Ҳар бир инсон учун алоҳида белгиланган фаришталар бор.Аллоҳ таоло «Раъд» сурасида: «Унинг олдида ҳам, ортида ҳам таъқиб қилгувчилар бор. Улар уни Аллоҳнинг амри ила ҳифз қилиб турурлар», деган (11 - оят).Яъни, ҳар бир одам боласининг«олдида ҳам, ортида ҳам таъқиб қилгувчилар бор».Яъни, унинг ҳар тарафида кузатиб юрувчи фаришталар мавжуд. Ушбу фаришталар ҳақида Имом Бухорий розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Улар сизлар учун алмашиб, кетма-кет келиб турадилар. Кечаси бир хил фаришталар, кундузи бир хил фаришталар келади. Улар бомдод ва аср намозида жам бўладилар. Аллоҳнинг ҳузурига сиз билан тунни ўтказувчилар кўтарилганларида, улардан, Ўзи сизларнинг ҳолингизни жуда яхши билса ҳам: «Бандаларимни қайси ҳолда тарк қилдингиз?» деб сўрайди. Фаришталар: «Уларнинг ҳузурига борганимизда намоз ўқиётган экан, уларни тарк қилганимизда ҳам намоз ўқишаётган эди», дейишади», деганлар.Бошқа бир ҳадисда эса: «Албатта, сиз билан бирга, сизни хало ва жимоъ пайтидан бошқа вақтда тарк этмайдиган зотлар бор. Бас, улардан ҳаё қилинглар ва уларни ҳурмат этинглар», дейилган.Мазкур фаришталарнинг вазифаларини ояти кариманинг кейинги жумласи баён қилади:«Улар уни Аллоҳнинг амри ила ҳифз қилиб турурлар».Яъни, ўша фаришталар у бандани Аллоҳнинг амри ила ҳифз қилиб турурлар. Ушбу жумладаги «ҳифз» сўзи «сақлаш» ва «ёдлаб, эслаб қолиш» маъноларини билдиради. Бандага бириктирилган фаришталар ушбу икки ишни бажарадилар. Яъни, бандани турли ёмонликлардан сақлаб турадилар ҳамда қилаётган амалларини ёзиб, ёдда сақлаб борадилар.Ушбу оят ва ҳадисларга ҳамда шу маънодаги яна бошқа ҳужжатларга суянган ҳолда уламоларимиз қуйидагиларни таъкидлайдилар:Бандани турли ҳодиса ва ёмонликлардан ҳимоя этиш учун фаришталар навбат билан қўриқчилик қиладилар. Шунингдек, унинг амалларини ёзиб бориш учун ҳам кечаю кундуз маълум фаришталар алмашиб турадилар. Иккитаси ўнг ва чап тарафда туриб, ўнг тарафда турган фаришта яхши амалларни, чап тарафда тургани гуноҳ амалларини ёзиб боради. Яна икки фаришта олд ва орқадан уни қўриқлаб турадилар. Демак, банда доимо тўрт фариштанинг ўртасида юради. Улар кундузи ва кечаси алмашиб туришади.Аллоҳ Ўзи юқорида зикр қилганидек, ҳамма нарсаларни, ҳатто бандалар учун ўта махфий бўлган ҳолатларни ҳам жуда аниқлик ила билиб туришига қарамай, ҳар бир бандага тўрттадан фариштани бириктириб қўйгандир. Улардан иккитаси банданинг ҳар бир қилган амалини ўша вақтнинг ўзидаёқ ёзиб қўяди. Бу ҳар бир бандага катта масъулият юклайди. Фаришталардан иккитасининг бандани қўриқлаб туриши эса Аллоҳ уни мукаррам қилганини кўрсатади. Демак, ҳар бир инсон ўша икромга лойиқ бўлиб, ўша масъулиятни ҳис этмоғи керак. Ўзини ўнглашга, тузатишга, Аллоҳнинг розилигини қозонтирадиган амалларни бажаришга уриниши лозим.Аллоҳ таоло «Анъом» сурасида: «У бандалари устидан ғолибдир. У устингизга ҳафазаларини юборадир», деган (61 - оят).Аллоҳ таоло доимо бандалари устидан ғолибдир, Ўз иродасини ўтказиб тургувчидир.«У бандалари устидан ғолибдир».Аллоҳ таоло ғолиблигидан бандаларининг ҳар бир ҳаракат ва саканотларини кузатиб, ҳисоб-китобини қилиб туради.«У устингизга ҳафазаларини юборадир».«Ҳафаза» – ҳар бир инсонга бириктирилган фаришталарнинг номи бўлиб, улар қиладиган ишнинг маъносини англатади. Биринчи маъно – муҳофаза қилиш, сақлаш маъноси бўлиб, ўша фаришталар ўзлари бириктирилган одамни муҳофаза қилиб турадилар. Иккинчи маъно – ёд олиш маъноси бўлиб, мазкур фаришталар ўзлари бириктирилган инсоннинг ҳамма қилган иши ва айтган сўзларини ёдлаб боради. Хулоса қилиб айтганда, инсон бир лаҳза ҳам Аллоҳ таолонинг кузатувидан четда қолмайди. Буни англаган инсон фақат яхшилик қилиб, доимо ёмонликдан четланади.