ҲАДИС, ҲАДИСИ ҚУДСИЙ ВА ҚУРЪОН Аллоҳ таолодан Муҳаммад алайҳиссаломга келган ваҳийнинг уч тури – ҳадис, ҳадиси қудсий ва Қуръон орасидаги фарқни тушуниб етиш ниҳоятда аҳамиятли ишлардан бири ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Улуми Қуръон олимлари ушбу мавзуга алоҳида эътибор қаратадилар. Биз ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзидан ёрдам сўраган ҳолда бу фарқни билиб олиш учун ҳаракат қилиб кўрамиз. I. Ҳадис. «Ҳадис» сўзи араб тилида «сўз» деган маънони англатади. Демак, ҳадис деганда Набий алаҳиссаломнинг айтган гап-сўзлари кўзда тутилади ва тушунилади. Уламолар истилоҳида эса «ҳадис» қуйидагича таърифланади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан осор бўлиб қолган гап, иш, тақрир, халқий сифатлар, хулқий сифатлар ҳамда таржимаи ҳолга тегишли маълумотлар «ҳадис» дейилади». Ушбу таъриф Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан осор бўлиб қолган ва ишончли манбалар орқали ривоят қилинган бир неча хил нарсаларни ўз ичига олмоқда. Таърифда зикри келган нарсаларга биттадан мисол келтирайлик. 1. «Гап». Бунга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг турли ҳолат ва муносабатларда айтган гаплари киради. Мисол учун, «Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир». Мана шу муборак гапни эшитган одамлар омонат тариқасида уни эшитмаганларга етказганлар. Шу тарзда авлоддан-авлодга ўтиб, муҳаддис олимгача етиб келган. Муҳаддис эса илмий йўллар билан текшириб, унинг ҳадис эканига ишонч ҳосил қилганидан сўнггина китобига киритган. Бу «қавлий (гап) суннат» дейилади. 2. «Иш». Бунда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган иш-амаллари тушунилади. Айтайлик, таҳорат қилишлари, намоз ўқишлари, ҳаж ибодатини адо этишлари ва ҳоказо. Шунга ўхшаш амалларини кўрганлар кўрмаганларга айтиб, кўрсатиб берганлар. Бундай маълумотлар шу тариқа ҳадис олимига етиб келган ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган ишлари сифатида асар бўлиб қолган. Бу «амалий (иш) суннат» дейилади. 3. «Тақрир». Бу сўз бир нарсага иқрор бўлиш, унинг тўғрилигини тасдиқлаш, маъқуллаш маъносини англатади. Суннатдаги тақрир эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаи киромлар томонидан содир бўлган баъзи нарсаларни маъқуллашларидан иборат. Биргина мисол: Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссалом юборган бир тўп лашкарга бош эди. Борган жойида жунуб бўлиб қолди ва совуқдан қўрқиб, ғусл қилмасдан, таяммум билан намоз ўқиди. Унинг шериклари буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етказдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг қилган ишини маъқулладилар. Маъқуллаш «Маъқул», деб айтиш билан ёки инкор қилмай, индамай қўяқолиш билан ҳам бўлади. Бу «тақририй суннат» дейилади. 4. «Халқий сифатлар». Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тана тузилишларидаги сифатлари киради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган кишилар у зотнинг бўй-бастлари, тана тузилишлари, сочлари, кўзлари ва бошқа аъзоларини батафсил васф қилиб берганлар. Бу маълумотлар ҳам ривоят бўлиб, муҳаддисларга, улар орқали Ислом умматига етиб келган. Масалан, имом Термизийнинг «Шамоили Муҳаммадийя» асари айнан шу масалага бағишланган алоҳида китобдир. Барча муҳаддисларимиз ҳам алоҳида китоб таълиф қилмасалар-да, бу маънодаги ҳадиси шарифлардан ўзларига етганларини ривоят қилиб қолдирганлар. 5. «Хулқий сифатлар». Саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сабрлари, ҳилмлари, шижоатлари, сахийликлари каби барча ахлоқий фазилатларини ҳам ривоят қилиб қолдирганлар. Бу ҳақдаги маълумотлар ҳам суннатга киради. 6. «Таржимаи ҳол». Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётлари, у зот таваллуд топганларидан бошлаб, то Робблари даргоҳига етгунларича бўлган таржимаи ҳоллари ўта аниқлик ва бутун тафсилотлари билан ривоят қилинган. Бу бобга тегишли ривоятлар тўплами «Сийрат» дейилади. Муҳаддис уламоларимиз мана шу олти бандга тегишли ҳар битта маълумотни атрофлича, чуқур ўрганиб, ўз китобларига киритганлар. II. Ҳадиси қудсий. «Ҳадис» лафзининг луғавий маъносини олдин ўргандик. «Қудсий» сўзи эса «муқаддас» деган маънони англатади. Уламолар ҳадиси қудсийни қуйидагича таърифлайдилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолодан ривоят қилган нарса ҳадиси қудсийдир». Ҳадиси қудсийга мисол келтирамиз. عَنْ أَبِي سَعِيدٍ ، عَنِ النَّبِيِّ قَالَ: «يَقُولُ اللهُ تَعَالَى: مَنْ شَغَلَهُ الْقُرْآنُ وَذِكْرِي عَنْ مَسْأَلَتِي أَعْطَيْتُهُ أَفْضَلَ مَا أُعْطِي السَّائِلِينَ، وَفَضْلُ كَلَامِ اللهِ تَعَالَى عَلَى سَائِرِ الْكَلَامِ كَفَضْلِ اللهِ عَلَى خَلْقِهِ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ. Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳ таоло айтади: «Кимни Қуръон ва Менинг зикрим Мендан (нималарнидир) сўрашдан тўсган бўлса, унга сўровчиларга берганимнинг афзалини бераман. Аллоҳнинг каломининг бошқа каломлардан фазли худди Аллоҳнинг Ўз махлуқотларидан фазли кабидир». Термизий ривоят қилган. Ушбу ҳадис ҳадиси қудсий ҳисобланади. Чунки унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг айтган гапларини ўз иборалари билан нақл қилмоқдалар. Қуръони Карим билан ҳадиси қудсий орасидаги фарқлар. 1. Агар Жаброил алайҳиссалом Аллоҳнинг каломини Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига олиб келса-ю, мўъжизалиги бўлмаса, ҳадиси қудсий саналади. Қуръони Каримнинг маъноси ҳам, сўзлари ҳам Аллоҳ таоло томонидандир. Аллоҳ таолонинг Ўзи араблардан унга ўхшаш калом келтиришни талаб қилган, улар бунга қодир бўлмаганлар ва қиёматгача ҳам қодир бўлмайдилар. Ҳадиси қудсийда эса бу хусусият йўқ. Унинг мўъжизалиги йўқ ва Аллоҳ таоло араблардан унга ўхшаш нарса келтиришни талаб қилмаган. 2. Қуръони Карим тиловатисиз намоз бўлмайди. Аллоҳ таолонинг бошқа ваҳийларини, мисол учун, ҳадиси қудсийларни намозда ўқиб бўлмайди. Намозда ўқишга фақатгина Қуръони Карим хос қилинган. Бу ҳам илоҳий Китобнинг ўзига хос сифатларидан биридир. 3. Қуръони Карим фақатгина Аллоҳ таолонинг Ўзига нисбат берилади. Ҳадиси қудсий эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам нисбат берилади. 4. Қуръони Каримнинг барчаси, ҳар бир ҳарфигача тавотур ила ривоят қилинган. Унинг барчаси қатъий собит бўлган. Ҳадиси қудсийларнинг кўпи мутавотир бўлмай, оҳод хабарлардир. Баъзи ҳадиси қудсийлар саҳиҳ, бошқалари ҳасан, яна бошқаси заиф бўлиши мумкин. 5. Қуръони Каримнинг лафзи ҳам, маъноси ҳам Аллоҳ таолодандир. Ҳадиси қудсийнинг маъноси Аллоҳ таолодан, лафзи ҳақида ихтилоф қилинган. Баъзилар ҳадиси қудсийнинг лафзи Аллоҳдан, десалар, бошқалар Аллоҳдан эмас, дейдилар. «Шарҳу Арбаъин ан-Нававия» китобида Қуръони Карим билан ҳадиси қудсий орасидаги фарқ борасида қуйидагилар айтилган: «Қуръон ҳадиси қудсийдан қуйидагилар билан фарқланади: – Қуръони Каримни Жаброил алайҳиссалом келтириши шарт. Ҳадиси қудсийда бу шарт йўқ. – Қуръони Каримнинг маъносини ривоят қилиб бўлмайди. Ҳадиси қудсийнинг маъносини ривоят қилса бўлади. – Қуръони Каримнинг лафзи Аллоҳ таолодандир. Ҳадиси қудсийнинг лафзи Аллоҳ таолодан бўлиши шарт эмас. – Қуръони Каримни таҳорат билангина ушлаш мумкин. Ҳадиси қудсийда бу шарт йўқ. – Қуръони Карим қироати намозда фарздир. Ҳадиси қудсийни намозда ўқиб бўлмайди. Агар қасддан ўқилса, намоз бузилади. – Қуръони Каримнинг ҳар бир калимаси тиловатига ўн савоб берилади. Ҳадиси қудсийда бундай эмас. – Қуръони Каримнинг бир ҳарфини инкор қилган одам кофир бўлади. Ҳадиси қудсийни инкор қилган ёки санади тўғри эмас, деган одам эса кофир бўлмайди. – Қуръони Карим тавотур ила собит бўлган. Ҳадиси қудсий ундай эмас». Қўшимча тарзда айтиб ўтиш керак бўлган нарсалардан бири шуки, ҳадиси қудсийлар оз бўлиб, уларнинг сони мингтача. Ўша ададнинг ичида саҳиҳи ҳам бор, заифи ҳам бор. III. Ҳадиси набавий. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари иккига бўлинади: 1. Аллоҳ таолодан фаришта Жаброил алайҳиссалом орқали ваҳий қилинганлари. Жаброил алайҳиссалом Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони Карим оятларидан бошқа ваҳийларни ҳам келтириб турганлари маълум ва машҳур. Ана шу қисм ваҳийлар Суннат сифатида ворид бўлган. Бу хилдаги Суннатни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кишиларга етказганлар. У зотнинг етказишдан бошқа ҳеч қандай дахллари бўлмаган. Бунга мисол тариқасида имом Абу Муҳаммад ибн Қутайба «Аёл киши ўз аммаси ёки холаси устига никоҳланмас» деган ҳадисни келтирадилар. Бу ҳадис ваҳий бўлиб, унинг маъносини Жаброил алайҳиссалом Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга етказганлар. У зот ҳам ўз навбатларида мусулмон умматига етказганлар ва ҳаётга татбиқ қилганлар. Мазкур ҳадис ворид бўлганидан бошлаб ҳамма мусулмонлар учун амма ёки хола устига уларнинг қиз жиянини кундош қилиб олиш ҳаром бўлган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Бу ҳукмдан фалончи истисно», деб айта олмаганлар. 2. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Жаброил алайҳиссалом орқали ваҳий қилинган эмас, балки у зотнинг ўзлари ижтиҳод этганлари. Бундай нарсаларнинг асосий қоидаларини ва мақсадларини Аллоҳ таолонинг Ўзи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга баён қилиб берганидан сўнг, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни ўз ижтиҳодлари ила баён қилганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу борадаги ижтиҳодлари ҳам ваҳий ўрнида бўлган. Агар хато бўлса, Аллоҳ таоло тўғрилаб қўйган. Бу қисмдаги Суннатда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи тасарруфотлар қилишга ҳақлари бўлган. Мисол учун, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эркак мусулмонлар учун ипак кийим кийиш ҳаром эканини баён этганларидан кейин, Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу ўзларининг хасталиклари ипак кийишни тақозо этишини айтиб, у зотдан изн сўраганларида, у кишига ипак кийим кийишга рухсат берганлар. Агар бу ҳукм Жаброил алайҳиссалом келтирган ваҳий бўлганида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон ўзларича рухсат бермаган, балки бошқа ҳолатлардаги каби, Аллоҳ таолодан бирор хабар келишини кутган бўлар эдилар. Ҳадис китобларимизда келтирилган ривоятларнинг аксарияти ушбу қисмга – Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан пайғамбарликни етказиш юзасидан содир бўлган икки хил Суннатга тааллуқлидир. Ислом шариатининг аҳкомларига тегишли барча нарсалар – ибодат, эътиқод, охират, одоб-ахлоқ, солиҳ амалга тарғиб қилиш, ёмонликлардан қайтариш каби ишлар шулар жумласига киради. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Ҳашр сураси, 7-оятида: «Расул сизга нимани берса, ўшани олинглар ва нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар», деганда, айнан шу турдаги Суннатни қасд қилгандир. Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларининг маъноси Аллоҳ тарафидан, лафзи у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидандир. Ҳадиси қудусийнинг маъноси ҳам, сўзи ҳам Аллоҳ таолодан. Оддий ҳадиснинг маъноси Аллоҳ таолодан, сўзи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан. Ҳадиси қудсий асли Аллоҳ таолонинг сўзи бўлса-да, Пайғамбаримизга Жаброил (алайҳиссалом) орқали туширилмаган, балки, бевосита илҳом қилинганидан кейин эълон этилган.