Ассалому алайкум! Ота-онага оқ бӯлган одам жаннатга кирмаслигини эшитганман. Агар у одам мусулмон бӯлса, бу ва бошқа гуноҳлари учун дӯзаҳда азобланиб, кейин қачондир жаннатга кирадими ёки ота-онага оқ бӯлгани учун умуман жаннатга киролмайдими? Унақа бӯлса у дӯзаҳда абадий азобланадими, кофир ва иккиюзламачилар билан бирга? Наҳотки Аллоҳ уни бу гуноҳини ҳеч қачон кечирмаса? Бу ҳақида Қуръонда ёки ҳадисларда маълумотлар келганми?
– Ва алайкум ассалом! Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларидан бўлган гуноҳи кабира аҳллари, агар муваҳҳид – тавҳидга ишонган ҳолда ўлсалар, гарчи тавба қилувчи бўлмасалар ҳам, Аллоҳга У Зотни таниган ҳолларида рўбарў бўлганларидан кейин дўзахда бардавом қолмаслар. Улар Аллоҳнинг хоҳиши ва ҳукмидадирлар. Агар хоҳласа, уларни мағфират қилади ва Ўз фазли ила афв этади.
Аллоҳ Ўз Китобида: «Ва ундан бошқасини, кимни хоҳласа, кечирадир», деган (Нисо сураси, 48-оят).
Агар хоҳласа, уларни ўз адли ила азоблайди. Сўнгра уларни ўз раҳмати, аҳли тоатнинг шафоати ила у ердан чиқаради. Кейин эса жаннатига юборади. Бу Аллоҳ таоло Ўз аҳли маърифатини дўст тутгани учундир. Уларни икки дунёда Ўзини инкор қилувчилар, Унинг ҳидоятидан ноумид бўлганлар ва дўстлигига сазовор бўлмаганларга ўхшатмагани учундир. Аллоҳим, эй Ислом ва унинг аҳли дўсти, бизни Исломда собит қил, токи Сенга у билан рўбарў бўлайлик.
Шарҳ: Агар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматидан бўлатуриб, гуноҳи кабира қилган одам тавҳидга эътиқод қилган ҳолида ўлса, дўзахда бардавом қолмайди. Яъни дўзахда абадий азобланмайди. Гарчи ўлимидан олдин қилган гуноҳи кабирасига тавба қилмаган бўлса ҳам. Аммо Роббига рўбарў бўлганда иймонли бўлган одамлар Аллоҳ таолонинг хоҳиши ва ҳукми остидадирлар. Агар У Зот хоҳласа, уларни мағфират қилиб, Ўз фазли ила афв этади. Агар хоҳласа, уларни дўзахда азоблайди. Бу эса Унинг адлидандир. Сўнгра уларни Ўз раҳмати ила шафоатсиз ёки аҳли тоатнинг шафоатлари ила дўзахдан чиқаради. Гуноҳкорлар бировни шафоат қила олмайдилар. Мағфират ва шафоатдан кейин эса уларни жаннатга юборади. Бунинг сабаби Аллоҳ таоло иймон аҳлини яхши кўрганидир. Уларни икки дунёда кофирларга ўхшатмаганидир. Чунки кофирлар Аллоҳ таолонинг ҳидоятидан ноумид бўлган, У Зотнинг муҳаббатига сазовор бўлмаганлардир.
Муаллифнинг «Дўзахда бардавом қолмаслар», деганидан хаворижларнинг «Гуноҳи кабира қилганлар дўзахда бардавом қолурлар» деган гаплари ботил экани билинади.(“Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар” китобидан). Валлоҳу аълам!