Ассалому алайкум! Бир хонани ичида эри хотин умуман кийимсиз холатда устига нимадур ташламасдан яқинлик қилса эр аёлини шундек холатда кўргиси келса ўртасидеги мухаббат хиссиёт кучли бўлса бир-бирига шундек яқинликдан келажакда туғилиши керек бўлган фарзандни хаёсига тақвосига зарари йўқми? Чунки бир-биримизи ёқтирамиз бу яқинликдан аёлим кўнгли тўлишини хохлеман, биз ётадигон спальник хар томони парда билан ўралган ёпвосек ичи кўринмеди. Аллоҳни фазли ила қўлдан келганча Қуръон ва Суннатга амал қиляппиз. Агарда саволим ўринсиз бўлган бўлса узур.
– Ва алайкум ассалом! Қуйида зикр қилинадиган ҳадислардан яқинлик вақтида тўсиниб олиш вожиблиги келиб чиқмасада фазилатли амал, мусулмонга ярашадиган одоблардан эканлиги маълум бўлади.
عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِيَّاكُمْ وَالتَّعَرِّيَ فَإِنَّ مَعَكُمْ مَنْ لاَ يُفَارِقُكُمْ إِلاَّ عِنْدَ الْغَائِطِ وَحِينَ يُفْضِي الرَّجُلُ إِلَى أَهْلِهِ فَاسْتَحْيُوهُمْ وَأَكْرِمُوهُمْ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ فِي اْلأَدَبِ
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Яланғоч бўлишдан сақланинглар. Чунки сиз билан қазои ҳожат ва эр киши ўз аҳлига борган пайтдан бошқа вақтда ҳеч ажралмайдиганлар бўлади. Бас, улардан ҳаё қилинглар ва уларни икром этинглар», дедилар».
Термизий одоб бобида ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ривоятда фақат икки ҳолатдан бош-қа пайтда одамдан ажралмайдиганлар, деб айтилаётган нарсалар фаришталардир. У фаришталарнинг баъзилари кишини турли бало-офатлардан қўриқлаб турсалар, баъзилари қилган амалларини ёзиб турадилар. Шунинг учун ҳам мўмин-мусулмонлар ўша фаришталарнинг риоясини қилиб юришлари керак. Шариат рухсат бермаган ҳолатларда ҳеч авратларини очмасликлари лозим. Фаришталарга озор бўлиб тушмасин.
عَنْ بَهْزِ بْنِ حَكِيمٍ عَنْ أَبِيهِ عَنْ جَدِّهِ قَالَ قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ عَوْرَاتُنَا مَا نَأْتِي مِنْهَا وَمَا نَذَرُ؟ قَالَ: احْفَظْ عَوْرَتَكَ إِلاَّ مِنْ زَوْجَتِكَ أَوْ مَا مَلَكَتْ يَمِينُكَ قَالَ قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ إِذَا كَانَ الْقَوْمُ بَعْضٌ فِي بَعْضٍ؟ قَالَ إِنِ اسْتَطَعْتَ أَلاَّ يَرَيَنَّهَا أَحَدٌ فَلاَ يَرَيَنَّهَا قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ إِذَا كَانَ أَحَدُنَا خَالِيًا؟ قَالَ: اللهُ أَحَقُ أَنْ يَسْتَحْيَى مِنْهُ مِنَ النَّاسِ. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ وَلِلْبُخَارِيِّ بَعْضُهُ
Баҳз ибн Ҳакийм отасидан, у эса бобосидан ривоят қилади:
«Мен:
«Эй Аллоҳнинг Расули, авратларимиздан қайси бирини тўсайлик, қайси бирини қўяйлик?» дедим.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Авратингни хотининг ва чўрингдан бошқадан муҳофаза қил», дедилар. Мен:
«Эй Аллоҳнинг Расули, агар одам бир қавмнинг ичида бўлса-чи?» дедим. У зот:
«Агар уни бирор киши зинҳор кўрмаслигига қодир бўлсанг, зинҳор кўрмасин», дедилар. Мен:
«Эй Аллоҳнинг Расули, бирортамиз ўзи холи бўлганда-чи?» дедим.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Одамлардан кўра, Аллоҳдан ҳаё қилинмоғи ҳақлироқдир», дедилар».
«Сунан» эгалари ривоят қилишган.
Бухорий баъзисини ривоят қилган.
Шарҳ: Аввало, ҳадиснинг ровийи Баҳз ибн Ҳакийм розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:
Баҳз ибн Ҳакийм ибн Муовия ал-Қушайрий ал-Басрий. Ҳадисларни боболари ва оталаридан ривоят қилдилар. Бу кишидан Саврий, Химода ибн Салама, Маъмур, Абу Осим, Марвон ибн Мубораклар ривоят қилишган.
Баҳз ибн Ҳакиймнинг оталари Ҳакийм ибн Муовиядирлар. У киши тобеъинлардан бўлиб, ишончли одам бўлган. Баҳз ибн Ҳакиймнинг боболари Муовия ибн Ҳайдата бўлиб, у киши саҳобийлардан бўлганлар.
Бу ҳадисда ўша Муовия ибн Ҳайдата розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраган бир неча масалалар ва уларга берилган жавоблар келтирилмоқда:
«Эй Аллоҳнинг Расули, авратларимиздан қайси бирини тўсайлик, қайси бирини қўяйлик?»
«Авратингни хотининг ва чўрингдан бошқадан муҳофаза қил».
Демак, эркак киши тиззаси билан киндиги орасидаги аъзоларини ўз хотини ва чўрисидан бекитмаса ҳам бўлар экан. Аммо бошқалардан тўсмоғи вожибдир.
«Эй Аллоҳнинг Расули, агар одам бир қавмнинг ичида бўлса-чи?» Унда нима қилади? Баъзи вақтларда беихтиёр баъзи жойлар кўриниб қолиши мумкин-ку?
«Агар уни бирор киши зинҳор кўрмаслигига қодир бўлсанг, зинҳор кўрмасин».
Яъни, кўпчиликнинг ичида, ноқулай ҳолатда бўлсанг ҳам авратингни бировга зинҳор кўрсатмасликка ҳаракат қил.
«Эй Аллоҳнинг Расули, бирортамиз ўзи холи бўлганда-чи?»
«Одамлардан кўра, Аллоҳдан ҳаё қилинмоғи ҳақлироқдир».
Яъни, авратни тўсиш масаласида одамлардан кўра кўпроқ Аллоҳдан ҳаё қилмоқ зарур.
Шунга биноан, холи одам ўзини тўсмай ғусл қилганидан кўра, авратини тўсиб, ғусл қилгани афзал, дейилган.
Имом Бухорий «Ўзи ёлғиз, холи жойда ялан¬ғоч ғусл қилган ва тўсиниб ғусл қилган одам. Тўсмоқлик афзаллиги ҳақида боб» номли боб очганлар.
Бошқа ҳадисларда, хусусан, Мусо ва Айюб алайҳиссаломларнинг яланғоч ҳолда ғусл қилганларини васф қилувчи ҳадисларни далил қилиб, барча фақиҳлар ғусл вақтида холи бўлган одам авратини тўсиши мустаҳабдир, деганлар.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Аврат ҳақида савол бериб, билиб олиш яхшилиги.
2. Эркак киши ўз хотини ва чўрисидан авратини тўсмаса жоизлиги.
3. Хотин ва чўридан бошқадан авратни тўсиш лозимлиги.
4. Одамлар ичида бўлганда ҳам зинҳор авратни ўзгага кўрсатмасликка ҳаракат қилиш зарурлиги.
5. Холи бўлган одам авратини тўсиб, ғусл қилиши афзаллиги. («Ҳадис ва ҳаёт» китобидан)
عن أبي هريرة رضي الله عنه قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : إذا أتى أحدُكم أهله فليستتر , فإنه إذا لم يستتر استحيت الملائكة فخرجت , فإذا كان بينهما ولد كان للشيطان فيه نصيب .رواه الطبراني في " المعجم الأوسط
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : “Бирортангиз аҳлига яқинлик қилганида тўсиниб олсин. Чунки тўсинмаса фаришталар ҳаё қилиб чиқиб кетишади. Агар ораларида фарзанд пайдо бўлса, унда шайтоннинг насибаси бўлади” дедилар. Табароний ривояти.
عن أبي أمامة رضي الله عنه قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : إذا أتى أحدكم أهله فليستر عليه وعلى أهله , ولا يتعريان تعري الحمير. رواه الطبراني
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : “Бирортангиз аҳлига яқинлик қилганида ўзини ва аёлининг устини ёпсин. Эшакнинг яланғоч бўлгани каби яланғоч бўлиб олишмасин” дедилар. Табароний ривояти.
Булардан кийим кийган ҳолатда яқинлик қилиш керак деган нарса тушунилмайди. Фақат устиларига бирор нарса ташлаб олиш афзаллиги бор. Валлоҳу аълам!