Музораба. Музораба, қороз ва муқороза битта маънода ишлатилади. Ироқ аҳли луғатида музораба дейилса, Ҳижозликлар луғатида эса қороз ёки музораба дейилади. Истилоҳда булар салам ёки салафга ўхшаш турли хил бўлади. Музораба деб мол бир тарафдан, амал бошқа тарафдан бўлиб, фойдага шерикчилик қилишга айтилади. Фуқаҳолар музорабанинг жоизлигига Аббос ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳунинг музораба қилганларини далил қилиб келтиришади. “У киши агар молларини музорабага берсалар шерикларига денгиздан юрмасликни, водийга тушмасликни ва ҳўл нарса сотиб олмасликни шарт қилиб қўяр эдилар. Агарда буларнинг бирортасини қилса зомин бўлишини айтардилар”. (Имом Байҳақий. Сунан. 6/111). Саҳобалар ҳам етимлар молини музорабага бериб қўйишарди. Кишилар ичида савдогарликка малакали инсонларнинг моллари бўлмаси мумкин, баъзи инсонларнинг моллари бўлиб, улар тижоратни эплай олмасликлари мумкин. Музорабанинг ҳикматларидан бири шу икки тарафнинг ҳожатини раво қилиш ва молнинг ўсишини таъминлашдан иборатдир. Музораба икки турли бўлади: Мутлақ ёки умумий музораба. Бунда амал, макон, замон ёки шахс таъйин қилинмайди;Муқайяд ёки хос музораба. Бунда юқоридаги нарсалар таъйин қилинади.Фуқаҳолар музораба учун тикиладиган сармояни маълум ва нақд бўлишини шарт қилишган. Бунда қарз ёки савдо молини сармоя қилиш жоиз эмас. Чунки, музораба ёки шерикчилик нақд маблағ билан бошланиб, шу билан ниҳоясига етади. Бунда ҳар икки тараф ўзининг фойда ёки зиёнинни ва ҳиссасини аниқ билади. Музорабада ҳам шерикчилик бобида баён қилганимиздек фойда маълум фоиз суратида бўлиши вожибдир. Икки тарафдан бири фойда учун маълум маблағни шарт қилиб қўйиши жоиз эмас. Чунки баъзида тарафлар фойда кўрмасликлари мумкин. Бунда ушбу таъйин қилинган маълум маблағ шерикчиликни бузади. Ишчи агар музораба фойдаси тахминий фойдадан ортса, маълум маблағни таъйин қилиб олиши жоиз бўлади. Мисол учун фойда юздан ошса, юз оламан дейиши тўғри бўлади. Ишчи яна ойлик ва фойдадан ҳисса олишни ҳам жамлаши жоиздир. Бунинг баёнини биз ижара бобида зикр қилдик. Агар фойданинг ҳаммаси ишчига дейилса, бу шартнома қарз ҳисобланади. Агар фойданинг ҳаммаси мол эгасига дейилса, бу ибзоъ (яъни хайрия учун ишлаб бериш) шартномаси бўлади. Агар фойданинг бир қисми ишчига ва бир қисми мол эгасига таъйин қилинса, ушбу шартнома музораба деб номланади. Ишчи фойдага шериклик сабабли ёки тақсимот сабабли ва ёки келишув сабабли эгалик қиладими, бунда ихтилоф бор. Аслида сармояга зарар етмаган тақдирдагина фойда ҳақида сўз боради. Фойда сармоянинг виқояси, яъни қўриқчисидир. Фойда баъзан ишчининг ҳаракати билан ҳосил бўлади. (Замонавий иқтисод луғатида буни ийродий фойда, яъни кирим фойдаси дейилади). Баъзан эса фойда ишчининг ҳаракатисиз ҳосил бўлиши ҳам мумкин. (Буни сармоя фойдаси дейилади). Зиён ҳам ҳудди шундай. Ибн Ҳазм шундай дейди:“Чорванинг боласи, дарахтнинг меваси, ҳовлининг ижараси сармоя эгасиникидир. Чунки булар унинг молидан ҳосил бўлмоқда. Ишчига эса фақатгина фойдадан насиба берилади. Буни фойда эмас, балки фақатгина савдодан ўсиб чиққан нарса деб номланади”. (Ал-Муҳалло. Ибни Ҳазм 8/249).Бу ердаги фойдадан мурод ийродий яъни кирим фойдасидир. Сармояга ишчининг зомин бўлишини шарт қилишлик жоиз эмасдир. Ишчи агар сармояни қабз қилса, яъни қўлга киритса у омонатдор ҳисобланади. Агар уни тасарруф қилса вакил бўлади. сармояга фойда қўшилса, ушбу фойдадан шарт қилинган ҳисса миқдорида шерик бўлади. Музораба қилувчи ва музораба қилинувчининг нафақасини аниқлаб қўйиш вожибдир. Музораба қилувчининг нафақаси шахсий нафақа бўлиб, бу нафақани унинг молидан қилинади. Музораба қилинувчининг нафақаси тижорий нафақа бўлиб, бу нафақани ушбу молдан сарфланади. Агар музораба қилинувчининг молидан баъзи шахсий нафақалар, мисол учун сафар ва тиббий харажатлар ишлатилса, буларни низо чиқмаси учун келишув асосида чегаралаб қўйиш вожиб бўлади. Музораба қилувчи фақатгина сармоя эгасининг рухсати билан насия савдо қилиши жоиз. Агар унинг рухсати бўлмаса насияга сотиши тўғри бўлмайди. Баъзи фуқаҳолар агар насия сотиш тижорат одатларидан бири бўлса унга рухсат беришган. Шунингдек насияга сотиб олиш учун ҳам сармоя эгасининг рухсати лозим. Чунки насия савдода сармоя эгасининг зомини ортади. Агар сармоя эгаси ишчига музораба молини қарз асосида ишлатишга рухсат берса, унинг қарз олган нарсаси иккиси ўртасида вужуҳ (амал) шерикчии ҳисобланади. Баъзи фуқаҳолар музораба қилувчига сармоя эгасининг рухсати асосида бошқа кишилар билан музораба қилиши ижозатини берганлар.Закотни ҳар ким ўз молидан беради.