Ассалому алайкум! Мана шу ҳадиснинг Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ёлғондан лозим қилувчи қасам ичса, ўзининг дўзахдаги ўриндиғига ўзи тайёрланаверсин», дедилар».. ёлғондан лозим қилувчи деган жумласида нима назарда тутиляпти?
– Ва алайкум ассалом! “Ҳадис ва Ҳаёт” китобида қуйилагича келади:
عَنْ عِمْرَانَ بْنِ حُصَيْنٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ حَلَفَ عَلَى يَمِينٍ مَصْبُورَةٍ كَاذِبًا فَلْيَتَبَوَّأْ بِوَجْهِهِ مَقْعَدَهُ مِنَ النَّارِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ
Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким ёлғондан лозим қилувчи қасам ичса, ўзининг дўзахдаги ўриндиғига ўзи тайёрланаверсин», дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Ҳадиси шарифдаги «лозим қилувчи қасам»дан мурод «бировни бирор ишга ёки маблағ тўлашга мажбур қилувчи» деганидир.
Бундай қасамлар одатда маҳкамада, қозининг ҳузурида ичилиб, ноҳақдан бир одамнинг молини тортиб олиш ёки унинг зиммасига зулм ила мажбурият юклашга сабаб бўлади. Аллоҳ таолодан қўрқмаган баъзи кишилар ўзларига шунга ўхшаш ишни раво кўрадилар. Бундай кимсалар бу дунёда бир оғиз ёлғон қасам ила беш кунлик ҳаётнинг арзимас матоҳига эришишлари мумкин, аммо охиратларини ўйламайдиларми?!
Ҳа, ҳар бир инсон ўз охиратини ўйлаб иш қилмоғи лозим. Агар мазкур ёлғон қасам ичувчилар ўз ишларининг оқибати нима бўлишини билмасалар, билиб қўйсинлар. Ушбу биз ўрганаётган ҳадиси шарифнинг маъносига қараганда, уларнинг оқибатлари жуда ёмон бўлади. Ундай ёлғон қасам ичиб юрган нобакорларга Қиёматда дўзах вожиб бўлади.
Ушбу ҳадисдан ёлғон қасам ичиб эришилган нарсанинг катта-кичиклигига қарамай, гуноҳкорга дўзах азоби бўлаверишини билиб оламиз. Чунки бунга ўхшаш ҳолатларда қатъий чора кўрилмаса бўлмайди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мусулмон инсон ёлғон қасам – ғамус қасамдан худди дўзахга тушишдан қўрққандек қўрқмоғи, унга умуман яқин йўламаслиги лозим. Валлоҳу аълам!