Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Нафақа

19:51 / 23.01.2022 | Ergash | 975

Ассалому алайкум! Бир аёлни беморлиги туфайли бачадонини олиб ташлашди. Эр икки аёлни нафақасига қодир эмас. Ажрашиб бошқа аёлга уйланмоқчи. Шундай пайтда аёл ота уйида ўтиравераман нафақа хам сўрамайман деса, эр шу таклифга рози бўлса бўладими? Ажрашмаслик учун.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Жоиз. Аллоҳ таоло "Нисо" сурасида марҳамат қилади:  

وَاِنِ امْرَاَةٌ خَافَتْ مِنْ بَعْلِهَا نُشُوزاً اَوْ اِعْرَاضاً فَلَا جُنَاحَ عَلَيْهِمَٓا اَنْ يُصْلِحَا بَيْنَهُمَا صُلْحاًؕ وَالصُّلْحُ خَيْرٌؕ وَاُحْضِرَتِ الْاَنْفُسُ الشُّحَّؕ وَاِنْ تُحْسِنُوا وَتَتَّقُوا فَاِنَّ اللّٰهَ كَانَ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبٖيراً۝ 

128. Агар аёл киши ўз эридан ёқтирмаслик ва юз ўгириш содир бўлишидан қўрқса, икковлари ўзаро сулҳга келишишларида уларга гуноҳ йўқ. Сулҳ яхшидир. Нафсларга зиқналик ўрнаштирилгандир. Агар яхшилик ва тақво қилсангиз, албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан ўта хабардордир.
Суранинг бошидаги оятларда агар оилада аёл киши томонидан эрига нафрат – бош кўтариш ҳолати юзага келса, нима қилиш кераклиги муолажа қилинган эди. Бу оятда эса унинг акси муолажа қилинмоқда. Оилавий ҳаётда турли сабабларга кўра, эрда хотинига нисбатан нафрат пайдо бўлиши мумкин. Натижада эр хотинидан ажрашмоқчи ёки ундан юз ўгириб, талоқ ҳам қилмай, муомала ҳам қилмай, ташлаб қўймоқчи. Хотин эридан ажрашни хоҳламаса, ярашишга уринади.
«Агар аёл киши ўз эридан зуғум ва юз ўгириш содир бўлишидан қўрқса, икковлари ўзаро сулҳга келишишларида уларга гуноҳ йўқ».
У ўз эрининг нафратига ёки юз ўгиришига сабаб бўлган ишларни бартараф этиш билан уни рози қилиб, ажрашиб кетмасликка ҳаракат қилади.
Мисол учун, ҳатто ўз қонуний ҳуқуқи бўлмиш маҳрининг ҳаммасидан ёки бир қисмидан воз кечиб юбориши мумкин. «Нафақа бермасанг ҳам майли» ёки «Озроқ нафақа берсанг ҳам, талоқ қилмасанг бўлди», дейиши мумкин. Шунга ўхшаш, ҳолатга қараб, турли таклиф ва муросалар билан сулҳ тузиб, ажралмай қолишда гуноҳ йўқ экан. Шунинг учун ҳам оятнинг давомида:
«Сулҳ яхшидир», – дейилмоқда.
Исломда турли усулларни қўллаб, оилани сақлаб қолишга ҳаракат қилинади. Ушбу чоралар ҳам мазкур рағбатдан келиб чиққан. Оятнинг давомида:
«Нафсларга зиқналик ўрнаштирилгандир», – дейилмоқда.
Яъни инсон нафсида қизғаниш табиати бор. Молу мулкни қизғанади. Чиройли нарсаларни қизғанади. Мансаб ёки яхши ҳолатларни қизғанади. Ана шу табиий ҳолни эътиборга олганда, шояд, хотин томондан таклиф қилинган молу мулк ва баъзи қулайликлар эрдаги қизғаниш табиатини қўзғаб, ажралмай қолишга рози бўлса. Лекин инсоний алоқалар фақат молу мулк ёки баъзи манфаатлар асосидагина қурилмайди. Балки яхшилик, савоб ишлар қилиш ва бошқа ҳолатлар ҳам кўп. Исломда кўпроқ шу нарсаларга тарғиб қилинади:
«Агар яхшилик ва тақво қилсангиз, албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан ўта хабардордир».
Жумладан, хотинидан нафратланиб, уни талоқ қилмоқчи бўлган ёки юз ўгириб, тек ташлаб қўймоқчи бўлган эркак ўша хотиннинг ажрашиш истаги йўқлигини билгач, унга яхшилик қилиб, тақво юзасидан ўзи билан олиб қолса, яхши бўлади. Аллоҳ унга ажр ва савоб беради. (“Тафсири ҳилол” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat