Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Жаннатийлик

17:50 / 09.07.2020 | Mirolim | 1498

Ассалому алайкум! "Тежамкорлик ёки зиқналик" номи остида келган саволга берилган жавобда "Имом Аҳмад ибн Ҳанбал улкан саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Набий алайҳиссалом билан ўтирган эдик. У киши: «Ҳозир ҳузурингизга жаннатий киши келади», – дедилар..." деб бошланувчи ҳадис келтирилган экан. Биламиз, жаннат башорати берилган 10 та саҳобий ўтганлар. Ушбу "жаннатий"ликлар орасида фарқ борми? 


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! У 10тадан ташқари ҳам жуда кўп саҳобаларга жаннатийлик башорати берилган. Албатта улар орасида фарқ бор. У 10та саҳобий у мақомни топишлари учун ҳақиқий маънода жасоарт қилганлар. Бошқалар уларни мақомига етишолмайди. Аллоҳ таоло "Тавба" сурасида марҳамат қилади:

 وَالسَّابِقُونَ الأَوَّلُونَ مِنَ الْمُهَاجِرِينَ وَالأَنصَارِ وَالَّذِينَ اتَّبَعُوهُم بِإِحْسَانٍ رَّضِيَ اللّهُ عَنْهُمْ وَرَضُواْ عَنْهُ وَأَعَدَّ لَهُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِي تَحْتَهَا الأَنْهَارُ خَالِدِينَ فِيهَا أَبَدًا ذَلِكَ الْفَوْزُ الْعَظِيمُ۝ 

100. Биринчи пешқадам муҳожирлар ва ансорийлар ва уларга яхшилик билан эргашганлар – Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар. Уларга остларида ан¬ҳорлар оқиб турган жаннатларни, уларни у ерларда абадий – мангу қолувчи қилиб тайёрлаб қўйди. Ана ўша буюк ютуқдир.
Бу тоифадаги мусулмонлар Ислом жамиятининг асл мағизини, жавҳарини ташкил этар эдилар. Булар уч қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисм пешқадам муҳожирларни ўз ичига олар эди.
«Биринчи пешқадам муҳожирлар»
Улар Маккаи Мукаррамада ҳеч ким иймонга келмаганда иймонга келган, кофирларнинг озорларига чидаган, уларнинг зулмларига бардош берган улкан саҳобийлардир. Уламолар «Ушбу оятда олий мақом эгалари, деб сифатланаётган муҳожирлар Бадр урушига қадар Маккаи Мукаррамадан Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилган саҳобалар», – дейдилар. Чунки улар қийин вақтда иймонга келиб, қийин вақтда ҳижрат қилган шахслардир. Бадр урушида мусулмонлар ғолиб келиб, Ислом жамияти юзага чиқиб, ўз таянчига эга бўлганидан кейин ҳижрат қилиш ҳам осон бўлиб қолган.
Иккинчи қисм – «ансорийлар» – Мадина аҳлларидан биринчи бўлиб Исломга келган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Ақабада байъат қилган, дин қардошларини юртлари Мадинага таклиф этган, маккаликлар ҳижрат қилиб борганларида уларга ўзлари емай, едирган, ўзлари киймай, кийдирган, уйларини, молу мулкларини бўлиб берган, дину диёнатлари учун молу жонларидан кечишга тайёр турган мадиналик пешқадам мусулмонлардир.
Учинчи қисм – «уларга яхшилик билан эргашганлар» – пешқадам муҳожир ва ансорийларга яхшилик билан эргашганлардир. Улар васф қилинмиш пешқадам муҳожир ва ансорийлардан кейин, мазкур машҳур воқеалардан кейин мусулмон бўлиб, худди пешқадам мусулмонлар каби ихлосли, ибодатли ва тақводор кишилар бўлганлар. Уларга фақат пешқадамлик – энг қийин вақтларда сафда бўлмаганликлари етишмайди, холос. Уч тоифадаги мусулмонларнинг барчасидан
«Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар».
Банда эришиши мумкин бўлган энг юқори мартаба Аллоҳнинг розилигидир. Зотан, ҳар бир банданинг олий мақсади ҳам шу. Банданинг Аллоҳдан розилиги Унинг қадарига ишониш, қазосидан яхшилик кутиш, неъматларига шукр қилиш, бало-офатларига сабр қилишдир.
Аллоҳ улардан рози эканидан:
«Уларга остларидан ан¬ҳорлар оқиб турган жаннатларни, уларни у ерларда абадий – мангу қолувчи қилиб тайёрлаб қўйди».
Улар мазкур жаннатга вақтинчаликка кирмаслар.
Аллоҳ таоло улардан рози бўлмаганида, уларни бундай икромга сазовор қилмас эди.
«Ана ўша буюк ютуқдир».
Бундан ортиқ ютуқ бўлиши мумкинми? ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat