Ассалому алайкум! 1) Белгиланган закот миқдори 1 оила хисобидан хисобланадими?
2) Закот берувчини онаси дори-дармон олишга эхтиёжи бўлса, ўша дориларини олиб берса закот хисобига ўтадими?
3) Закот берувчининг муддатли қарзи бор, лекин закот беришга хисоби етса бериши керакми?
– Ва алайкум ассалом! 1). Бир оилада нечта одам нисоб эгаси бўлса ҳар бирига алоҳидадан закот вожиб бўлади.
2). Ўтмайди. Закотни ота-онага берилмайди.
3). Қарз икки турга бўлинади. Муъажжал ва муажжал, яъни нақд берилиши керак бўлган ва кейинчалик берилиши керак бўлган қарз. Саволдаги қарз муажжал, яъни кейинчалик берилиши вожиб бўлган қарзга кириб, у закот беришни ман қилмайди.
وَعَنْ أَبِي حَنِيفَةَ لَا يُمْنَعُ وَقَالَ الصَّدْرُ الشَّهِيدُ : لَا رِوَايَةَ فِيهِ ، وَلِكُلٍّ مِنْ الْمَنْعِ وَعَدَمِهِ وَجْهٌ. زَادَ الْقُهُسْتَانِيُّ عَنْ الْجَوَاهِرِ : وَالصَّحِيحُ أَنَّهُ غَيْرُ مَانِعٍ
Абу Ҳанифадан қилинган ривоятда: «(Закот) ман қилинимайди», дейилган.
Содрушшаҳид айтди: «Бу борада ривоят йўқ. Лекин ман қилиш ва ман қилмасликнинг ҳам далиллари бор. Кўҳистоний Жавҳарадан зиёда қилиб: «Саҳиҳ гап шуки, муажжал қарз закот беришни ман қилмайди», деди («Роддул мухтор», 2-жилд, 5-бет). Шунинг учун қўлидаги боридан закот беради» (Муҳаммад Тақий Усмоний).
Баъзилар: «Ўша йилда берадиган қарзини чиқариб юбориб, қолганидан беради», деганлар (Холид Сайфуллоҳ Раҳмоний. Ҳиндистон фиқҳ академияси раиси). Аввалгиси эҳтиётлироқдир. Валлоҳу аълам!