Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ҳадисларни шарҳлаб берсангиз

00:00 / 19.01.2010 | eski savollar | 6157

Муҳтарам устоз! Сизга айрим саволларим бор эди. Ижозатингиз билан уларни ҳавола қиламан:

1. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сайҳун, Жайҳун, Фурот, Нил – барчаси жаннат анҳорларидандир», дедилар». Имом Муслим ривояти. («Риёзус-солиҳийн», 1852/46-ҳадис)

2. Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қўзиқорин Бану исроиллар еган ҳолваларидандир. Унинг суви кўз учун шифодир», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари. («Риёзус-солиҳийн», 1867/61-ҳадис)

3. Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У зот: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан еттита ғазотда бирга бўлдик. Ҳаммасида емишимиз чигиртка бўлди», дедилар». Бошқа ривоятда: «Биз у зот билан чигиртка едик» шаклида келган. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари. («Риёзус-солиҳийн», 1832/26-ҳадис)

Юқоридаги уч ҳадисни батафсил шарҳлаб берсангиз.

4. Ҳадисларда Қуръон оятлари ва ҳадисда келган зикр ва дуоларни ўқиса, бандага қандай даражалар ва фазилатлар ато қилиниши хакида ривоятлар мавжуд. Мисол учун, таҳлил, такбир, ҳамд ва тасбеҳ калималарини айтишнинг фазилатлари хакида кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Бу ҳадисларнинг хар бирида унинг хар хил фазилатлари зикр қилинган. Мисол тариқасида битта ривоятни келтирмоқчиман: - «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи»ни 100 маротаба айтган кишининг гуноҳлари денгиз кўпигича бўлса хам кечирилади. - Бошқа ҳадисда эса: Кимки «Субханаллохи ва бихамдихи» деса, унга жаннатда бир хурмо экилади». Дейилган.Мазкур ва бошқа ҳадисларда келган оят ва зикр, дуоларни айтаётганда ўша ҳадисларда келган барча фазилат ва даражаларга эга бўлинадими? Зикрни айтаётганда мана шу зикрлардан ҳосил бўладиган барча савоблар умид қилинадими?

5. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким тонг отганда «Фасубҳаналлоҳи ҳийна тумсуна ва ҳийна тусбиҳун»ни «ваказалика тухрожун»гача (Рум сураси, 17–19-оятлар) ўқиса, шу кунги йўқотган нарсаларини топибди, ким буларни кечки пайт айтса, тунда йўқотган нарсаларини топибди», дедилар».

Юқоридаги ҳадисдаги «шу кунги йўқотган нарсаларини топибди» ва «тунда йўқотган нарсаларини топибди» жумлаларини тушунмадим. Илтимос, батафсил шарҳ қилиб, тушунтириб берсангиз.

6. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч марта дуо қилган ва уч марта истиғфор айтган кишини яхши кўрар эдилар» Абу Довуд ривояти. Нававий ­ «Ал Азкор»да ривоят қилган.

Ҳадисдаги «уч марта дуо қилган ва уч марта истиғфор айтган» жумласини шарҳ қилиб берсангиз.

7. Ҳар намоздан кейин ўқиладиган 33 марта тасбеҳ, ҳамд ва такбир айтиш мустаҳаб амаллардан саналади. Мазкур зикрларни 10-мартадан айтиладиган сийғаси ҳам бор. Лекин 11 мартадан айтилиши ҳақидаги ҳадисни билмайман. Устоз агар иложи 11-мартадан айтилиши ҳақида саҳиҳ ҳадис борми? Бор бўлса бу ҳадисни кимлар қайси ҳадис китобида ривоят қилишган? Иложи бўлса ўша ҳадисни жавобингизда келтириб ўтсангиз. Эътибор ва жавобларингиз учун ташаккур!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

1. Саҳиҳ ҳадисларда келишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«سَيْحَانُ وَجَيْحَانُ، وَالْفُرَاتُ وَالنِّيلُ كُلٌّ مِنْ أَنْهَارِ الْجَنَّةِ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ. 

«Нилу Фурот ва Сайҳуну Жайҳун – ҳаммаси жаннат дарёларидандир», деганлар (Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган). Бу ҳадис мазкур дарёларнинг жаннатдан оқиб чиққанини билдирмайди. Мазкур дарёлар баракали бўлгани учун «жаннат дарёлари» деб номланган.

2. Демак, қўзиқоринни ейиш мумкин экан. Унинг шифобахш хусусияти ҳам бор экан.

3.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ أَبِي أَوْفَى قَالَ: غَزَوْنَا مَعَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ سَبْعَ غَزَوَاتٍ نَأْكُلُ الْجَرَادَ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ.

Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан еттита ёки олтита ғазотда иштирок этдик. Ул зот билан чигиртка ер эдик».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Ушбу ҳадиси шарифдан чигиртка ҳалол экани, уни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, саҳобаи киромлар ҳам тановул қилганлари келиб чиқади.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «أُحِلَّتْ لَنَا مَيْتَتَانِ وَدَمَانِ: فَأَمَّا الْمَيْتَتَانِ فَالْحُوتُ وَالْجَرَادُ، وَأَمَّا الدَّمَانِ فَالْكَبِدُ وَالطِّحَالُ». رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ وَالْحَاكِمُ وَصَحَّحَهُ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бизга икки ўлимтик ва икки қон ҳалол қилинди. Икки ўлимтик – балиқ ва чигирткадир. Икки қон эса жигар ва қораталоқдир», дедилар».

Ибн Можа ва Ҳоким ривоят қилганлар. Ҳоким саҳиҳ деган.

Аслида Аллоҳ таолонинг:

قُل لَّا أَجِدُ فِي مَا أُوحِيَ إِلَيَّ مُحَرَّمًا عَلَى طَاعِمٍ يَطْعَمُهُ إِلَّا أَن يَكُونَ مَيْتَةً أَوْ دَمًا مَّسْفُوحًا أَوْ لَحْمَ خِنزِيرٍ فَإِنَّهُ رِجْسٌ أَوْ فِسْقًا أُهِلَّ لِغَيْرِ اللَّهِ بِهِ

«Менга ваҳий қилинган нарсада таомланувчи учун ҳаром қилинган нарсани топмаяпман. Аммо ўлимтик ёки оқизилган қон, ёки тўнғиз гўшти, – чунки у ифлосдир – ёхуд фисқ ила Аллоҳдан ўзгага атаб сўйилган бўлса, мустасно», деб айт» (Анъом сураси, 145-оят) деган ояти каримасига биноан, асли ҳалол ҳисобланган ҳайвонларнинг ўлимтиги ва оқизилган қони ҳаромдир.

Мазкур ҳадиси шариф эса ана шу умумий ҳукмдан тўрт нарсани: иккита ўлимтикни ва иккита қонни истисно қилмоқда.

«Икки ўлимтик – балиқ ва чигирткадир. Икки қон эса жигар ва қораталоқдир».

Ўлимтик нопок, инсон саломатлиги учун зарарли бўлгани сабабли Ислом шариатида ҳаром қилинган. Агар беморлик ориз бўлмаса, ҳайвон ўз-ўзидан ўлмайди. Қолаверса, ҳайвон шаръий йўл билан сўйилмай, бошқа сабабларга кўра ўлса, қони ва у билан бирга ундаги микроблар, касалликлар бутун баданига тарқалиб кетади. Уни таом сифатида тановул қилган одамга зарар етказади.

Аммо балиқ ва чигирткада бу ҳолат йўқ. Уларнинг сўйилганда оқадиган қони йўқ. Шунинг учун уларнинг ўлимтиги ҳеч қандай зарар етказмайди. Бу нарса илмий тажрибалар орқали ҳам тасдиқланди.

Лекин чигирткадан бошқа қони йўқ қуруқлик ҳайвонлари ҳаромдир. Чаён, ари, пашша шулар жумласига киради.

Жигар билан қораталоқ ҳам асосан қондан таркиб топган бўлади. Аммо ўша қон жигар ва талоққа айланганда зарарсиз ҳолга ўтиб қолади. Шунинг учун ҳам шариатимизда бу икки нарса ҳалол қилинган.

4. Албатта, ҳар кимга ниятига яраша берилади.

5. Бу ерда «йўқотган нарса» «савоб» маъносида келган.

6. Ул зот алайҳиссалом кўпинча аҳамиятли нарсаларни уч марта такрорлар эдилар. Бу ерда ҳам дуо ва истиғфорни уч марта такрорлаш ҳақида сўз бормоқда.

7. Мен ҳам топа олмадим.

 Валлоҳу аълам.

Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2019 йил 03-07/3341

Топ рейтинг www.uz Openstat