Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Осий мусулмон жаннатга кирадими?

00:00 / 04.02.2010 | eski savollar | 3439

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтадилар: «Шаҳидлик омонатдан бошқа ҳамма гуноҳларни ювиб юборади. Қиёмат куни, агар Аллоҳнинг йўлида қатл этилган бўлса ҳам, одамни келтириб, «Омонатни адо қил», дейилади. У эса: «Қандай қилиб уни адо этаман, ахир дунё тугади-ку!» дейди. Шунда унга омонат жаҳаннамнинг қаъридан кўринади. У тушиб, елкасига кўтариб чиқади. Энди чиқай деганда, елкасидан тушиб кетади. У ҳам омонатнинг изидан тушади. Шу ҳолат абадий давом этади». Осий мусулмон кофирдан фарқли ўлароқ, жаҳаннамда маълум муддат қолгандан сўнг жаннатга киритилишини уламолар айтиб ўтишган.
1. Юқоридаги ҳадисдаги «абадий давом этади» лафзини қандай тушунишимиз лозим?
2. Ўз жонига қасд қилган мусулмон ҳам охир-оқибат жаннатга кирадими?


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

Ширкда ўтмагандан бошқанинг охир-оқибат жаннатга киришидан умидворлик бор.

Бу ҳақда «Талхийсу шарҳи ақийдатит-Таҳовия»да қуйидагилар айтилган:

«Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларидан бўлган гуноҳи кабира аҳллари, агар муваҳҳид ҳолда ўлсалар, гарчи тавба қилувчи бўлмасалар ҳам, Аллоҳга У Зотни таниган ҳолларида рўбарў бўлганларидан кейин дўзахда абадий қолмаслар. Улар Аллоҳнинг хоҳиши ва ҳукмидадирлар. Агар хоҳласа, уларни мағфират қилади ва Ўз фазли ила афв этади. Аллоҳ Ўз Китобида: «Ундан (ширкдан) бошқа гуноҳни кимдан хоҳласа, кечирадир», деган (Нисо сураси, 48-оят). Агар хоҳласа, уларни Ўз адли ила дўзахда азоблайди. Сўнгра уларни Ўз раҳмати, аҳли тоатнинг шафоати ила у ердан чиқаради. Кейин эса жаннатига юборади. Бу Аллоҳ таоло Ўз аҳли маърифатини дўст тутгани учундир. Уларни икки дунёда Ўзини инкор қилувчиларга, Унинг ҳидоятидан ноумид бўлганларга ва дўстлигига сазовор бўлмаганларга ўхшатмагани учундир. Аллоҳим, Ислом ва унинг аҳлининг дўсти, бизни Исломда собит қил, токи Сенга у билан рўбарў бўлайлик.

Шарҳ: Агар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматидан бўлган гуноҳи кабира қилган одам тавҳидга эътиқод қилган ҳолида ўлса, дўзахда абадий қолмас. Яъни дўзахда абадий азобланмас. Гарчи ўлимидан олдин қилган гуноҳи кабирасига тавба қилмаган бўлса ҳам. Аммо Роббига рўбарў бўлганда иймонли бўлган одамлар Аллоҳ таолонинг хоҳиши ва ҳукми остидадирлар. Агар У Зот хоҳласа, Нисо сурасининг 48-ояти далолат қилганидек, уларни мағфират қилиб, Ўз фазли ила афв этади. Агар хоҳласа, уларни дўзахда азоблайди. Бу эса Унинг адлидандир. Сўнгра уларни Ўз раҳмати ва фазли ила шафоатсиз ёки аҳли тоатнинг шафоатларидан кейин дўзахдан чиқаради. Гуноҳкорлар эса ҳеч кимни шафоат қила олмайдилар. Мағфират ёки шафоатдан кейин уларни жаннатга юборади. Бу эса Аллоҳ таоло иймон аҳлини яхши кўрганидан, уларга нусрат берганидан, уларни икки дунёда кофирларга ўхшатмаганидандир. Чунки кофирлар Аллоҳнинг ҳидоятидан ноумид бўлган, У Зотнинг муҳаббатига ва нусратига сазовор бўлмаганлардир.

Муаллифнинг «Дўзахда абадий қолмаслар» деганидан хаворижларнинг «Гуноҳи кабира қилганлар дўзахда абадий қолурлар» деган гаплари ботил экани билинади.
Валлоҳу аълам.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077

Топ рейтинг www.uz Openstat