Асслому алайкум! Азиз Устозлар, мусофирнинг дуоси ижобат дeйилганни эшитиганман. Мeн бунга шубхада қарамоқчи эмасман, шуни мукаммал ўрганиб чиқиш мақсадида шу ҳақида ҳадис борлигини билмоқчи эдим. Саволим ноўрин бўлган бўлса узр сўрайман, олдиндан катта раҳмат.
Ва алайкум ассалом! عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: ثَلَاثُ دَعَوَاتٍ مُسْتَجَابَاتٌ لَا شَكَّ فِيهِنَّ: دَعْوَةُ الْوَالِدِ، وَدَعْوَةُ الْمُسَافِرِ، وَدَعْوَةُ الْمَظْلُومِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَأَحْمَدُ وَالتِّرْمِذِيُّ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллАллоҳу алайҳи васаллам: «Уч дуо мустажобдир. Уларда шак йўқ. Ота-онанинг дуоси, мусофирнинг дуоси ва мазлумнинг дуоси», дедилар». Абу Довуд, Аҳмад ва Термизий ривоят қилганлар. Шарҳ: Демак, ушбу уч тоифанинг яхши дуосини олишга ва ёмон дуосидан қўрқишга ўтиш керак. Ота-онанинг дуосини олиб, қарғишидан эҳтиёт бўлиш ҳар бир фарзанд учун ўта муҳимдир. Бу маъно бошқа жойларда батафсил баён қилинган. Мусофир одам ҳам ўзининг сафардаги ҳолати ила Аллоҳ таолога яқин бир вазиятга ўтиб қолади. Шунинг учун унинг дуоси ҳам қабул бўлади. Мазлум одам зулм туфайли Аллоҳ таолога илтижоси кучайиб, дуоси мақбул бўладиган бўлиб қолади. (“Ҳадс ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!