- Ишингиз риё эмас, иншааллоҳ. Уларнинг ноўрин гапларига ўкинманг. Ҳаммаси яхши бўлади. Ўтган гуноҳларга тавба қилиб, надомат чекиб, қайта қилинмаса, Аллоҳ таоло кечиради. Уларни ҳадеб ўйлайвериш ҳам керак эмас. УМИДСИЗЛИК ВА ШУМЛАНИШГА ҚАРШИ КУРАШ. ИНСОНДА ОРЗУ-УМИДНИ ВА ЎЗИГА ИШОНЧ РУҲИНИ ТИРИЛТИРИШМуҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оламга тақдим қилган улкан хизматларидан тўртинчиси умидсизлик ва шумланишга қарши кураш ва инсонда орзу-умидни ва ўзига ишонч руҳини тирилтиришдир. Ислом келишидан олдин одамлар Аллоҳнинг раҳматидан умидсизлик ва инсондаги яхшиликларни инкор этиш ҳолига тушиб қолган эдилар. Уларнинг бундай ҳолга тушишларида ўша вақтдаги қадимий шарқий диёнатларнинг ва Оврупо ва Яқин Шарқдаги бузилган масиҳийликнинг ҳиссаси катта эди. Ҳиндистондаги қадимий диёнатлар таносух (руҳнинг кўчиб юриши) ақийдасига эътиқод қилар эдилар. Бу эътиқод бўйича, инсон иродасига ва тасарруфига мутлақо ўрин йўқ эди. Ҳар бир инсон қандайдир иложсиз уқубат тортмоғи лозим эди. Бунинг учун у қандайдир ёввойи йиртқич, уй ҳайвони ёки пасткаш ҳайвон ёхуд азобланган инсон шаклига кирмоғи зурур эди.Масиҳий диёнати эса инсон туғилишидан ва яратилишидан осий ва гуноҳкор бўлиши, Масиҳ ана ўша гуноҳлар учун каффорот ва қурбон бўлганлиги ҳақидаги эътиқодни олға сурар эди. Албатта, бу эътиқод ўз-ўзидан оламнинг маданиятли ўлкаларидаги масиҳийликка эргашган миллионлаб кишилар қалбига шумланиш, келажакдан ва илоҳий раҳматдан умидсизлик руҳини жо қилди.Мана шундай бир вақтда Пайғамбар алайҳиссалом инсон табиати пок-покиза эканлиги, унга ҳали бирор нарса битилмагани, унга энг гўзал нарсалар нақш қилиниши, энг гўзал ёзувлар ёзилиши мумкинлигини эълон қилдилар. Ҳар бир инсон ўз ҳаётини ўзи бошлаши, савоб, гуноҳ ва жаннату дўзах унинг ўзининг амалига қараб бўлишини эълон қилдилар. Қуръони Карим кўплаб жойларда ҳар бир инсон фақат ўз амалидангина масъул эканлиги, ўз қилганига қарабгина савоб ёки иқоб олишини таъкидлади:«Албатта, ҳеч бир юкли жон бошқанинг юкини кўтармас. Ҳар бир инсонга ўз қилганидан бошқа нарса йўқ. Ва албатта, унинг саъй-ҳаракати тезда кўринур. Сўнгра жазо мукофоти унга тўлиқ берилур» («Нажм» сураси, 38-41-оятлар).Ушбу эълон инсонга ўз табиатига ва табиий имкониятларига нисбатан йўқолган ишочни қайта тиклади. У ўзига Ислом томонидан берилган кучли азиймат, зиёда ҳиммат ва янгича қувват ила ўз келажагини ва инсоният келажагини барпо қилишга киришди.Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам маъсиятлар, гуноҳлар, хатолар ва адашувлар инсон ҳаётида ўткинчи нарсалар эканлигини, инсон уларни билмасдан, ғурурга кетиб, тушунмасдан, шайтоннинг иғвосига учиб, ҳавойи нафснинг кўйига тушиб қилишини эълон қилдилар. У зот яхшилик, гуноҳни эътироф қилиш, афсус-надомат каби хислатлар инсоннинг жавҳарида борлигини ва Аллоҳга ёлвориш, тазарруъ қилиш ва гуноҳдан бутунлай қайтишга азму қарор қилиш инсоннинг шарафи ва Одам отадан қолган мерос эканлигини ҳам эълон қилдилар.Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам гуноҳ ва разолатга қулоқларигача ботган хатокорларга тавбанинг эшигини кенг очиб қўйдилар ва унга одамларни умумий равишда даъват қилдилар. У зот тавбанинг фазлини етарлича шарҳ қилиб бердилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам диннинг бу улуғ асосини қайта тирилтирдилар ва шунинг учун ўзларининг гўзал исмлари қатори «Набийюттавба» – Тавба Пайғамбари лақабини олдилар. Чунки у зот тавбага зарур бўлиб қолганда ишлатиладиган нарса деб эмас, балки энг афзал ибодатлардан бири деб қарадилар. Инсон тавба воситаси ила тез вақтда қурбат ва валийликнинг олий даражаларига эришадиган бўлди. Бу даражага Аллоҳнинг обид, зоҳид, аброр ва ахёр бандалари ҳавас билан қарайдиган бўлдилар.Қуръон тавбанинг фазлини ва кенглигини ҳамда инсоннинг энг катта гуноҳлардан покланиш йўлларини қалбларни ларзага соладиган ажойиб бир услубда баён қилиб берган. У осий ва гуноҳкорларни, ҳавои нафс ва шайтон қулларини Аллоҳдан паноҳ сўраш, У зотга қараб қочишга чақирди.«Сен (Менинг тарафимдан): «Эй ўз жонларига исроф (жабр) қилган бандаларим! Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, Унинг Ўзи Ғофур ва Роҳиймдир», деб айт» («Зумар» сураси, 53-оят).«Тавба» сурасидан олинган келаси оятда Аллоҳ таоло Ўзининг солиҳ бандаларидан бир неча тоифасини зикр қилади ва ушбу рўйхатни тавба қилувчиларни эслаш билан бошлайди:«(Улар) тавба қилувчилар, ибодат қилувчилар, ҳамд айтувчилар, рўза тутувчилар, рукуъ қилувчилар, сажда қилувчилар, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарувчилар, Аллоҳнинг чегарасини сақловчилар. Ва мўминларга башорат бер!» («Тавба» сураси, 112-оят).Ўз гуноҳидан қайтиб, тавба қилган бандага бериладиган бундай улуғ мартаба Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саҳоба бўла туриб, узр¬сиз Табук ғазотига бормай қолган уч кишининг тавбаси қабул бўлганлиги эълон қилинганда яққол кўринди. Қуръон ушбу муолажани мазкур ғазотдан қолмаган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, муҳожирлар ва ансорийларни зикр қилишдан бошлади. Шундан кейингина ҳалиги уч кишини зикр қилди. Бу ўша ғазотдан узрсиз қолганлар ўзларини ноқулай сезмасликлари учун қилган эди. Дунё тарихида, динлар тарихида, фалсафалар ва тузумлар тарихида бундан гўзалроқ тавба қабул қилиш борми ўзи?«Батаҳқиқ, Аллоҳ Набийнинг ва унга қийинчилик соатида эргашган муҳожир ва ансорларнинг тавбасини қабул қилди. Улардан баъзиларининг қалблари тойиб кетай дегандан сўнг тавбаларини қабул қилди. Албатта, У Зот уларга марҳаматли ва меҳрибондир.Ортда қолдирилган уч кишининг ҳам. Ниҳоят, уларга кенг ер тор бўлиб, юраклари сиқилиб, Аллоҳдан Унинг Ўзидан бошқа бошпана йўқлигига тўла ишонганларида бутунлай қайтишлари учун (Аллоҳ) тавбаларини қабул қилди. Албатта, Аллоҳ Ўзи Таввоб ва Роҳиймдир» («Тавба» сураси, 117-118-оятлар).Сўнгра Қуръон асосий қоида сифатида Аллоҳнинг раҳмати кенглигини ва У зотнинг раҳмати ғазабидан олдин эканлигини эълон қилди.«Раҳматим эса ҳамма нарсадан кенгдир» («Аъроф» сураси, 156-оят).Ҳадиси қудсийлардан бирида:«Албатта, Менинг раҳматим ғазабимдан ўзиб кетгандир», дейилган.Аллоҳ Қуръонда Яъқуб алайҳиссалом тилларидан:«Ҳақиқатан, фақат кофир қавмларгина Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлурлар», деган («Юсуф» сураси, 87-оят).Бошқа бир жойда Иброҳим алайҳиссаломнинг гаплари зикр қилинади:«Фақат адашганларгина Роббининг раҳматидан ноумид бўлурлар» («Ҳижр» сураси, 56-оят).Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу тавбага оммавий очиқ даъват ила, унинг фазлини, кенг¬лигини ва шомиллигини баён қилиш ила ҳоли танг бўлиб қолган инсониятни умидсизлик, шумланиш дардидан қутқариб қолдилар.