Ассаламу алайкум! Xотин эрининг чўнтагидан сўрамасдан пул олиши мумкинми ёки бу гуноҳми (пул фарзанд эҳтиёжлари учун ишлатилади)? Жавоб учун раҳмат!
Ва алайкум ассалом! 2111. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Ҳинд бинту Утба:
«Эй Аллоҳнинг Расули, Абу Суфён ўта бахил одам, унга билдирмай олганимдан бошқа менга ва боламга кифоя қиладиган ҳеч нарса бермайди», деди.
«Ўзингга ва болангга етарлисини тўғриликча ол», дедилар у зот.
Икки шайх ривоят қилганлар. Аллоҳ олий ва билгувчироқдир.
Шарҳ: Бу ривоятдан ҳам бола-чақанинг нафақаси уларга етарли миқдорда бўлиши кераклиги келиб чиқмоқда. Агар эр бахиллик қилиб, оз берса, хотин ундан беркитиб олса ҳам бўлиши баён қилинмоқда. Бунда фақат ўз ҳаққинигина олиши керак. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам.