- Ва алайкум ассалом! Ҳозирги кунда фуқаҳолар одамлар чалкашмасликлари учун ҳақиқий куфр билан иймонни тўлиқ ажратиб қўйишган. Кофир бўлади деганларидан куфр ирода қилинади. Ҳадисларда эса куфр сўзи турлича маънода ишлатилаверган. Нонкўрликни ҳам аёлни эрига итоатсизлигини ҳам куфр дейилган. Лекин ақоид ва фиқҳ китобларидаги куфрдан мурод исломдан чиқарадиган куфрдир.
عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: يَا مَعْشَرَ النِّسَاءِ تَصَدَّقْنَ وَأَكْثِرْنَ الْاِسْتِغْفَارَ، فَإِنِّي رَأَيْتُكُنَّ أَكْثَرَ أَهْلِ النَّارِ فَقَالَتِ امْرَأَةٌ مِنْهُنَّ جَزْلَةٌ: وَمَا لَنَا يَا رَسُولَ اللهِ أَكْثَرَ أَهْلِ النَّارِ؟ قَالَ: تُكْثِرْنَ اللَّعْنَ وَتَكْفُرْنَ الْعَشِيرَ وَمَا رَأَيْتُ مِنْ نَاقِصَاتِ عَقْلٍ وَدِينٍ أَغْلَبَ لِذِي لُبٍّ مِنْكُنَّ قَالَتْ: يَا رَسُولَ اللهِ، وَمَا نُقْصَانُ الْعَقْلِ وَالدِّينِ؟ قَالَ: أَمَّا نُقْصَانُ الْعَقْلِ فَشَهَادَةُ امْرَأَتَيْنِ تَعْدِلُ شَهَادَةَ رَجُلٍ فَهَذَا نُقْصَانُ الْعَقْلِ، وَتَمْكُثُ اللَّيَالِيَ مَا تُصَلِّي وَتُفْطِرُ فِي رَمَضَانَ فَهَذَا نُقْصَانُ الدِّينِ. وَعِبَارَةُ الْبُخَارِيِّ: أَلَيْسَ إِذَا حَاضَتْ لَمْ تُصَلِّ وَلَمْ تَصُمْ؟ قُلْنَ: بَلَى قَالَ: فَذَلِكَ مِنْ نُقْصَانِ دِينِهَا. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй аёллар жамоаси, садақа қилинглар, истиғфорни кўпроқ айтинглар. Албатта, мен сизнинг дўзах аҳлининг кўпи эканлигингизни кўрдим», дедилар. Улардан бир гапга уста аёл:
«Эй Аллоҳнинг Расули, бизга не бўлдики, дўзах аҳлининг кўпи эканмиз?» деди.
«Лаънатни кўпайтирасиз, эрга куфр келтирасиз. Сизга ўхшаган ақли ва дини ноқисларнинг ақл эгаси устидан ғолиб бўлишини кўрмадим», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, ақл ва диннинг нуқсони нимадир?» деди.
«Ақлнинг нуқсони – икки аёлнинг гувоҳлиги бир эркакнинг гувоҳлигига тўғри келади. Бу ақлнинг нуқсонидир. Аёл бир неча кунларни намоз ўқимай ўтказади ва Рамазонда рўза тутмайди. Бу диннинг нуқсонидир», дедилар».
Бухорийнинг иборасида:
«Ҳайз кўрган пайтида намоз ўқимай, рўза тутмай қўядими?» дедилар.
«Худди шундай», дейишди.
«Бу диннинг нуқсонидир», дедилар» шаклида келган.
Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиснинг ровийси Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу билан юқорида танишганмиз. Қўшимча равишда айтамизки, китобларимизда Ибн Умар, дейилса, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан бошқа одам назарда тутилмайди. Шунингдек, Ибн Масъуддан мурод, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудир.
Муаллиф бу ҳадиси шарифдаги аёл киши ҳайз пайтида намоз ўқимаслиги ва рўза тутмаслигини диндаги нуқсон эканлиги ҳақидаги гапларни иймонда зиёдалик ва нуқсон бўлишига далил қилиб кетмоқдалар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг исломий тарбиясига алоҳида эътибор берар эдилар. Доимо муслима аёлларни илм-маърифатга чорлар эдилар. Аёллар учун алоҳида илмий мажлислар ўтказар эдилар. Уларнинг ўзларига хос ваъз-насиҳатлар қилар эдилар. Ана шундай муносабатларнинг бирида У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам мўмина-муслима аёлларга хитоб қилиб:
«Эй аёллар жамоаси, садақа қилинглар, истиғфорни кўпроқ айтинглар. Албатта, мен сизнинг дўзах аҳлининг кўпи эканлигингизни кўрдим», дедилар».
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Меърожга чиққанларида кўп нарсаларни, жумладан, дўзахни ҳам, дўзах аҳлининг аксарияти хотин кишилар эканлигини ҳам кўрдилар. Бу ерда ўша сафар кўрганлари ҳақида гапирмоқдалар. Аёлларни дўзахдан қутулиш учун садақа қилишга, кўпроқ истиғфор айтишга чорламоқдалар.
Ушбу вазиятда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақиқий пайғамбар эканликлари, меҳрибон ва мушфиқ раҳнамо эканликлари намоён бўлмоқда. Чунки, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бор гапни очиқчасига айтиб, аёлларни тўғри йўлга солиш, саодатманд қилиш учун қайғурмоқдалар. Аччиқ бўлса ҳам, ростини айтмоқдалар.
Ҳақиқий муршид эса очиғини айтади. Муаммоларни тўғри йўл билан ҳал қилишга имкон қидиради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг дўзахда кўп бўлиши ҳақида хабар бериш билан бирга, бу мусибатдан қутулиб қолиш йўлларидан бири садақа бериб, кўпроқ истиғфор айтиш эканлигини ҳам баён қилмоқдалар.
Бу хабарни эшитган саҳобиялар ўзларининг чин мўмина, фозила, оқила аёллар эканликларини исбот қилдилар. Норози бўлиб, бақир-чақир қилмадилар. Расули акрамнинг гапларини тасдиқ қилдилар, унга бутунлай таслим бўлдилар. Лекин илмий мажлис одобига риоя қилган ҳолда уларнинг вакиласи хабарда келган мусибатдан қутулиш, дўзахга тушишдан сақланиш йўлини билиш ниятида, аёлларнинг дўзахга кўп тушишлари нима сабабдан эканлигини сўради:
«Улардан бир гапга уста аёл:
«Эй Аллоҳнинг Расули, бизга не бўлдики, дўзах аҳлининг кўпи эканмиз?» деди».
Берилган саволнинг одобини қаранг. «Нима учун биз дўзахга кўп тушар эканмиз?» ёки шунга ўхшаган гап билан эмас, «Бизга не бўлдики?» деб сўралмоқда. Бунда «Ўзимизда бирор айб бордирки, шундай бўлган, ўша айб нима эканлигини билсак бўладими?» деган маъно бор. Шунинг учун ҳам
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Лаънатни кўпайтирасиз, эрга куфр келтирасиз», дедилар.
Яъни, қарғишни кўпайтирганингиз учун, эрларингизга нисбатан ёмон муомалада бўлганингиз учун шу аҳволга тушасиз, дедилар. Бунда, албатта, мўмина, муслима аёллар учун қарғишдан четланиш ва эрнинг розилигини олишга уринишга тарғиб бор. Айниқса, эр билан бўладиган муомаладаги хатолар кўп ва нозик бўлганлиги учун Пай¬ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қўшимча қилиб:
«Сизга ўхшаган ақли ва дини ноқисларнинг ақл эгаси устидан ғолиб бўлишини кўрмадим», дедилар».
Яъни, ўзингиз ақли ва дини ноқис бўла туриб, ақл эгаси бўлган эркакдан ғолиб келиш учун уринганингиз қизиқ, дейилган. Бу жойда ҳам саҳобиялар аввалгидек одоб-ахлоқ намуналарини кўрсатдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган гапларига бутунлай таслим бўлдилар, уни чин дилдан қабул қилдилар. Шу билан бирга, билиб қўйиш учун савол ҳам бердилар:
Ҳалиги аёл:
«Эй Аллоҳнинг Расули, ақл ва диннинг нуқсони нимадир?» деди».
Бу савол ҳам ўта юксак одоб доирасида берилди. Ҳатто «Аёлларнинг ақли ва динидаги нуқсон нимадан?» ҳам дейилмади. «Ақл ва диннинг нуқсони нимадир?» дейилди. Бу «Сизнинг гапингизни эшитиб, аёлларнинг ақли ва динида нуқсон борлигига таслим бўлдик. Энди ўша ақл ва дин нуқсони нимада намоён бўлишини билиб олсак бўладими?» деганидир.
Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам батафсил жавоб бердилар:
«Ақлнинг нуқсони – икки аёлнинг гувоҳлиги бир эркакнинг гувоҳлигига тўғри келади. Бу ақлнинг нуқсонидир», дедилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша вақтда аёллар учун энг тушунарли бўлган шаръий мисолни келтирдилар. Аллоҳ таоло баъзи бир ишларга гувоҳлик беришда бир эр ва икки хотин бўлса, икки эр гувоҳнинг ўрнига ўтишини таъкидлаган. Бунда, албатта, аёл кишининг аёллиги эътиборга олинган. Чунки Исломдаги аёлнинг ҳар хил ноқулай ҳолатларда иштирок этиши кам бўлади. Шунинг учун ёлғиз аёл гувоҳлик пайтида адашиб қолиши мумкин. Икки киши бўлсалар, бир-бирларига эслатиб туришлари ояти каримада ҳам айтиб ўтилган.
Шу билан бирга, баъзи бир фақат аёлларга хос туғиш ва эмизишга ўхшаш ишларда бир аёлнинг гувоҳлиги қабулга ўтаверади. Кўп эркакнинг гувоҳлиги эса ўтмайди. Шунинг ўзи ҳам юқоридаги гап вазиятни эътиборга олиб айтилганини кўрсатади.
Аёлларнинг эркакларга нисбатан ақли ноқислиги нозик масала бўлиб, Ислом душманлари бу ҳақдаги гапни динимизга қарши таъна тошини отиш учун кўп ишлатиб келмоқдалар. Улар бу масалада икки хотиннинг гувоҳлиги бир эркакнинг гувоҳлигига тенг келишини ва ушбу ҳадисни далил қилиб келтирадилар.
(Икки аёлнинг гувоҳлиги бир эркакнинг гувоҳлигига тенг қилиниши ҳақида юқорида қисман гапирилди, ким бу ҳақда муфассал маълумот истаса, «Тафсири Ҳилол» китобига мурожаат қилсин).
Биз эса бу ерда ҳадиси шарифдаги гап ҳақида сўз юритамиз. Гувоҳлик масаласи шароитга қараб айтилган мисол эканлиги айтиб ўтилди.
Энди аёлларнинг ақли ва дини ноқислар, деб васф қилиниши ҳақида бир оз гаплашиб олайлик. Бу аёлларни қасддан камситиш эмас, балки бор ҳақиқатни очиқ-ойдин айтишдир. Келинг, ҳақиқатнинг кўзига тик қараб, бу масалада очиқча гаплашайлик.
Аввало аёлларнинг ақли ноқис, дегани ҳар қандай аёлнинг ақли ҳар қандай эркакнинг ақлидан паст, дегани эмас. Бу гап нисбийдир. Умуман олганда, ақл нисбатида эркаклар аёллардан устун туриши ҳақидаги гапдир. Чунки, баъзи бир аёлларнинг ақл жиҳатидан кўплаб эркаклардан устун туришини бошқалар эмас, Ислом дини олға сургандир. Бу ҳақиқат Қуръони Каримдаги Сабаъ маликаси ҳақидаги қиссадан ҳам билинади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига келсак, ҳадисларни кўп ривоят қилишда Оиша онамиз иккинчи ўринда турадилар. Кўплаб машҳур саҳоба эркаклар ўзлари ҳал қила олмаган масалаларни ҳал қилиб беришни Оиша онамиздан сўрар эдилар. Ҳеч ким «Аёл кишининг ақли паст бўлади, унинг ривоятини олмаймиз», деган эмас.
Лекин умумий ровийларни олганда, эркаклар устун турадилар. Энг кўп ривоят қилган шахс ҳам эркак киши, ровийлар сони ҳам улар ичида эркаклар аёллардан кўп эканлигини кўрсатади. Худди шу ҳолат бошқа иш ва соҳаларда ҳам яққол кўринади.
Қайси бир соҳани олиб кўрсак, аёллардан баъзиларининг ақли ўткир бўладилар, аммо асосий ўткир ақл эркакларда бўлади. Жисмоний лаёқатларни бир томонга қўйиб турайлик. Чунки, бугунги кунда эркакларнинг жисмоний тузилиш ва имкониятлар борасида аёллардан устун эканлигини ҳеч ким инкор қилмай қўйди. Негаки, аёллик талаблари шуни тақозо қилади.
Аёл киши хотин, она бўлиши керак. Бунинг учун унга алоҳида латиф тана, тузилиш, жисм ва аъзолар керак. Ҳатто баданидаги тўқималар, ҳужайралар ҳам эркакникидан ўзгача, нафис, юмшоқ, нозик бўлади. Энди ўша нафис, юмшоқ ва нозик нарсалардан таркиб топган нозик аёлда қўпол, кучли, қаттиқ нарсалардан таркиб топган эркакнинг мияси – ақли бўлиши мумкинми? Ҳамма нарсаси ўзига хос бўлган аёлнинг ақли ҳам ўзига хос бўлиши керак. Аёл кишига унинг аёллигига хос ақл керак. Шундай бўлган ҳам. Умуман олганда, эркаклар аёллардан кучли, десак ҳеч ким ажабланмайди.
Энди соф ақлий соҳаларни олиб, солиштириб кўрайлик. Қайси бир соҳани кўриш эса сизнинг ихтиёрингизда. Шоирликни, носирликни оласизми? Алжабр илмини оласизми? Ёки шахматни оласизми? Хоҳлаган соҳангизни олиб кўринг. Баъзи аёллар баъзи эркаклардан зўр бўлиши мумкин. Аммо, умуман олганда, эркаклар ақлий жиҳатдан ҳам худди жисмоний жиҳатдаги каби устун чиқаверадилар. Бу аёлларни камситиш эмас. Балки, уларни ўзига мос, ўзига хос тақдирлашдир. Аллоҳ таоло беҳикмат иш қилмайди. Эҳтимол, аёлнинг ушбу нозиклиги, латофати, юмшоқлиги билан унга эркакнинг ақли берилса, хато қилинган бўлармиди? Аёлнинг ақли ўзига хос бўлиши ўзи учун зийнатдир. Инсоният учун зийнатдир. Оила учун зийнатдир. Эркаклар учун зийнатдир. Агар икки бир хил ақл эгаси эр-хотин бўлиб яшаса ҳам бўлмас эди. Қолаверса, мусулмон бўлмаган уламолар ҳам аёл ва эркакнинг мияларини таҳлил қилиб кўриб, ҳадиси шарифда келган маъно тўғри эканлигини тасдиқламоқдалар.
Энди ўзларича аёлларни «ҳимоя» қилиб, уларни «камситаётган» Исломга бўҳтон тоши отаётганларнинг ўзларига бир назар солайлик. Уларнинг ўзи ким? Аёллар учун нима иш қилиб қўйибдилар? Аёлларни Ислом «камситиши»дан ҳимоя қилаётганлар ғарбликларми ёки Исломга бўҳтон тошини отаётганлар худосизларми? Улар аёлларга нима қилиб бердилар? Улар ҳам, булар ҳам аёлни хўрлашдан нарига ўтмадилар. Икковлари ҳам ёл¬ғондан аёлни мақтаб, алдаб, кўчага олиб чиқишди, унинг ҳаё пардасини йиртиб, фаҳш ишларга судрашди. Иккови ҳам аёлларнинг шаънини ерга уришдан бошқа иш қилмади. Икковлари ҳам аёлга уни ишлаб чиқариш воситаси деб билиб, энг оғир ишларга солиб қўйишдан бошқа «эркинлик» беролмади.
Ислом бор ҳақиқатни очиқ айтгани учун айбдорми? Аёлларнинг аёллигини ўрнига қўйгани учун айбдорми?
Энди диннинг ноқислиги ҳақида сўз юритайлик. Ислом аёлларга ҳайз ва нифос даврида намоз ўқишни ва рўза тутишни ман қилган. Бугунги кунда аёл киши ҳайз ва нифос пайтида қандай ҳолатни бошидан кечиришини билмайдиган одам бўлмаса керак. Демак, ўша ҳолатни, ундаги қийинчиликларни эътиборга олиб, бу икки ўта аҳамиятли ибодатни вақтинчалик тўхтатиб туриш учун аёлларга алоҳида енгиллик берилган. диний амаллардаги бу тўхташ нуқсон ҳисобланмоқда. Яъни намознинг сони нуқсонга учрайди. Рўза тутиш кунлари нуқсонга учрайди.
Аммо, зинҳор ва зинҳор бу иш учун аёлга гуноҳ ёзилмайди, мартабаси камайтирилмайди. Бу ҳам аввалги масала каби ҳақиқатни очиқ-ойдин айтишдан бошқа нарса эмас. Ушбу маъноларни аввало биз, мусулмонлар ўзимиз тўғри тушуниб олмоғимиз, кейин бошқаларга тушунтирмоғимиз керак.
Энди юқорида айтган гапларимиз қуруқ назариядан иборат бўлиб қолмаслиги учун, илмий далил ҳам келтирайлик. Биз келтирадиган далилларни юзага чиқарган одамлар мусулмон эмаслар. Уларнинг Аллоҳдан, Исломдан, ҳадисдан, Қуръондан ва Пайғамбардан умуман хабарлари йўқ. Улар Исломга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган одамлар. Ўз мутахассисликлари бўйича илмий баҳс олиб бориб, натижаларини эълон қилганлар, холос.
Қуйида эътиборингизга тақдим этиладиган маълумотлар «ал-Жамаҳирийя» рўзномасининг 1999 милодий сана, 17 феврал сонидан олиниб, сўзма-сўз таржима қилинди. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!