Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Миш-мишларни олдини олиш

07:24 / 16.06.2017 | 2797

Ассалому алайкум! Тeлeграмдаги каналингизда Миш мишларга муносиб жавоб дeган маълумот кeлганди. Лeкин батафсили ҳeч очмаяпти, илтимос шу маълумотни шу ердан кенгайтириб ёзилса. Сабаби бизнинг Марғилонда ҳам шу гаплар юрибди, лекин ман ишонмадим. Ман Ҳазратимиз роҳимаҳуллоҳни ўзимга маънавий устоз дeб биламан. Уларга тeгишли ҳар нарса ман учун қадрли. Шу боис уларни миш-мишлардан муҳофаза қилишни ўзимни бурчим дeб биламан.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом!

МИШ-МИШЛАРГА МУНОСИБ ЖАВОБ

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Аллоҳ таолога ҳамдлар ва Расулимизга салоту саломлар бўлсин! Яқинда бизга бир савол билан мурожаат қилишди. Савол у қадар эътиборга молик бўлмаса-да, лекин уни кўтариб юрганлар, унга қулоқ тутганлар ва ҳатто ишониб, уни тарқатишга, ўз мажлисларида асосий мавзу сифатида талқин қилишга киришиб кетганлар кўпайгани бизнинг мулоҳазали фикр юритишимизга сабаб бўлди. Чунки ақли жойида ва фаросатли ҳар қандай инсон бу каби гапларни кўтариб юрмаслиги керак. Лекин, афсуски, саволнинг ортидан айримларнинг шаънига, обрўсига тажовуз бўлаётгани ҳамда ўтган илм аҳлининг яқинларига озор етаётганини кўриб, бу мавзуга доир қисқа бўлса-да, муносабат билдириш лозим эканини ўйладик. Саволнинг маъноси қуйидагича: Водийда гап тарқабди, эмишки, устозимиз Ҳазрат раҳимаҳуллоҳ ўғиллари Исмоилхоннинг тушларига кирганмишлар ва: «Бу ерда ҳамма саволга жавоб бера олдим, аммо кийган кийимларимга ва тушган расмларимга жавоб бера олмаяпман!» деганмишлар. Бу гап шу қадар тарқалибдики, ҳар мажлисларда, йиғин ва тўйларда аёллар орасида асосий мавзуга айланибди. Гапнинг асосини сўрагандан кўра уни тарқатишда жон куйдираётганлар кўпайгандан кўпайибди. Ҳатто эркаклар ҳам бу гапдан ташвишланиб: «Унинг асоси тўғрими, ростдан ҳам Исмоилхон шундай туш кўрганларми?» дея биздан сўрашгача етиб келдилар. Мухлис инсонлар ташвишда, жоҳиллар эса миш-мишдан ҳаяжонда, душманлар-чи, ҳолатдан қувончда. Аслида бундай туш кўрилмаган ва бунақа гап асосли равишда Исмоилхондан чиқмаган. Буни кимдир қаердадир ўз суҳбатини қизитиш ва суҳбатдошларини лол қолдириш илинжида айтган ҳамда уни эшитганлар орасида миш-мишни тўхтатиш ўрнига қизитадиганлар кўпроқ бўлган. Натижада бу миш-миш жуда кенг тарқалган ва кўпчиликнинг беҳуда ишга уринишига, ёлғон гапларга, вафот этган кишилар ҳақида туҳмат ҳамда бўҳтонлар қилишига, тирик инсонларнинг эса қалблари тирналишига сабаб бўлган. Мусулмон инсоннинг ахлоқи бундай вазиятларда қай савияда бўлиши лозим? Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир қанча кўрсатмалар бизларга етиб келган. Улардан бирини мухтасар шаклда ўрганиб чиқсак. Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аллоҳ сизлар учун оналарга оқ бўлишни, ноҳақликни, қиз гўдакларни тириклай кўмишни ҳаром қилди ва сизларнинг миш мишларингизни, кўп савол беришингизни ҳамда мол исроф қилишингизни ёмон кўрди»(Имом Бухорий ривояти). Бу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг қисқа жумлалари билан кенг маъноларни ифода қилмоқдалар. Унинг маъносига кўра, онага оқ бўлиш улкан гуноҳлардан экани билинмоқда. Ушбу ҳадисда оналарга оқ бўлиш ҳаром экани айтилса-да, аслида ота онага оқ бўлишнинг ёмон амал экани бошқа ривоятларда, шу билан бирга ояти карималарда ҳам ифода қилинган. Яна ҳадиси шарифда гўдак қизларни тириклайин кўмиш ҳаром экани айтилмоқда. Бу ҳадиси шариф айтилган даврда жоҳилият араблари орасида туғилган гўдак қиз бўлса, уни ор ва номус билишиб, тиригича кўмиш одати бор эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мана шу амалнинг ҳаром эканини айтмоқдалар. Ҳадисда қизларни кўмиш ҳаром экани баён этилган ва бунинг айтилишига асосан араблардаги жоҳил қабилалар сабаб бўлган бўлса-да, унинг ҳукми умумийдир. Яъни тўрт ойлик бўлгач, ҳомилага жон киради ва уни шаръий узрсиз олдириб ташлаш худди жоҳилиятдаги арабларнинг ўз қизларини тириклайин кўмганлари билан бир хил амалдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишнинг ҳаром эканини хабар бермоқдалар. Аллоҳ таоло ноҳақликни ҳаром қилди, дейилган жумла араб тилида «манъан ваҳаат»  ифодаси билан келган. Бу калиманинг шарҳида Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: «Яъни Аллоҳ таоло ҳаром қилган амаллардан бири – бу итоат қилиши лозим бўлган ишларда итоат этмай,исён қилиш ва ҳаққи бўлмаган ишларни талаб этишдир». Ҳадиси шарифнинг давомида Аллоҳ таоло бандаларидан содир бўладиган айрим амалларни ёмон кўриши хабари берилмоқда. Булардан бири бизнинг мавзуимизга оид бўлган миш мишлардир. Миш мишлар ким айтганининг асоси бўлмаган, бирор ишончли далилга суянилмай, тарқатиладиган гаплар ҳисобланади. Одатда миш мишлар инсонларнинг орасида кенг тарқалиб, кўпинча дин ва диёнат масалаларида ҳам урчиб кетади. Агар улар ўз вақтида тўхтатилмаса, ҳатто бу каби миш мишлардан туҳматлар, бўҳтонлар, асоси йўқ мавзулар орқали вафот этган кишиларга, уларнинг ортида қолган яқинларига ҳам озорлар етказишга ўтилади. Бизга келган саволдаги ҳодисага кўра, бир олим зотнинг қабрда қийналиб ётгани иддао қилинган. Бу иддаонинг ортидан эса у зотнинг шаънларига бўҳтон уюштирилган, яқинлари, шогирдлари ва мухлисларига озор етказилган. Мана шу вазият Аллоҳ таоло хуш кўрмайдиган вазиятдир. Бундай асоссиз гапларни тарқатишдан ҳаё қилиш лозим. Бир ишнинг исроф эканини айтиш учун ояти карималар, ҳадиси шарифлар ва уламоларнинг ишончли хабари керагидан ортиқ миқдорда бор. Шуларнинг ўзидан фойдаланиб, исрофга қарши туриш, ишончли манбалар билан илмий суҳбатлар қилиш лозим. Исрофни қоралайман, деб вафот топган кишиларнинг шаънига бўҳтон тўқиш, уларнинг яқинларига озор бериш шартмас, балки бундай қилиш улкан одобсизлик ва Аллоҳ таоло хуш кўрмайдиган амаллардан ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам огоҳлантирган миш мишнинг оқибати шу. Ундан инсонлар зарар кўришади ва Аллоҳ таоло инсоният зарар кўриши мумкин бўлган амалларни, албатта,ёқтирмайди. Бу каби миш мишларнинг олдини олиш лозим ва ҳадиси шариф таълимотига кўра,миш мишни тарқатмаслик, уни тарқатадиганларни тўхтатиш даркор. Ҳадиси шарифда кўп савол бериш ҳам Аллоҳ таоло ёқтирмаган амаллардан экани айтилмоқда. Бу ерда беҳуда саволлар назарда тутилган. «Зикр аҳлидан сўранг» саҳифамизга келган саволларнинг орасида худди шундай беҳуда саволлар талайгина. Бу саволларни ўқиб чиқишнинг ўзидаёқ вақт исрофи юзага келади. Чунки беҳуда саволга жавоб бериш имконсиз, саволнинг беҳуда эканини айтишга ҳам вақт сарфлаш керак ва бу ҳам илм аҳлининг вақтига тажовуз ҳисобланади. Аммо дин ва дунё учун фойдали бўлган саволлардан қайтарилмайди. Чунки илм олиш, ҳидоят йўлини топиш, билмаганини сўраш, бошқаларга билмаганларини ўргатиш асносида фойдали саволларга эҳтиёж ҳар доим бўлади ва бу саволларнинг зарурати ҳеч қачон йўқолмайди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам молни зое қилишни ҳам Аллоҳ таоло ёқтирмаслигини айтмоқдалар. Мол дунёнинг исрофи борасида уламоларимиз турли таърифларни келтиришган. Булар орасида энг қисқа ва шомили – мол савоб ишларга қанча кўп сарфланса ҳам, исрофбўлмайди. Аммо гуноҳга сарфланса, арзимас маблағ ҳам исрофдир. Ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар: 1. Аллоҳ таоло ҳаром қилган амаллар гуноҳи кабира ҳисобланиб,ундан сақланиш лозим экан; 2. Онага оқ бўлиш гуноҳи кабира экан; 3. Отага ҳам оқ бўлиш онага оқ бўлиш каби гуноҳи кабиралардан экан; 4. Ҳар ким ўз масъулиятини яхши англаши лозим экан ва итоат қилиши керак бўлган ишларда итоатсизлик, ҳаққи бўлмаган ишларни талаб этиш, яъни исёнкорлик ҳаром амаллардан экан; 5. Қизларни кўмиш ҳам гуноҳи кабиралардан бўлиб, бу амал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаги жоҳилият арабларигагина оид эмас экан, балки кимда ким жон кирган фарзандини шаръий узрсиз олдирса, у жоҳилиятдаги ўз қизини тириклайин кўмган араблар билан бир хил иш қилган бўлар экан; 6. Миш миш ёмон амаллардан экан; 7. Миш мишлар ортидан марҳумларга туҳмат, бўҳтонлар қилиниши, тирикларга озор етиб, вақт исроф бўлиши мумкин, шунинг учун миш мишлардан сақланиш лозим экан; 8. Беҳуда саволлар ҳам Аллоҳ таоло ёмон кўрган ишлардан бири экан; 9. Мол исрофидан сақланиш лозим экан ва бунда имкон қадар гуноҳ ишларга пул сарфламаслик, балки яхшиликларга, савоб амалларга маблағ тикиш лозим экан.

Аброр Мухтор Алий

Топ рейтинг www.uz Openstat