Ассалому алайкум! Ҳижоб ўрагандан сўнг бўяниб юрадиганларни жуда кўп кўраман. Юз агар эътиборни тортадиган даражада чиройли бўлса юзни ҳам ёпиш керак, лекин юзига ниқоб таққанлар ҳам сурма ва ўсмадан ташқари бошқа воситалар ёрдамида қоши ва кўзларини бўяшади. Бу қанчалик тўғри?
– Ва алайкум ассалом! Бу нотўғри. Ўзига жалб қиладиган даражада бўлиш тўғри эмас. У ҳуснни эрига кўрсатиш керак.
عَنْ أَبِي مُوسَى رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا اسْتَعْطَرَتِ الْمَرْأَةُ فَمَرَّتْ عَلَى الْقَوْمِ لِيَجِدُوا رِيحَهَا فَهِيَ كَذَا وَكَذَا، قَالَ قَوْلًا شَدِيدًا. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон аёл киши атир сепиб, унинг ҳидини билдириш учун бир қавмнинг олдидан ўтса, у бундоқ-бундоқдир», деб қаттиқ гап айтдилар».
«Сунан» эгалари ривоят қилган.
Шарҳ: Бошқа бир ривоятда «ўша аёл зониядир», дейилган. Чунки хушбўй нарса ила бегона эркакларнинг эътиборини қасддан жалб қиладиган, кўнгилларининг суст кетишига сабаб бўладиган аёл яхши аёл бўлмайди. Бу нарсага аёл-қизларимиз алоҳида эътибор бермоқлари лозим.
Исломда аёл кишининг ўткир ҳидли хушбўй нарсаларни ўзига суртиб олиб, бегона эркакларнинг шаҳватини қўзитишлари ўта маданиятсизлик ҳисобланади. Маданиятли муслима бундай вазиятда ҳиди кучсиз хушбўйларини ишлатади. Бу ҳақда ҳам юқорида баҳс юритганмиз. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!