Ассалому алайкум! Мен бир қизга совчи қўйганман. Уни ота-онаси рози бўлишган яни биз фотиха қилинганмиз. Хозир телефонда гаплашиб турамиз. Лекин уйдагилар тўйга хали 1-2 йил бор дейишяапти. Тўйдан олдин никохимга олишлигим жоиз эканлигини билдим. Унга етарли гувохлар қаршисида "Менга турмушга чиқасанми " десам У "Ха" деса ва махрга нима беришимни айтса никох боғланадими?
– Ва алайкум ассалом! Куёв ҳам келин ҳам ота-оналарини хабардор қилмасдан ўзларича никоҳ ўқиб олишмасин! Ийжоб ва қабул ўткан замон шаклида бўлиши шарт. “Турмушга чиқасанми” дейишлик келаси замонга далолат қилади, бу билан никоҳ боғланмайди.
Никоҳ тугуни ийжоб ва қабул ила боғланади.
«Ийжоб» ақди никоҳда иштирок этадиган икки томоннинг биридан шу масалада аввал содир бўладиган нарса, «қабул» эса иккинчи ўринда содир бўлган нарсадир.
Мисол учун, бир эркак, аёл кишига, менга хотин бўлишга розимисан? деса «ийжоб» бўлади.
Аёл унга, розиман, деб жавоб берса «қабул» бўлади.
Ёки аксинча бўлиши ҳам мумкин. Валийлар ёки вакиллар орқали ҳам «ийжоб қабул» бўлиши мумкин.
Ҳанафий мазҳабида фақат ийжоб ва қабулгина никоҳнинг рукни ҳисобланади.
Ийжоб ва қабулда ишлатилган иборалар абадийликни ифода қилиши шарт.
Вақтинчаликни ифода қилса бўлмайди. Вақтини таъйин қилиб, фалон ойга, фалон йилга никоҳландик, дейилса, никоҳ ботил бўлади. Шунинг учун ҳам, муваққат никоҳ ва мутъа никоҳи ҳаром бўлади.
Уларнинг лафзи «завважту-никоҳланишга рози бўлдим ва тазавважту-никоҳландим» каби ўтган замон феъли ёки «заввижнии - менга никоҳланишга рози бўл» деганда «никоҳладим» дейиш каби буюруқ ва ўтган замон феъли ила ифода этилади.
Ёки бир тараф никоҳ рағбатини билдирганда иккинчи тараф, қабул қилдим, деса ҳам бўлади.
Икки тараф бунинг маъносини билмасалар ҳам бари бир.
Умуман арабчани билмайдиган одамлар ийжоб ва қабул лафзларини ўз тилларида ифода қилишлари мумкин.
Никоҳ ақди никоҳ, уйланиш ва бир нарсани ўша вақтнинг ўзида мулк қилиб беришни англатиш учун ишлатиладиган лафзлар ила тўғри бўлади.
Никоҳ ва уйланиш маънолари Қуръонда келгани учун мазкур икки лафзни ишлатиш афзалдир. Аммо мулк, ҳиба, садақа каби ўша вақтнинг ўзида мулк қилиб беришни англатувчи сўзлар турли сабабларга кўра ишлатилиб қолса ҳам никоҳ дуруст бўлаверади. Одатда никоҳ ва уйланиш лафзлари ишлатилиши ҳаммага маълум ва машҳур.
Ақд пайтида мулк қилиб беришни англатмайдиган ижара, ҳузурланиш, гаров каби сўзлар билан ақди никоҳ собит бўлмаслигига барча фуқаҳолар иттифоқ қилганлар.
Икковлари бир бирининг лафзини эшитмоқлари ва икки мукаллаф мусулмон ҳур эркак ёки бир ҳур эркак ва икки ҳур аёл ҳозир бўлиб биргаликда иккисининг лафзларини эшитмоқлари шартдир.
Келин куёв бир бирларининг ийжоб ва қабул ҳақидаги лафзларини эшитмоқлари шарт. Чунки овози эшитилмаган шахс ғойиб шахс билан баробардир.
Шунингдек, куёв келиннинг ийжоб ва қабул ҳақидаги лафзларини ҳозир бўлган гувоҳлар ҳам эшитмоқлари шарт.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Валийсиз ва икки одил гувоҳсиз никоҳ йўқдир», Аҳмад ва Байҳақий ривоят қилган.
Валийни Ҳанафий мазҳаби никоҳнинг шартларидан бири деса ҳам, бошқа мазҳаблар никоҳнинг рукнларидан бири, деганлар. Шунга биноан, валий никоҳнинг тўғри бўлиши унга боғлиқ шахс бўлади.
Одатда ота ёки унинг ўрнига қолган шахс валий бўлади. Валийлар тартиби, ота йўқ бўлса, бобо, туғишган ака-ука, ота бир ака-ука, она бир ака-ука, амаки бўлиб кетаверади.
Ҳанафий мазҳабида, одам танлашни билмайдиган, алданиб қоладиган киши ҳам валий бўлмайди, дейилган.
Валий никоҳда ўзининг ўрнига вакил таъйин қилиши жоиздир.
Ушбу ҳадисда зикр қилинган нарсалардан бири, икки адолатли шоҳидсиз никоҳ бўлмаслигидир.
Шоҳидсиз никоҳ бўлмайди. Ана ўша гувоҳлар икки шахснинг ҳалол-пок йўл, никоҳ йўли билан оилавий турмуш қуришганига шоҳид бўладилар. Бошқа кишиларга ҳам буни етказадилар. Шунингдек, эру хотин орасида никоҳ маласида даъволашув бўлиб қолса, қозининг олдида гувоҳлик ҳам берадилар. Ушбу эътиборлардан никоҳ гувоҳсиз бўлиши мумкин эмас.
Никоҳда гувоҳлар икки эр киши, Ҳанафий мазҳабида икки эр киши бўлмаса, бир эр киши, икки аёл киши бўлса ҳам бўлаверади. Фақат аёл кишиларнинг ёлғиз ўзларининг гувоҳлиги кифоя қилмайди.
Гувоҳларда қуйидаги шартлар бўлиши лозим:
1. Ақл.
Мажнун киши гувоҳ ҳисобланмайди.
2. Балоғатга етганлик.
Ёш бола гувоҳ ҳисобланмайди.
3. Ҳур.
Қул гувоҳ бўлмаган.
4. Мусулмонлик.
Мусулмон эмас киши гувоҳ бўлмайди.
5. Икки гувоҳ ҳам никоҳланувчи икки томоннинг гапларини эшитиши керак.
6. Гувоҳ адолатли – диний жиҳатдан тўлиқ, одам бўлса яхши бўлади. Бўлмаса, адолати суриштирилмаган, ёлғончилиги, фосиқлиги маълум бўлмаган киши ҳам бўлаверади. Ҳанафий мазҳабида бу масала бошқа мазҳабларга қараганда бир оз кенгроқ олинган.
Никоҳ икки фосиқнинг ҳузурида ҳам тўғри бўлади. Лекин уларнинг гувоҳлиги асари даъво пайтида ўтмайди.
Фосиқ – шариатга хилоф иш қиладиган одам. Бошқа мазҳабларда фосиқнинг гувоҳлиги ўтмайди. Аммо ҳанафий мазҳабда юқорида зикр қилинган шарт ила унинг никоҳдаги гувоҳлиги қабул қилинган.
Никоҳ икки тарафнинг икки ўғли ёки бир тарафнинг икки ўғли ҳузурида тўғри бўлади.
Мисол учун ажрашиб кетган эру хотин ўзларининг икки ўғли гувоҳлигида ёки бирларининг икки ўғли ҳузурида қайта ярашсалар бўлади.
Уларнинг гувоҳлиги ўзининг яқини фойдасига қабул қилинмайди.
Мисол учун эрнинг икки ўғли гувоҳлигида никоҳ қилинди. Кейин эру хотин орасида низо чиқиб қозига мурожаат қилинди. Икки ўғилнинг гувоҳлиги отанинг фойдасига қабул қилинмайди. Аммо эрнинг худди ўша ўғилларининг гувоҳлиги хотиннинг фойдасига қабул қилинади. Чунки улар билан хотиннинг орасида қаробат – яқин қариндошлик йўқ.
Никоҳ икки зиммийнинг гувоҳлигида тўғри бўлади ва уларнинг гувоҳлиги мусулмоннинг зиддига ўтмайди.
Зиммий ислом давлати соясида яшаётган ғайридин шахс. Агар мусулмон одам зиммий аёлга уйланаётган бўлса икки зиммий эркакнинг гувоҳлигида қилинган никоҳ тўғри бўлади. Аммо кейинчалик мазкур эру хотиннинг орасида низо чиқиб ишлари маҳкамада қўрилаётганда зиммийларнинг мусулмоннинг зиддига берган гувоҳлиги қабул қилинмайди.
Агар вакил қилувчининг ўзи ҳозир бўлса, вакил гувоҳ бўла олади. Шунингдек, балоғатга етган ўзига бошқа одам валий қилинган қиз ҳозир бўлса унинг валийси гувоҳ бўла олади.
Аммо вакил қилувчи ва валий қилувчи ҳозир бўлмаса, вакил ҳам, валий ҳам гувоҳ бўла олмайди. Чунки бу ҳолатда уларнинг ҳар бири ақди никоҳнинг бир тарафи бўлади. Никоҳдан ўтувчининг ўзи ақд пайтида ҳозир бўлса, унинг ўзи ақдни бевосита эгаси бўлади ва вакил ва валий гувоҳ бўлишлари имкони туғилади. Валлоҳу аълам!
"Кифоя" китобидан