Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Аёлимни намоз ўқишини талаб қилишга ҳақлиманми

23:39 / 17.11.2022 | Abduhalim | 1014

Ассалому алайкум! Мен яқинда турмуш қурдим аёлим номоз ўқимайди. Никоҳимиздан кейин сизни Аллоҳ олдидаги жавобгарлигингиз менинг бўйнимга юклатилди дедим ва унга тан маҳрам сифатида номоз ўқишини талаб қилишга ҳақлиманми яхши манода ва аёлимга тушунтиришим учун ҳадис ёки оятлардан мисол келтириб берсангиз.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло "Тоҳа" сурасида марҳамат қилади:  

وَلَا تَمُدَّنَّ عَيْنَيْكَ إِلَى مَا مَتَّعْنَا بِهِ أَزْوَاجًا مِّنْهُمْ زَهْرَةَ الْحَيَاةِ الدُّنيَا لِنَفْتِنَهُمْ فِيهِ وَرِزْقُ رَبِّكَ خَيْرٌ وَأَبْقَى۝

131. Уларни синаш учун дунё ҳаётининг кўрки қилиб, айримларини баҳраманд қилганимиз нарсаларга кўзларингни тикма. Роббингнинг ризқи яхши ва боқийдир.
Биз баъзи кофирларга берган турли зебу зийнатларга ҳавас билан боқма. Улар бу дунё ҳаётининг матоҳи, холос. Биз уларга бу матоҳларни синаш учун, вақтинча берганмиз. Беш кунлик дунёнинг зебу зийнатида бақо йўқ. Бирпасда заволга учрайди.
«Роббингнинг ризқи яхши ва боқийдир».
Роббинг сенга берган ризқ энг яхши ризқдир, энг боқий ризқдир. У вақтинчалик эмас, доимийдир. У синаш учун эмас, сийлаш учундир.

وَأْمُرْ أَهْلَكَ بِالصَّلَاةِ وَاصْطَبِرْ عَلَيْهَا لَا نَسْأَلُكَ رِزْقًا نَّحْنُ نَرْزُقُكَ وَالْعَاقِبَةُ لِلتَّقْوَى۝

132. Аҳлингни намозга амр эт ва ўзинг унга сабр қил. Сендан ризқ сўрамасмиз. Биз сенга ризқ берамиз. Оқибат эса тақвоникидир.
Мусулмоннинг биринчи бурчи аҳлини, оиласини мусулмон қилишдир. Бу ишда намоз муҳим ўрин тутади. Шунинг учун аҳлингни, оила аъзоларингни намоз ўқишга буюр. Ўзинг ҳам сабр ила намозда бардавом бўл ва аҳлингни намозга ундашда давом эт.
Аллоҳ сендан бошқа нарсани сўрамайди.
«Сендан ризқ сўрамасмиз. Биз сенга ризқ берамиз».
Ўша берган ризқимизга шукр қилиб, намоз ўқи ва намозга буюр.
«Оқибат эса тақвоникидир».
Яхши оқибатга сазовор бўлиш тақвога боғлиқдир.

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا قُوا أَنفُسَكُمْ وَأَهْلِيكُمْ نَارًا وَقُودُهَا النَّاسُ وَالْحِجَارَةُ عَلَيْهَا مَلَائِكَةٌ غِلَاظٌ شِدَادٌ لَا يَعْصُونَ اللَّهَ مَا أَمَرَهُمْ وَيَفْعَلُونَ مَا يُؤْمَرُونَ۝

«Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳлу аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган оловдан сақланг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар» (Таҳрим сураси, 6-оят).
Бу ояти каримада Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларини ўзларини ва аҳли аёлларини охират оташидан сақлашга буюрмоқда.
«Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган оловдан сақланг».
Мазкур дўзах оловидан сақлаш гуноҳларни тарк этиш ва тоат-ибодат қилиш билан бўлади. Охират оташ-олови бу дунёнинг оловидан фарқ қилади. Унинг ёқилғиси одамлардан ва тошдан иборат бўлади. Яъни бу дунёда иймонга келмай, гуноҳ қилиб, Аллоҳнинг амрига бўйсунмай, осий ўтган бандаларнинг жасади ўша ўтга ёқилғи бўлади. Фақат инсон танасининг ўзи куйса, унча қизимай қолмасин, деб тош ҳам қўшимча ёқилғи қилинади. Эҳтимол, ушбу оятлар нозил бўлган даврда тошнинг ёқилғи бўлиши кишиларнинг тасаввурига келмагандир. Аммо тошкўмир чиққандан кейин тош қанчалик юқори иссиқлик берувчи ёқилғи экани ҳаммага маълум бўлди.
Дўзахнинг яна бир даҳшатли томони – унинг қўриқчилари қўпол ва шафқатсиз фаришталардир.
«Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар».
Улардан ҳеч ким қочиб, қутула олмайди. Шу билан бирга, мазкур фаришталар Аллоҳ таолога мутлақ итоатдадирлар, нимага амр қилса, ўшанга оғишмай амал қиладилар.
Аҳли аёлини, фарзандларини диндор қилиб тарбиялаш оила бошлиғининг Аллоҳ таолонинг олдидаги бурчи эканига ушбу ояти карима ёрқин далилдир. Одамлар орасида «Ўзингни бил, ўзгани қўй» деган номаъқул гап юради. Лекин шариат бўйича, эр хотин учун, ота фарзандлари учун ҳам масъулдир. Қиёматда Аллоҳ таолонинг ҳузурида жавоб беради. Ушбу оят маъносидаги ҳадиси шарифлар ҳам бор.
Ҳазрати Умар ушбу ояти карима нозил бўлгандан сўнг:
«Эй Аллоҳнинг Расули, ўз нафсимизнику сақлаймиз, аҳлимизни қандай сақлаймиз?» деб сўраган эканлар. Шунда Набий алайҳиссалом:
«Аллоҳ сизларни нимадан қайтарган бўлса, уларни ҳам қайтарасизлар. Аллоҳ сизларни нимага буюрса, уларни ҳам буюрасизлар. Ана ўша уларни ўтдан сақлаш бўлади», деб жавоб берганлар.
Ҳазрати Али: «Ўзингизга ва аҳлингизга яхшиликни таълим беринглар ва уларни одобли қилинглар», деб айтганлар.
Ҳадиси шарифда Набий алайҳиссалом: «Эй аҳлим, намоз ўқинг, рўза тутинг, закот беринг, мискинларга, етимларга, қўшниларга яхшилик қилинг, шоядки, Аллоҳ сизларни жаннатда бирга қилса», деган одамга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин», деганлар.
Демак, ҳар биримиз хотинимиз, ўғлимиз, қизимизни, оила аъзоларимизнинг барчаларини динга даъват қилишимиз, диний аҳкомларни доимо ўз вақтида бажаришларини қатъият билан талаб қилиб туришимиз керак. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat