Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Рибо

16:16 / 28.02.2017 | Muqaddam | 3241

Ассалому алайкум! Рибо деганда кўпчилик фоизга пул олиш-беришни тушунади. Эшитишимча рибони 250 тури бор экан. Шу тўғрисида маълумот бериб борсангизлар ёки қайси китобни ўқишни тавсия этасизлар. Эътиборингиз учун раҳмат.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом!

عَنْ مَالِكِ بْنِ أَوْسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: الْتَمَسْتُ صَرْفًا بِمِائَةِ دِينَارٍ، فَدَعَانِي طَلْحَةُ بْنُ عُبَيْدِ اللهِ فَتَرَاوَضْنَا حَتَّى اصْطَرَفَ مِنِّي، فَأَخَذَ الذَّهَبَ يُقَلِّبُهَا فِي يَدِهِ، ثُمَّ قَالَ: حَتَّى يَأْتِيَ خَازِنِي مِنَ الْغَابَةِ وَعُمَرُ يَسْمَعُ، فَقَالَ: وَاللهِ لَا تُفَارِقُهُ حَتَّى تَأْخُذَ مِنْهُ، قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم: الذَّهَبُ بِالذَّهَبِ رِبًا إِلَّا هَاءَ وَهَاءَ، وَالْبُرُّ بِالْبُرِّ رِبًا إِلَّا هَاءَ وَهَاءَ، وَالشَّعِيرُ بِالشَّعِيرِ رِبًا إِلَّا هَاءَ وَهَاءَ، وَالتَّمْرُ بِالتَّمْرِ رِبًا إِلَّا هَاءَ وَهَاءَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ

Молик ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Юз динорни сарф қилмоқчи – алмаштирмоқчи бўлдим. Бас, мени Толҳа ибн Убайдуллоҳ чақирди. Икковимиз келишдик ва у менга алмаштириб берадиган бўлди. Тиллани олиб, қўлида айлантириб туриб, «Хазиначим ўрмондан келсин», деди. Буни эшитиб турган Умар: «Аллоҳга қасамки, ундан олгунингча ажрамай тур. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тиллага тилла (алмаштириш) рибодир. «Ол!», «Бер!» бўлса, мустасно. Буғдойга буғдой рибодир. «Ол!», «Бер!» бўлса, мустасно. Арпага арпа рибодир. «Ол!», «Бер!» бўлса, мустасно. Хурмога хурмо рибодир. «Ол!», «Бер!» бўлса, мустасно», деганлар», деди». 

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: «Сарф қилиш» деганда саррофга мурожаат қилиш, пул алмаштириш тушунилади. Молик ибн Авс розияллоҳу анҳунинг юз динор тилла пули бор экан. Уни кумуш пул, яъни дирҳамга алмаштиришга ҳожатлари тушиб, «Ким алмаштиради?» деб, одам излаганлар. Ана шунда у кишини Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу ўз ёнларига чақириб, пулни алмаштириб беришга тайёр эканликларини айтганлар. Икковлари баҳолашиб, бир нархга келишганлар. Молик ибн Авс юз динор тиллани Толҳа ибн Убайдуллоҳга берганлар. У киши тилла пулларни олиб, қўлларида айлантириб туриб, «Хазиначим ўрмондан келса, дирҳамларни сенга бераман», деганлар. Бу гапларни эшитиб турган Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Молик ибн Авсга «Толҳадан ажрамай тур, хазиначиси келиб, сенга дирҳамларни бергандан кейингина ажраб кетсанг бўлади. Бўлмаса, муомалангиз рибога айланиб қолади», деган маънодаги гапни айтганлар. Демак, сарф, яъни пул алмаштириш муомаласининг тўғри бўлиши учун қўйилган тўртта шартдан энг аввалгиси – икки томон муомала жойида туриб, алмаштирилган нарсани қўлма-қўл олишларидир. Агар келишиб бўлгандан сўнг қўлма-қўл олмай ёки бири олиб, иккинчиси олмай, ажрашсалар, келишувлари ботил бўлади. Чунки бу икки ҳолатда ҳам асосий шарт – қўлма-қўл олиш бузилган бўлади ва муомала рибога ўхшаб қолади. Қисқача қилиб айтганда, алмаштирилаётган нарсани қўлма-қўл олмай туриб, ажрашиш мумкин эмас. Агар ўша нарсани қўлма-қўл қилмасалар-да, лекин ажрашмасалар, вақтнинг ўтиши эътиборга олинмайди. Масалан, бирга ухласалар, бир жойга борсалар бўлади. Лекин алмаштирилаётган нарсани қўлма-қўл олмай туриб, ажралишлари билан савдо ботил бўлади. Бу ҳукм келажак ноқулайликларнинг олдини олиш учун қилинган. Агар «Ажрашгандан кейин ҳам бўлаверади», дейилса, бу билан баъзи фирибгарликлар учун катта йўл очилиши мумкин бўлади. Мисол учун, бир томон алмаштириладиган маблағни олиб, «Ҳали ёки эртага олиб келиб бераман», дейди-да, олган маблағни дарҳол «айлантиришга» қўяди. Иккинчи томоннинг молини беришни кечга суриши ҳам мумкин. Орада хилоф чиқади. Бир томон пулини вақтида ололмай, зарар кўради. Бошқа томон эса бировнинг пулидан фойда кўради. Натижада биринчи томон кўрган зарари эвазига ҳақ сўрайди. Агар иккинчи томон ҳақни берса-ю, у олса, рибо бўлади. Олмаса, ичи куяди. Ҳозирги кундаги кўпгина муаммолар ҳам шундан келиб чиқмоқда. Яна ҳадиснинг матнига қайтайлик. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ўзларининг Молик ибн Авсга «Алмаштирган пулингни олмагунингча Толҳа ибн Убайдуллоҳдан ажрамай тур», деганлари шаръий ҳукм эканлигини билдириш учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ҳадисларини келтирдилар. 

«Тиллага тилла (алмаштириш) рибодир. «Ол!» «Бер!» бўлса, мустасно». Яъни, бири «Ол!» деб тиллани бериши керак, иккинчиси ҳам ўша заҳоти «Бер!» деб, тиллани олиб, ўрнига дирҳамни қайтариши лозим. Буғдой, арпа, хурмоларни, яъни бир жинсдаги нарсаларни бир-бирига алмаштиришда ҳам шу қоида ишлатилади. Мисол учун, олий сифатли буғдойни оддий буғдойга алмаштириш, бир навли хурмони бошқа навли хурмога алмаштириш каби ҳолатларда мазкур қоидага амал қилиниши лозим.

عَنْ عُبَادَةَ بْنِ الصَّامِتِ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: الذَّهَبُ بِالذَّهَبِ وَالْفِضَّةُ بِالْفِضَّةِ وَالْبُرُّ بِالْبُرِّ وَالشَّعِيرُ بِالشَّعِيرِ وَالتَّمْرُ بِالتَّمْرِ وَالْمِلْحُ بِالْمِلْحِ مِثْلًا بِمِثْلٍ سَوَاءً بِسَوَاءٍ يَدًا بِيَدٍ، فَإِذَا اخْتَلَفَتْ هَذِهِ الْأَصْنَافُ فَبِيعُوا كَيْفَ شِئْتُمْ إِذَا كَانَ يَدًا بِيَدٍ. وَزَادَ فيِ رِوَايَةٍ: فَمَنْ زَادَ أَوِ اسْتَزَادَ فَقَدْ أَرْبَى، الْآخِذُ وَالْمُعْطِي فِيهِ سَوَاءٌ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ. وَلَفْظُ أَبِي دَاوُدَ: الذَّهَبُ بِالذَّهَبِ تِبْرُهَا وَعَيْنُهَا، وَالْفِضَّةُ بِالْفِضَّةِ تِبْرُهَا وَعَيْنُهَا

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тиллага тилла, кумушга кумуш, буғдойга буғдой, арпага арпа, хурмога хурмо, тузга туз, ўхшашга ўхшаш, тенгма-тенг, қўлма-қўл. Қачон ушбу жинслар турлича бўлса, агар қўлма-қўл бўлса, қандай хоҳласангиз, сотаверинглар», дедилар».Бошқа бир ривоятда: «Бас, ким зиёда қилса ёки зиёда қилишни талаб қилса, батаҳқиқ, рибога йўл қўйибди. Уни олувчи ҳам, берувчи ҳам барибир», дейилган.

 Бешовлари ривоят қилганлар.

Абу Довуднинг лафзида: «Тиллага тилла; ёмбиси ҳам, зарб қилингани ҳам. Кумушга кумуш; ёмбиси ҳам, зарб қилингани ҳам», дейилган. 

Шарҳ: Ушбу ҳадисда зикр этилган моллар рибовий молларга киради. Уларнинг жинси бир хил бўлганда алмаштиришда миқдори ҳам бир хил бўлиши ва қўлма-қўл айрибош қилиниши шарт, акс ҳолда рибога айланиб қолади. Мазкур молларни алмаштиришда зиёдага ва кейин беришга йўл қўйиб бўлмайди. Мисол учун, тиллага тилла сотиладиган бўлса, албатта, оғирлиги тенг бўлиши, олди-берди қўлма-қўл қилиниши керак. Навининг яхши ёки ёмонлигига қараб ёки кейин бериш шарти билан бирининг миқдорини ўзгартириб бўлмайди. Агар савдодаги нарсанинг жинси ҳар хил бўлса, қўлма-қўл бўлиши шарт, акс ҳолда рибо бўлади. Аммо миқдори бир хил бўлиши шарт эмас. Мисол учун, тилла билан кумушни алмаштириш ёки сотиш, қўлма-қўл бўлса жоиз. Вазни бир хил бўлиши шарт эмас. Табиийки, бундай бўлиши мумкин ҳам эмас, чунки икки жинсдаги нарса икки хил қийматга эга. Шунинг учун уларнинг қиймати ва миқдори икки тарафнинг ўзаро розилиги билан бўлади. Бу ҳукм сиртдан қараганда ғалати туюлади. «Бир хил жинсдаги нарсаларни алмаштиришда уларнинг миқдори бир хил бўлиши нима учун шарт қилинган? Ахир бир хил нарсанинг яхши ва ёмони бор-ку? Яхшиси қиммат, ёмони арзонроқ бўлиши ҳам аниқ-ку», деган савол пайдо бўлиши ҳам мумкин. Мисол учун, маълум миқдордаги яхши буғдойга ундан кўпроқ ёмон буғдойни алмаштириш нима учун ҳаром қилинган? Уламоларимиз бунга «чунки бу ишда катта ноаниқлик бор: кимдир зарар кўриши ҳам аниқ. Лекин ким зарар кўради, қанча зарар кўради, билиб бўлмайди», деб жавоб берадилар. Шунинг учун бундай ҳолатда ўша ёмон буғдойни сотиб, унинг пулига ўша алмаштирмоқчи бўлинаётган яхшироқ буғдой харид қилинади. Шунингдек, бир жинсдаги икки хил молни алмаштиришда зиёдага йўл қўйилмаслиги эса бўлажак ҳаром-хариш муомалаларнинг олдини олиш учундир. Чунки бир жинсдаги икки хил нарса, мисол учун, тиллани тиллага алмаштириш унинг сифатидаги, қуйилишидаги, оғирлигидаги ва яна бошқа фарқларни эътиборга олиб, амалга оширилади. Агар бунга рухсат берилса, ғараз ниятли одамлар кейинчалик рибонинг бошқа даражаларига ҳам йўл топадилар. Зиёдага йўл қўйилмаслиги эса бу эшикни ёпади. Шунинг учун ҳам бу хилдаги муомаланинг ҳаром қилинишидаги ҳикматни тушунишда баъзи кишилар қийналишлари мумкин. Шу билан бирга, бу нарсаларни алмаштиришда, агар жинси икки хил бўлса ҳам, қўлма-қўл бўлишни шарт қилишда ҳам, ҳийла билан рибонинг эшиги очилишига йўл қўймаслик ҳикмати ётади. Агар алмаштириладиган нарсаларнинг жинси икки хил бўлса, ортиқ-камига келишилсин, аммо дарҳол қўлма-қўл берилсин. Чунки агар «Кейин берса ҳам бўлади», дейилса, бу билан рибога йўл очилган бўлади. Мисол учун, бир одам бошқасидан тилла олиб туриб, кейинроқ кумуш қайтариб беришга келишилади. Кейинроқ берса ҳам бўлади, деган рухсат бор бўлса, вақт ўтганлиги учун фойда олишга ўтилади. Масалан, вақт ўтгандан кейин қайтариб бериладиган кумушнинг нархи олинган тилланинг нархидан кўп бўлади. Ана ўша кўп миқдор унга берилган муддатга қараб белгиланади. Бундай рибовий ишларда олувчи ҳам, берувчи ҳам баробар гуноҳкор бўладилар. Тилла билан кумуш алмаштиришда ёмби, яъни ишлов берилмагани ҳам, танга қилиб зарб қилингани ҳам барибир. Рибовий молларнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам баробар. Бир хил жинсдаги рибовий молнинг яхшисидан озроқ, ёмонидан кўпроқ бериш мумкин эмас. Бу иш ҳам рибонинг олдини олиш учун қилинганлигини олдин ҳам айтиб ўтдик. Чунки одатда одамлар иккита бир-бирига тенг нарсани алмаштирмайдилар. Фақат орасида фарқ бор нарсаларгина алмаштирилади. Агар ушбу ишга рухсат берилса, рибога олиб бориши турган гап. Рибовий моллар деб, соъ ва мудд каби оғирлик ўлчови билан ёки миқдори вазн билан белгиланадиган тилла, кумуш, буғдой, арпа, хурмо, туз ва бошқа таом бўладиган маҳсулотларга айтилади. Ушбу маҳсулотларда бир-бирини зиёда билан, насияга алмаштириш мумкин эмас. Аммо сон, узунлик ўлчови билан ўлчанадиган нарсалар рибовий моллар ҳисобланмайди. Шунинг учун бир дона тухум икки дона тухумга алмаштирилса бўлади. Чунки бунда икки томон ҳам нима қилаётганини ва молининг миқдори, сифатини жуда аниқ ва яхши билган ҳолда тасарруф қилади. Шу маънода бир метр матони ўз жинсидаги бир ярим метр матога алмаштирса бўлади. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat