамнун қилган бўлар эдингиз, -- деди. Расулуллоҳ (с.а.в.) рози бўлдилар. Расулуллоҳнинг рози бўлганларини эшитган Жобир қувончдан, ҳаяжондан ичига сиғмай кетди. ---Қандай саодат! Расулуллоҳ, оламларга раҳмат бўлган Зот менинг уйимга ташриф буюрадилар! Жобир мана шундай ширин ҳаёллар оғушида уйига учиб келар эди. Бу вақтда эса унинг уйида мудҳиш бир ҳодиса содир бўлаётган эди. Жобирнинг икки ўғли бор эди. Катта ўғли отаси қўйни сўяётганида ёнида турган эди. Кичик ўғли эса, қурбонлик бўлган ерни, у ердаги гўштларни кўриб нима бўлганини тушунмади. Балки, уларнинг уйида бугун илк марта қурбонлик сўйилган эди. Акаси унга деди: ---Отамиз бугун бир қўй сўйдилар. ---Қандай қилиб сўйдилар? -- деди болаларча қизиқиш билан. Ака укасига бу иш қандай қилинишини тушунтирмоқчи бўлди. ---Истасанг, сенга буни қандай қилинишини кўрсатаман. ---Кўрсатинг, --- деди болакай. Ака ҳам аслида бола эди. Содда эди. Ғўр эди. Укасини етаклаб бир ерга ётқизди. Отаси қўйни сўйган пичоғини олиб укасининг томоғидан тортди. Пичоқ ўткир эди. Пичоқ ўз ишини қилди. Бола бир лаҳзада жон берди. Ака нима қилиб қўйганини энди тушунди. Тушунди-ю, беҳад қўрқиб кетди. Шу онда болаларнинг хавотирли овозидан қўрқиб, онаси чиқиб келди. Не кўз билан кўрсинки, ўғли ўз укасини бўғизлаб қўйган эди. Бола онасини кўриб қўрқиб кетди. Қоча бошлади. Она эса уни қува кетди. Бола қилиб қўйган ишидан даҳшатда, жонҳолатда қочар эди. Томга чиқмоқчи бўлди. Сирғаниб пастга думалаб йиқилди. Боши қонга беланди. Она эса, «болам» деганча қолди. Афсуслар бўлсинки, иккинчи фарзанди ҳам онанинг кўз ўнгида жон берди. Тасаввур қилинг. Кўз ўнгида бирданига икки ўғли мудҳиш бир тарзда вафот этган она қай аҳволга тушади? Аммо бу аёл саҳобия эди. Саҳобалар эса Аллоҳнинг пайғамбарига нисбатан шундай юксак бир муҳаббат ташир эдиларки, «Эй Расулуллоҳ! Сизга отам-онам, жоним, мулким, молим, авлодларим, ҳар нарсам фидо бўлсин!» -дер эдилар. Ва бу сўзларида сўнг даражада жиддий ва самимий эдилар. Бу сўзларни шунчаки айтмас эдилар. Сўзларини безаш учун айтмас эдилар. Зотан, бу ҳикоя орқали айнан мана шундай фазилатларидан бир намуна кўрсатмоқчимиз. Бу муҳтарам онанинг юрагида ҳам бу муҳаббатнинг энг юқори даражаси ўрнашган эди. Бу софий, қудсий муҳаббатнинг нақадар юксаклигини, бу муборак онанинг ҳозирги ҳаракатларидан билиб оламиз. Бу дунё имтиҳонларининг энг каттаси бўлган, чидаб бўлмас даражадаги мусибатнинг икки каррасига дучор бўлиб турган мушфиқ онанинг ақлига илк келган фикр шу бўлди: ---Бу ҳодисани Расулуллоҳ билсалар, жуда маҳзун бўладилар. Ҳафа бўладилар. Буни билсалар бугун бизникида таом емайдилар! Ўзининг қалбидаги бу оғриқларни, фарзанд аламларини ичларига ютиб, кўмдилар. Фарзандларининг мурдаларини бир жойга беркитиб, бу ҳодисани Расулуллоҳдан сир тутишликка қарор қилдилар. Юраги парча-парча бўлган бу муборак она, бу мусибат ҳақида ўйлашни эртага қўйди. Бу ишни у фақат, Аллоҳнинг пайғамбари бугун бизнинг таомимизни есинлар, дея қилди. Бу қандай Юрак! Болаларни ётқизиб уларни ўпди. Ҳидлади.. ва таом тайёрлашга ичкарига кирди. Бу машъум ҳодисани эрига ҳам айтмади. Оқшомда Расулуллоҳ кириб келдилар. Жобир бин Абдуллоҳ Расулуллоҳнинг атрофларида парвона бўла бошлади. Қачонлардан буён кутгани, Расулуллоҳ бизнинг меҳмонимиз бўладилар, деган ҳаяжонли ҳаёллари, ҳақиқатга айланаётган эди. Бу қандай муҳаббат эди. Расулуллоҳ дасторхонга ўтирдилар. Таом келтирилди. Дедилар: --- Эй Жобир! Болаларинг қаерда? Чақир уларни. ---Ҳўп бўлади, Расулуллоҳ! Ташқарига чиқдилар. Аёлларидан сўрадилар: ---Болаларимиз қаерда? Уларни пай ғамбаримиз чақиряптилар. ---Болалар ухлаяптилар. Лутфан бошлайверсинлар. Жобир қайтиб кирди. Эй Расулуллоҳ! Болалар ухлаб қолишибди. Сиз еяверинг. --- Йўқ. Уларни уйғот. Бўлмаса емайман. Жобир ташқарига чиқди. Аёлига деди: --- Расулуллоҳ болалар келмаса емайман, деяптилар. Уйғота қол энди. Келсинлар. Аёл нима қилишини билмай қолди. Пайғамбаримиз чақиришни қистаётган эдилар. Аёл ноилож, Жобирнинг қўлидан ушлаб болаларининг ётган жойга олиб борди. Эшикни очди. Жобир не кўз билан кўрсинки, иккала ўғли у ерда жонсиз ётар эдилар. Жобирнинг бўғзига бир нарса тиқилди. Аёли ёлборди: --- Эй Жобир! Бу ишни Расулуллоҳга зинҳор билдирма! Йўқса таом емайдилар. Сендан илтимос!... Таомни есинлар. Кейин айтамиз. Жобир Расулуллоҳнинг ҳузурларига қайтиб кирдилар. --- Эй Расулуллоҳ! Болаларим қаттиқ ухлаб қолибдилар. Уларни уйғотолмадим. Уларни қўйинг. Таомни бошланг! Жобирнинг кўзлари тўлган эди. ---Уйғот уларни. ---Расулуллоҳ! Мен уларни уйғота олмадим. --- Мени уларни олдига олиб бор унда. Жобир ноилож деди: --- Мен уйғотолмадим. Балки Сиз уйғотарсиз... Биргалашиб болаларнинг мурдалари ётган уйга киришди. Болаларнинг усти ёпиб қўйилган эди. Расулуллоҳ Ҳазратлари болаларнинг устидан ёпинчиқни шартта тортдилар. Шу вақт Аллоҳ ўз пайғамбарига бир мўъжиза кўрсатди. Устилари очилган болалар шу заҳоти кўзларини кулиб очдилар. Пайғамбармизнинг бўйниларига осилдилар. --- Хуш келибсиз, эй Расулуллоҳ! -- дедилар.... Пайғамбаримиз(с.а.в.) бу уйга келишларидан аввал, Жаброил (а.с.) келиб шундай деган эди: --- Эй Расулуллоҳ! Бугун Жобирнинг уйида катта бир имтиҳон бўлади. Сен борганингда, болаларни кўрмасдан, таомларидан ема! Жаброил (а.с.) мана шу хабарни келтирган эди. Пайғамбаримиз шунинг учун болаларни кўришни қаттиқ туриб истаган эдилар. Бу ҳолатни кўрган она севинчдан қичқириб юборди. Қўлларни юқорига кўтарганча: ---Эй Расулуллоҳ! Аллоҳга ҳамдлар бўлсин! Энди Сиз бизнинг уйда таом ейдиган бўлдингиз!!! --деб юбордилар. Қаранг. У муборак она, болаларининг тирилишидан севинмоқда. Лекин «энди Расулуллоҳ мен тайёрлаган таомни ейдилар!» деб, шунинг учун севинмоқдалар! Муҳаббатни кўринг!... Саҳобаларнинг Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассаломга нисбатан бўлган фидоийлик даражасини кўринг!... Фарзандларининг жаннат аҳли бўлишлари эътиқоди шу қадар сингиб кетган эдики... Буни дард дея қабул қилмадилар. Дардлари -- Аллоҳнинг ҳабиби бўлган Пайғамбарига таом едириш дарди эди. Дастурхони атрофида ўтириб, шарафлантириш масаласи эди. Балки шу иш туфайли, Аллоҳнинг мағфиратига эришмоқчи бўлгандир... Иймон, инсонни инсон қилади. Балки, инсонни султон қилади. Саҳобаи Киромлар, инсоний туйғуларнинг, ахлоқ ва фазилатларнинг энг чўққисига Пайғамбаримизнинг тарбиялари натижасида эришган эдилар. Бу мақомга қандай эришдилар? Аллоҳни танишлик билан эришдилар! Биз бундай туйғуларга, бундай муҳаббатга қанчалик яқинмиз? Бундай ҳолга қандай эришишимиз мумкин? Буни бир йўли борми? Бор, азизларим! Бунинг йўли Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассаломнинг суннати санийяларига эргашишлик билан, уларнинг ҳаёт йўлларини ёритиб берган китобларни ўқишлик билан бўлади. Қуръоннинг «муқаддас дорихонаси»нинг мана шу асримизга қараган, шу аср ҳасталикларини даволайдиган буюк ҳақиқатларини баён этган, ҳақиқат китобларини ўқишлик билан бўлади. Биз ҳам шунда бу асрнинг «саҳоба»лари бўла оламиз, балки. Бу ўша мақомларга эришишнинг бир гўзал йўлидир! Бундай китобларни ўқиганингиз сари, ҳаётингиз ўзгаради. Балки шунда сиздан ҳам бир Жобир бин Абдуллоҳ етишиб чиқар


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Бу қиссанинг асли йўқ, лекин Жобир розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни меҳмон қилганлари бор. 

حَدَّثَنَا عَبْدُ الْوَاحِدِ بْنُ أَيْمَنَ، عَنْ أَبِيهِ قَالَ: أَتَيْتُ جَابِرًا رَضِي اللهُ عَنْهُ فَقَالَ: إِنَّا يَوْمَ الْخَنْدَقِ نَحْفِرُ فَعَرَضَتْ كُدْيَةٌ شَدِيدَةٌ، فَجَاءُوا النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالُوا: هَذِهِ كُدْيَةٌ عَرَضَتْ فِي الْخَنْدَقِ، فَقَالَ: أَنَا نَازِلٌ. ثُمَّ قَامَ وَبَطْنُهُ مَعْصُوبٌ بِحَجَرٍ، وَلَبِثْنَا ثَلَاثَةَ أَيَّامٍ لَا نَذُوقُ ذَوَاقًا، فَأَخَذَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الْمِعْوَلَ فَضَرَبَ، فَعَادَ كَثِيبًا أَهْيَلَ أَوْ أَهْيَمَ، فَقُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ، ائْذَنْ لِي إِلَى الْبَيْتِ. فَقُلْتُ لِامْرَأَتِي: رَأَيْتُ بِالنَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ شَيْئًا، مَا كَانَ فِي ذَلِكَ صَبْرٌ، فَعِنْدَكِ شَيْءٌ؟ قَالَتْ: عِنْدِي شَعِيرٌ وَعَنَاقٌ. فَذَبَحْتُ الْعَنَاقَ وَطَحَنَتِ الشَّعِيرَ، حَتَّى جَعَلْنَا اللَّحْمَ فِي الْبُرْمَةِ، ثُمَّ جِئْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَالْعَجِينُ قَدِ انْكَسَرَ، وَالْبُرْمَةُ بَيْنَ الْأَثَافِيِّ قَدْ كَادَتْ أَنْ تَنْضَجَ، فَقُلْتُ: طُعَيِّمٌ لِي، فَقُمْ أَنْتَ يَا رَسُولَ اللهِ وَرَجُلٌ أَوْ رَجُلَانِ. قَالَ: «كَمْ هُوَ؟» فَذَكَرْتُ لَهُ، قَالَ: «كَثِيرٌ طَيِّبٌ». قَالَ: «قُلْ لَهَا لَا تَنْزِعُ الْبُرْمَةَ وَلَا الْخُبْزَ مِنَ التَّنُّورِ حَتَّى آتِيَ». فَقَالَ: «قُومُوا». فَقَامَ الْمُهَاجِرُونَ وَالْأَنْصَارُ، فَلَمَّا دَخَلَ عَلَى امْرَأَتِهِ قَالَ: وَيْحَكِ جَاءَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِالْمُهَاجِرِينَ وَالْأَنْصَارِ وَمَنْ مَعَهُمْ. قَالَتْ: هَلْ سَأَلَكَ؟ قُلْتُ: نَعَمْ. فَقَالَ: «ادْخُلُوا وَلَا تَضَاغَطُوا». فَجَعَلَ يَكْسِرُ الْخُبْزَ وَيَجْعَلُ عَلَيْهِ اللَّحْمَ، وَيُخَمِّرُ الْبُرْمَةَ وَالتَّنُّورَ إِذَا أَخَذَ مِنْهُ، وَيُقَرِّبُ إِلَى أَصْحَابِهِ ثُمَّ يَنْزِعُ، فَلَمْ يَزَلْ يَكْسِرُ الْخُبْزَ وَيَغْرِفُ حَتَّى شَبِعُوا وَبَقِيَ بَقِيَّةٌ، قَالَ: كُلِي هَذَا وَأَهْدِي، فَإِنَّ النَّاسَ أَصَابَتْهُمْ مَجَاعَةٌ  

Абдулвоҳид ибн Айман отасидан ривоят қилади:
«Мен Жобир розияллоҳу анҳунинг олдига келган эдим, у бундай деди:
«Биз Хандақ куни чуқур қазиётган эдик, қаттиқ ер чиқиб қолди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: «Хандақда мана бундай қаттиқ ер чиқиб қолди», дейишди. У зот: «Мен ўзим тушаман», дедилар-да, ўринларидан турдилар. Қоринларига тош боғланган эди. Уч кундан бери туз тотмаган эдик. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам чўкични олиб, бир зарб урдилар. Шунда у қум бўлиб сочилиб [ёки уқаланиб] кетди. Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули! Уйга 
(бориб келишга) изн берсангиз», дедим. Кейин аёлимга: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламда бир ҳолни кўрдим, бунга тоқат қилиб бўлмайди. Бирор нарсанг борми?» дедим. У: «Озгина арпа, битта улоқча бор», деди. Мен улоқчани сўйдим, у эса арпани туйди. Гўштни тошқозонга солдик. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келдим. Хамир кўпчиб, қозон эса ўчоққа осилган, овқат пишиб қолай деган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Озгина таомим бор эди, ўзингиз билан бир-икки кишини олиб юринг, эй Аллоҳнинг Расули», дедим. «У ўзи қанча?» деган эдилар, мен айтдим. У зот: «Кўп ва хўп экан. Аёлингга айт, мен боргунимча тошқозонни (ўчоқдан), нонни тандирдан олмай турсин», дедилар. Кейин «Туринглар!» дедилар. Муҳожиру ансорлар туриб, юришди».
У (Жобир) аёлининг олдига кириб, «Шўринг қуриди! Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳожирлар, ансорлар ва улар билан бирга бўлганларни бошлаб келдилар», дебди. 
(Аёли) «У зот сендан (овқатнинг қанчалигини) сўрадиларми?» дебди. «Ҳа», дебди. У зот: «Киринглар, фақат жуда тиқилишиб кетманглар», дебдилар. Кейин нонни синдириб, унга гўшт тера бошлабдилар. Тошқозонни ҳам, тандирни ҳам улардан нарса олаётганда ёпиб қўяр, уни асҳобларига узатиб, сўнг яна (нон-гўшт) олар эдилар. У зот нонни синдириб, (гўштни) олиб қўяверибдилар, ниҳоят, улар тўйиб, ортиб ҳам қолибди. У зот (аёлга): «Мана бу овқатни ўзинг ҳам егин, ҳадя ҳам қилгин, чунки одамлар оч», дебдилар». (“Олтин Силсила” китобидан Саҳиҳул Бухорий). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat