Ассалому алайкум! Мен савдо сохасида ишлайман. Биз сотадиган махсулот қиммат туради. Рақобатчилар хам кўп. Биз махсулотимизни сотиш учун мижоз билан бир неча марта учрашамиз. Учрашувларда рақобатчиларимизни қилган хато ишлари хақида хам гапирамиз. Мижозни ўзимизга жалб қилиш учун. Шунинг хукми қандай?
– Ва алайкум ассалом! Мижозга ўз маҳсулотингизни тақдим қилишда бошқаларнинг маҳсулотини ёки ҳизматларини ёмонлашингиз, уларнинг айбини айтишингиз ва бошқа ҳар қандай кўринишда зарар етказишингиз жоиз эмас.
عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «لَا يُؤْمِنُ أَحَدُكُمْ حَتَّى يُحِبَّ لِأَخِيهِ مَا يُحِبُّ لِنَفْسِهِ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا أَبَا دَاوُدَ.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирортангиз то ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам раво кўрмагунча мўмин бўла олмайди», дедилар».
Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
8-ҚОИДА
لا ضرر و لا ضرار
(ИСЛОМДА) ЗАРАР БЕРИШ ВА ЗАРАРГА ЗАРАР БИЛАН ЖАВОБ ҚАЙТАРИШЛИК ЙЎҚ.
Ушбу қоида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларидан биридир.
(Буни Ибн Можа, Имом Молик, Имом Аҳмадлар ривоят қилишган).
Шу қоидага кўра мўъмин киши ўз биродарига зарар бермаслиги, мабодо ундан зарар кўриб қолса ҳам зарар билан жавоб қайтармаслиги вожиб бўлади. Дирор (ضرار ) калимаси интиқом ва ўч олиш учун қилинадиган зарар маъносида бўлиб, ушбу ўринда келишлигига асос бор. Фақат таъкид учунгина келмаган. Ушбу маънода учта қоида бор:
1. Ушбу “(Исломда) зарар бериш ва зарарга зарар билан жавоб қайтаришлик йўқ”, қоидаси бўлиб, унда зарарни ҳосил қилишликдан қайтариш бор.
2. الضرر يزال зарар кетказилади қоидаси. Мабодо бирор ўринда (инсоннинг шахсида, оиласида ёки жамиятда) зарар пайдо бўлса уни йўқотишлик мусулмонлар учун вожиб бўлади.
3. يدفع بقدر الإمكان الضرار зарар имкон қадар йўқотилади қоидаси. Ҳосил бўлган зарарни мутлақ йўқотиш имконсиз бўлса, имконият даражасида кетказишлик вожиб бўлади.
لا ضرر و لا ضرار қоидасини татбиқ қилиниб, савдода молни кўришлик ихтиёри берилади. Бу билан сотиб олувчидан зарар даф қилинади. Яъни ушбу қоидага биноан сотилган нарсани олувчи кишида кўришлик ихтиёри бўлади. Уни кўрган харидор ўзи хоҳлаганчалик нарса бўлмаса савдони бузишга ҳаққи бор. Яна хиёри шарт шу қоида асосида жорий бўлган. Бунда олувчи учун эҳтиёт чораларини кўриш ва алданиб қолишдан сақланишлик имконияти бор.
(Яъни шундай нарсалар бўладики, уларни сифатлаш ёки кўриш билан қандайлигини аниқлаб бўлмайди. Мисол учун харидор сигирни уч кунгача соғиб кўрай, деган шартни қўйишга ҳаққи бор. Шу орада у сигирни соғиб кўради ва сотувчи айтгани каби ўн литр сут берса олади, ундан кам берса қайтаришлик ҳаққи бўлади).
Деҳқончиликда ҳам бу қоида қўл келади. Мисол учун бир киши ерини фойдаланиб туришлик учун ёки ижарага берди. Мабодо айтилган муддатда деҳқоннинг ҳосили пишмай қолса, ер эгаси ерини талаб қилишлиги жоиз бўлмайди. Балки деҳқон экинни йиғиштириб олгунга қадар ерни унга топширади. Чўзилган муддат эвазига ўша давр ҳисоби бўйича ерининг ҳаққини олади.
Яна шу жумладан қўшнига зарар бермаслик учун уйни сотиб олишлик имтиёзи аввало қўшнига берилган. Яъни сотиладиган уйни олишда аввал қўшни ҳақли бўлади. Мабодо у олмаса кейин бошқага сотишлик мумкин. Эси паст кишининг молу-давлати унинг оиласи ва меросхўрлари зарар кўрмасликлари учун қози томонидан хажр қилинади, яъни музлатилади. Қарз берувчилардан зарарни йўқотишлик учун муфлиснинг нарсалари музлатилади.
(Муфлис деб банкротга яъни касодга учраган кишини айтилади).
Яна ушбу қоиданинг татбиқини мол тақсимлашда ҳам кўришимиз мумкин. Мисол учун бир қимматбаҳо лаълни икки шерик бўлишмоқчи бўлса уни майдалаб бўлишишга рухсат этилмайди. Чунки бунда лаълнинг қадр-қиймати ва манфаати йўқолиб мол зое бўлади. Ваҳоланки шариатда молни зое қилишдан қайтарилган.
(Демак бунда икки томон ҳам зарар кўрмаслиги учун лаълни сотиб уни пулини тақсимланади). Валлоҳу аълам!