Ассалому алайкум! "Оиша онамиз Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Ё Расулаллоҳ! Сизнинг менга бўлган муҳаббатингиз қай даражада?” деб сўраганларида, у зот саллАллоҳу алайҳи васаллам табассум қилиб: “Эй Оиша! Билмайсизми? Мен сизни ҳеч ким еча олмайдиган мустаҳкам арқоннинг тугунидек яхши кўраман” дедилар. Мўминлар онаси жуфти ҳалоллари, Аллоҳнинг ҳабибидан ўзи учун айтилган бундан кўра ширин, бундан кўра ёқимли сўз эшитган эмас. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу муҳаббат изҳорларини азбарои яхши кўрганларидан, кейинчалик ҳам у зотнинг муборак қўлларидаги жон томирларини ушлаб: “Менга муҳаббатингиз қандай?” деб сўрар эди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам кулиб: “Эй Оиша! Ҳали ҳам аввалгидек” деб жавоб берар эдилар". Мана шу ҳадис ҳақида иложи бўлса маълумот берсангиз.
– Ва алайкум ассалом! Бу ҳадисни кўп уламолар мавзу (тўқима) ҳадислар қаторида келтиришган. Бу маънодаги саҳиҳ ҳадислардан имом Бухорий Саҳиҳларида ривоят қилган қуйидаги ҳадисни билсак кифоя қилади:
حَدَّثَنِي عَمْرُو بْنُ الْعَاصِ رَضِي اللهُ عَنْهُ، أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بَعَثَهُ عَلَى جَيْشِ ذَاتِ السَّلَاسِلِ، فَأَتَيْتُهُ فَقُلْتُ: أَيُّ النَّاسِ أَحَبُّ إِلَيْكَ؟ قَالَ: عَائِشَةُ». فَقُلْتُ: مِنَ الرِّجَالِ؟ فَقَالَ: «أَبُوهَا. قُلْتُ: ثُمَّ مَنْ؟ قَالَ: ثُمَّ عُمَرُ بْنُ الْخَطَّابِ. فَعَدَّ رِجَالًا
Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу шундай сўзлаб берди:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Зотус-салосил қўшинига бош қилиб юбордилар. У зотнинг ҳузурларига келиб: «Одамларнинг қай бири сиз учун энг севимли?» дедим. «Оиша», дедилар. «Эркаклардан-чи?» дедим. «Унинг отаси», дедилар. «Кейин ким?» дедим. «Кейин Умар ибн Хаттоб», деб туриб, бир қанча кишиларни санадилар». (Олтин силсила китобидан ""Саҳиҳул Бухорий"). Валлоҳу аълам!