Ассалому алайкум! Хотиним мени рухсатимсиз ишга чиқди. Мен уни ишга қўймадим, у эса менга қаршилик қилиди. Жаҳл устида уни туртдим ва бир марта бошига урдим. Ўшанда у мени сенсираб “йўлдан қоч” деб жанжал орқали чиқиб кетди. Кечга яқин кўчини олиб уйига кетди. Шу сабабли бу аёлга қанақа гуноҳ ёзилади? Эрини рози қимаганлиги?
Ва алайкум ассалом! Ҳадисда қуйдагича келади:
عن ابن عباس رضي الله عنهما : " أن امرأة من خثعم أتت النبي صلى الله عليه و سلم فقالت : يا نبي الله ! إني امرأة أيم ، وإني أريد أن أتزوج ، فما حق الزوج على زوجته ؟ فإن استطعتُ ذلك ، وإلا جلست أيما ؟ فقال النبي صلى الله عليه و سلم : ( إن حق الزوج على زوجته إذا أرادها على نفسها وهي على ظهر بعيره لا تمنعه ، ومن حق الزوج على الزوجة أن لا تعطي من بيتها إلا بإذنه ، وإن فعلت ذلك كان الإثم عليها والأجر لغيرها ، ومن حق الزوج على الزوجة أن لا تخرج من بيته إلا بإذنه ، فإن فعلت ذلك لعنتها الملائكة حتى ترجع أو تتوب ) " رواه البزار
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Хосъам қабиласидан бир аёл келиб : “Эй Набиюллоҳ мен бева аёлман, турмушга чиқмоқчиман, эрнинг аёли зиммасидаги ҳаққлари нимадан иборат? Агар қодир бўлсам турмуш қиламан, йўқса бева ўтиравераман” деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам : “Эрнинг аёли зиммасидаги ҳаққи, эр қачон аёлини хоҳласа аёли туянинг устида бўлса ҳам ўзини ман қилмайди. Эрининг уйидан эрининг изнисиз (бирор кимсага) ҳеч нарса бермайди. Агар шундай қилса, гуноҳ хотинга, ажр эрга бўлади. Эрнинг аёли устидаги ҳаққларидан бири шуки, эрнинг уйидан унинг изнисиз ташқарига чиқмайди. Агар чиқса, то қайтгунича ёки тавба қилгунича фаришталар уни лаънатлайди” дедилар".
Баззор ривояти.
Аллоҳ таоло “Нисо” сурасида марҳамат қилади:
الرِّجَالُ قَوَّامُونَ عَلَى النِّسَاء بِمَا فَضَّلَ اللّهُ بَعْضَهُمْ عَلَى بَعْضٍ وَبِمَا أَنفَقُواْ مِنْ أَمْوَالِهِمْ فَالصَّالِحَاتُ قَانِتَاتٌ حَافِظَاتٌ لِّلْغَيْبِ بِمَا حَفِظَ اللّهُ وَاللاَّتِي تَخَافُونَ نُشُوزَهُنَّ فَعِظُوهُنَّ وَاهْجُرُوهُنَّ فِي الْمَضَاجِعِ وَاضْرِبُوهُنَّ فَإِنْ أَطَعْنَكُمْ فَلاَ تَبْغُواْ عَلَيْهِنَّ سَبِيلاً إِنَّ اللّهَ كَانَ عَلِيًّا كَبِيرًا
34. Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан устун қилгани ва молларидан сарфлаганлари учун эркаклар аёлларга раҳбардирлар. Солиҳа аёллар итоаткор ва Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимояси бўйича ғойиб(эр)ларининг муҳофазасини қилувчилардир. Бош кўтаришларидан хавф қилинган аёлларга ваъз-насиҳат қилинг, ётоқларида ҳижрон қилинг ва уринг. Агар итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманг. Албатта, Аллоҳ Олийдир, Улуғдир.
Ҳар бир жамиятга раҳбар лозим. Раҳбари бўлмаган жамиятда тартиб-интизом, тинчлик-омонлик ва хайр-барака бўлмайди. Ислом таълимотлари бўйича, оила энг муҳим жамият бўлиб, катта жамиятнинг асосий ғишти ҳисобланади. Ғиштлари пишиқ иморат мустаҳкам бўлганидек, оилалари аҳил бўлган жамият ҳам мустаҳкам, бақувват бўлади. Шундай муҳим муассаса бўлган оиланинг раҳбари бўлмаслиги мумкин эмас. Нима учун Исломда оила раҳбарлиги эркакка берилади? Бу саволга ушбу ояти каримада шундай жавоб берилади:
«Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан устун қилгани ва молларидан сарфлаганлари учун эркаклар аёлларга раҳбардирлар».
Демак, оила раҳбарлиги бобида Аллоҳ эркакни аёлдан афзал қилиб яратибди. Дарҳақиқат, эркак киши ўзининг жисмоний тузилиши, ички ва ташқи қиёфаси, асабий, руҳий, нафсоний ва бошқа жиҳатларидан оила раҳбари бўлишга мос қилиб яратилган. Бунинг устига, оила қуриш ва уни тутиб туриш, бу йўлдаги барча сарф-харажатлар ҳам эркак киши зиммасида. У катта меҳнат эвазига топилган молу мулкининг беҳуда кетмаслиги лозимлигини ўйлайди, оилани мустаҳкам ҳолда тутиб туришнинг чора-тадбирларини кўришга мажбур бўлади.
Аллоҳ таоло ҳеч бир ишни беҳикмат қилмайди. Жумладан, эркак киши оила раҳбари бўлган ва у ўз раҳбарлигини шариатда кўрсатилгандек адо этган оилалар бахт-саодатга соҳиб бўлмоқда. Бу кўрсатмага юрмаган оилалар эса бахтсизликка учрамоқда, шундай оилалардан ташкил топган жамиятлар ҳам бахтсизликка дучор бўлмоқда. Бу ерда гапни чўзиб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак.
Аммо мусулмон жамиятларда ҳам баъзан бу умумий қоида бузилганини кўрамиз. Эркак раҳбар бўлган оилада ҳам ноқулайликлар юзага келиб туради. Агар шундай бўлаётган бўлса, одамларнинг, хусусан, ўзини мусулмон ҳисоблаётганларнинг айби биландир. Афсуски, кўплар ояти каримада кўзда тутилган раҳбарликни қаҳр, жабр ва зулм ўтказишнинг имкони деб тушунадилар. Аслида бу раҳбарлик масъулиятдир. Масъулият бўлганда ҳам, улкан масъулиятдир. Ушбу масъулиятга биноан, эркак киши оиланинг, жумладан, аёлнинг ҳомийлигини, боқувчилигини, муҳофазасини адо этмоғи лозим.
«Солиҳа аёллар итоаткор ва Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимояси бўйича ғойиб(эр)ларининг муҳофазасини қилувчилардир».
Яъни мўмина, солиҳа аёлларнинг табиатида эрига итоаткорлик бордир. Биз «итоаткорлик» деб таржима қилаётган сўз ояти каримада «қонитатун» лафзи ила келган. Бу сўз ўз иродаси, рағбати ва муҳаббати ила итоат қилиш маъносини англатади. Демак, мўмина, солиҳа аёлларнинг эрларига итоати ўз масъулиятини тушунган ҳолдан келиб чиққан бўлади. Қўрққанидан, мажбурлашдан ёки бошқа бирор боисдан эмас. Бу итоат ўзини тушунган, ҳаётдаги ўрнини, вазифаси ва масъулиятини ҳис этган гўзал инсоннинг итоатидир.
Мўмина, солиҳа аёлларнинг табиатларидан яна бири – Улар:
«…Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимояси бўйича ғойиб(эр)ларининг муҳофазасини қилувчилардир».
Яъни эрлари ёнларида турган пайтлардагина эмас, улар бирор сабаб билан оиладан узоқда бўлган чоғларида ҳам уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини, обрў-эътиборларини муҳофаза қиладилар. Муҳофаза қилишлари ҳавойи нафсга мувофиқ ёки ўз фикрларича ёхуд эрларининг талабига биноан бўлмайди. Балки бу борада ягона ҳакам, белгилаб берувчи олий томон – Аллоҳ таоло бор. Шунинг учун ҳам оятда «Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимояси бўйича», – дейилмоқда. Улар Аллоҳнинг ҳифз қилишга буюрган нарсаларини муҳофаза қиладилар.
Имом ибн Жарир Тобарий ва Ибн Аби Ҳотимлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом:
«Аёлларнинг яхшиси – назар солсанг, хурсанд қиладигани, амр қилсанг, итоат этадигани ва ғойиб бўлсанг, сени ўз нафсида ва молингда муҳофаза қиладиганидир», – деганлар.
Имом Аҳмад Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом:
«Агар аёл киши беш вақт намозини ўқиса, бир ой рўзасини тутса, фаржини сақласа ва эрига итоат қилса, унга: «Жаннатнинг қайси эшигидан хоҳласанг, киравер», – дейилади», – деганлар.
Лекин беш қўл ҳам баробар эмас, баъзи аёллар солиҳалик мақомига лойиқ бўла олмайдилар. Ҳаддиларида турмай, эрларига қарши бош кўтариб, беодоблик, итоатсизлик кўрсатадилар. Шундай ҳолларда нима қилиш керак? Уларга ҳолатларига қараб муомала қилинади. Итоатсизлик аломатлари кўриниб, эрни беҳурмат қила бошлаганида, унга ваъз-насиҳат қилинади. Ваъз-насиҳат самара бериб, муносабатлар изга тушиб кетса, айни мурод. Агар фойда бермаса, хотиннинг итоатсизлиги, исёни давом этаверса, бошқа чора кўрилади.
Иккинчи босқич чора – ҳижрон, бирга ётмаслик, гаплашмасликдир. Албатта, ҳижрон ваъз-насиҳатдан кўра анча таъсирлидир. Чунки бу масалада аёллар жуда ҳассос бўладилар. Эрларининг уларга эътиборсизлиги, гаплашмай қўйгани кўзларини каттароқ очишга мажбур этади. Ҳали инсофларини йўқотмаган бўлсалар, ўзларига келишларига, хатоларини тузатишларига сабаб бўлади. Аммо бу чора ҳам таъсир қилмаса, аёл буткул инсофини ютиб, итоатсизликда, исёнда давом этаверса, бу унинг яхшилик билан йўлга кирмаслигининг аломатидир. Энди унга нисбатан янада таъсирчанроқ чора – ўзини билмаганларга қилинадиган муомала қўлланади.
Яъни урилади.
«Бош кўтаришларидан хавф қилинган аёлларга ваъз-насиҳат қилинг, ётоқларида ҳижрон қилинг ва уринг».
Аммо уриш деганда, қаттиқ калтаклаш, аъзоларини синдириш ёки бошқа жароҳатлар етказиш тушунилмасин. Ўтган аҳли солиҳ уламоларнинг бирларидан ушбу ояти каримада изн берилган уришнинг маъноси сўралганида, «Мисвок ёки бирор бармоқ билан туртиш», – деган эканлар.
Ҳадис китобларида ривоят қилинишича, Муовия ибн Ҳайра Қушайрий розияллоҳу анҳу:
«Эй Аллоҳнинг Расули, хотинларимизнинг биздаги ҳақлари нима?» – деб сўраганида, Набий алайҳиссалом:
«Агар таом есанг, унга ҳам едирасан, кийим кийсанг, унга ҳам кийдирасан, юзига урма, ёмон сўкма, ташқарида ҳижрон қилма», – деганлар.
Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳнинг чўриларини урманглар!» – деганлар.
Бунга ўхшаш ҳадислар кўп. Кўриниб турибдики, ояти каримадаги уришга берилган изн фақат сиёсат учун, ўзини билмаган аёлларга таъсир ўтказиш учундир.
Аёл киши табиатан аччиғи тез чиқадиган, таъсирчан, шошқалоқ бўлади. Сал нарса баҳонасида эрига нисбатан итоатсизлик ва беодоблик қилиб қўйиши мумкин. Аммо кейин ўзига келиб, итоатга қайтса, уларга қарши чора кўришга зарурат қолмайди. Юқорида саналган чора-тадбирларни ҳам қўллаш шарт бўлмайди.
«Агар итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманг».
Бу нарса оилани мустаҳкамлашга омил бўладиган ишдир. Чунки бир-бирига нисбатан кечиримли бўлиш доимо яхшилик омилидир. Агар ким бу кўрсатмаларга юрмаса, ўзидан кўрсин. Чунки:
«Албатта, Аллоҳ Олийдир, Улуғдир». (“Тафсири Ҳилол” китобидан). Валлоҳу аълам!