Ассалому алайкум! Мени бир дардим бор буни ҳеч кимга айтмаганман 1 йил олдин мен рус тилини ўрганиш учун қўшимча дарсга бордим (устозни ёмонлаб гуноҳини олмоқчи эмасман лекин айтмасам жуда жуда қийналдим) устоз бошида жуда ақлли инсонга ўҳшади лекин кейин у мени шундай яқин олдики ўзим ҳам ҳайрон қолдим у менга айтди агар сен бошқа миллат тилини ўрганмоқчи бўлсанг улар ўйлагандай ўйлашинг керак деди у устоз аслида ўзбек лекин 18 ёшигача Россияда яшаган Инжилни ҳам Қуръонни ҳам ўқиб тугатган. Менга руслар ҳақида уларни дини ҳам ёлғон дин эмаслиги ҳақида жуда кўп гаплар гапирди менга христианлар динсиз атеистлар ҳам бир томондан ҳақ эканлиги улар жуда ақлли инсонлар эканлигини айтди менга инжилни ўқишни таклиф қилди мен уйдагиларим бу мақсадимни эшитиб мени рус тилига жўнатмай қўйишди (Аллоҳга шукур, агар чиқариб олишмаганда билмадим ҳозир қандай аҳволда болардим Астағфируллоҳ) кейин мен жуда ҳафа бўлдим, кейин худдикий ичимга бир шайтон кириб олгандек бўлди Қуръон китобни очсам миямда шундай ноҳуш овозлар айланардикий ўқирдим улар ўқима бу ёлғон дерди ўқиганимга ишонмай қўйдим лекин қалбимда бир овоз ўқи деяверарди лекин ўқима дегани жуда кучли эди кейин мен минг афсуслар бўлсинки оғзимдан шундай бир сўз чиқиб кетди айтдим Аллоҳ ўзи бормикин аҳир бу ҳақида исбот йўқку деб юбордим. Шу гапни айтгунча тилим кесилса бўлмасмиди мен кейин намоз ўқишни бошладим истиғфор айтдим рўза тутдим диним аста секин мустаҳкамлана бошлади бир куни таҳажжудга туриб намоз ўқидим роса йиғладим Аллоҳ кечир дедим. Ана шу пайтда ичимдаги шайтон гапирмади лекин бу воқеага бир йил бўлган бўлсада мен барча дин буюрган буйруқларни бажаришга қўлимдан келганча ҳаракат қилсам ва интернет ва китоблар орқали ислом динини чуқурроқ ўргансам ҳам барбир анашу шайтонни овози ўчмагандек лекин мен Пайғамбаримиз ҳақида филмлар кўрсам шундай йиғлайман мен сизга муносиб умматманми Фотима онамиздек қизманми деб мен ислом нури остида ёруғликда эмасдекман. Нима қилсам бу шайтонни овози бутунлай ўчади мен ҳалос бўламан ёки бу доғ бутун умр менга тамғадек бўлиб юрадими?
– Ва алайкум ассалом! Сиз асло тушкунликка тушманг, астойдил тавба қилинг ва Аллоҳга умидни қаттиқ қилинг. Айни вақтда Аллоҳдан қўрқишда ҳам мустаҳкам бўлинг.
У Зот сени Ўзига бутунлай кайтариш учун сенга у(шайтон)ни душман қилди. У Зотга юзланишинг бардавом бўлиши учун нафсни зиддингга ҳаракатлантирди.
Ўтган ҳикматда шайтон инсонга энг асосий ёмонлик қилувчи экани, уни ҳар бир йўлнинг бошида пойлаб туриб, ҳар бир ишини бузишга, Аллоҳ таолога гуноҳ қилишга, У Зотга осий бўлишга ундаши, у лаънати бандага ёмонлик етказиш борасида бир зум ҳам бепарво бўлмаслиги ҳақида сўз юритилган эди. Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳнинг ушбу ҳикматида эса ўтган ҳикматнинг маъносидан келиб чиқадиган «Нима учун Ҳақ субҳанаҳу ва таоло шайтонни инсонга душман қилиб қўйган?» деган саволга жавоб берилмокда. Шу билан бирга, мазкур ашаддий душман - лаънати шайтон билан бирга инсоннинг бошқа бир душмани - нафси ҳам борлиги ҳақида маълумот берилмоқда.
«У Зот сени Ўзига бутунлай қайтариш учун сенга у - (шайтон) ни душман қилди».
Ҳикматнинг ушбу биринчи бўлагининг маъноси - Аллоҳ таоло шайтонни инсонга душман қилиб қўйганига сабаб, у (инсон)нинг Узига бир йўла қайтишини, доимо Ўзига боғланиб туришини таъминлаш бўлган. Ва бу шайтоннинг яратилишидаги асосий ҳикматдир.
Аллоҳ таоло ҳаким Зотдир. Унинг ишларининг бирортаси беҳикмат эмасдир. Жумладан, барча ёмонликларни яратиши ҳам беҳикмат эмасдир. Буюк бобомиз, Аҳли сунна вал жамоа мазҳабидаги мӱминларнинг ақийдасини тўғриловчи, ҳидоят имоми деган унвон эгаси Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг борлигига ёмонликнинг мавжудлигини далил қилиб келтиришлари бежиз эмаслигини шундан тушуниб оламиз. Яъни дунёда ёмонлик бўлмаса, яхшиликнинг қадрига етиб бўлмайди.
Шайтоннинг яратилишидаги биринчи ҳикмат.
Инсон зотини йўқдан бор қилган Зот - Ҳақ субҳанаҳу ва таоло унинг табиатини ҳам ниҳоятда яхши билади. Шунинг учун бандасини Ўзига бутунлай кайтариш, Ўзидан зинҳор узоклаштирмаслик ҳикмати ила лаънати шайтонни яратиб қўйган. Шайтон ҳар бир йӱлнинг бошида ўзини пойлаб турганини ва ундан бир лаҳза ҳам бепарво бўлмаслигини билган инсон доимо Аллоҳ таолодан паноҳ тилаб туради, доимо У Зотнинг Ўзига қочади. Бу барча ёмонликларнинг асли бўлган лаънати шайтоннинг яратилишидаги биринчи ҳикматдир.
Шайтоннинг яратилишидаги иккинчи ҳикмат.
Ҳақ субҳанаҳу ва таоло шайтонни орнинг сочиғи бўлиши учун яратгандир. Яъни барча кирларни, ифлосликлар, содир этилган гуноҳларни унга нисбат бериладиган қилиб қўйган. Бу ҳақиқат Қуръони Каримда ўз ифодасини топган.
Аллоҳ таоло Қасас сурасида марҳамат қилади:
«Ва у шаҳарга унинг аҳолиси гафлатдалигида кирди. Унда урушаётган икки кишини кўрди. Буниси ўз гуруҳидан, униси эса душманларидан эди. Бас, ўз гуруҳидан бўлган душман бўлганга қарши ундан ёрдам сўради. Шунда Мусо уни бир мушт уриб, ўлдириб қўйди. У (Мусо): «Бу шайтоннинг ишидир. Албатта, у очиқ-ойдин душман ва йўлдан оздирувчидир», деди» (15-оят). Бану исроиллик киши Мусо алайҳиссаломдан қибтийга қарши ёрдам сўради. Бундан кўриниб турибдики, Мусо алайҳиссалом қавмлари ичидаги ночорларга ҳар доим ёрдам бериб юрганлар. Шунинг учун ҳам ҳалиги Бану исроиллик у зотни кўриши билан, дарҳол ёрдам сўради. Мусо алайҳиссалом рози бўлдилар. Қибтийга яқин бордилар ва: «Шунда Мусо уни бир мушт уриб, ўлдириб қўйди». Мусо алайҳиссалом қибтийни умуман ўлдирмоқчи эмас эдилар. Унинг ўлиб қолганини кўриб, қаттиқ афсусландилар. «У (Мусо): «Бу шайтоннинг ишидир. Албатта, у очиқ-ойдин душман ва йўлдан оздирувчидир», деди». Мусо алайҳиссалом бу кўнгилсиз ишни шайтонга нисбат бердилар ва шайтоннинг инсон учун очиқ-ойдин душман ҳамда йўлдан оздирувчи эканини таъкидладилар. Аллоҳ таоло Юсуф сурасида марҳамат қилади: «..шайтон мен билан акаларимнинг орасини бузганидан сўнг...» (100-оят) Бу сўзлар Юсуф алайҳиссаломнинг сӯзлари бўлиб, у зот уларни оталарига айтганлар. Акалари ўзларига қилган ёмонликни шайтонга нисбат берганлар.
Аллоҳ таоло Каҳф сурасида марҳамат қилади: «У: «Буни қара, харсангта жойлашганимизда, мен балиқни унутибман. Фақат шайтонгина уни эслашимни унуттирибди. Ажабо, у денгизга йўл олибди», деди» (63-оят).
Тушлик пайти балиқ ёдларига келганда, уни тушириб кўйишгани маълум бўлди. Ҳамроҳ йигит фақатгина Мусо алайҳиссалом тушлик сўраганларидан сўнг балиқнинг йӱқлигини билди. Аввалги, харсанг тошга суяниб дам олган жойларида балиқ сувга тушиб, сузиб кетганини пайқаб қолди. Ҳамда бу ишдан ғоятда ажабланганини баён қилди. Шу билан бирга, ўзининг эсидан чиқариб қўйган айбини шайтонга нисбат берди. Ҳаётда ёмон ишларни, маъсиятларни ва гуноҳларнинг барчасини, ор-номус бўладиган ишларни шайтонга нисбат бериш барча халқларнинг одатига айлангани сир эмас. Мана шу лаънати шайтоннинг яратилишининг бир ҳикматидир.
Шайтоннинг яратилишидаги учинчи ҳикмат.
Ҳақ субҳанаҳу ва таоло лаънати шайтонни Ўз нинг зиддига яратгандир. Пайғамбар алайҳиссаломлар ҳидоятта чорлайдилар, шайтон эса залолатга чорлайди. Оқибатда икки тарафга эргашувчиларга қараб пок нопокдан ажрайди. Пайғамбарларга эргашганлар мӱмин, шайтонга эргашганлар кофир бўладилар. Шу билан бирга, шайтоннинг макри кучсиз эканини ҳам билиб қўйиш лозим. Инсон ўзини билса, Ҳақ субҳанаҳу ва таоло тӳғрисида ҳақиқий маърифатга эришган бўлса, шай- расуллари- тоннинг васвасасига учмаслиги аниқ.
Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади: «Албатта, шайтоннинг ҳийласи заифдир» (76-оят). Ким шайтон ўзининг душмани эканини яхши билса, у билан алоқасини тамомила узса, Ҳақ субҳанаҳу ва таолодан паноҳ топса, у лаънатидан омонда бўлади.
Аллоҳ таоло Наҳл сурасида марҳамат қилади: «Албатта, иймон келтирганларга ва Роббларига таваккул қилганларга у(шайтон)нинг хукмронлиги йўқ” (99-оят).
Шайтон қанча уринмасин, қанча васваса қилмасин, Аллоҳга иймони бор одамни йўлдан ура олмайди. Чунки мўмин одамнинг қалби Аллоҳга боғлиқ бўлади. Аллоҳга боғлиқ қалбга эса на васваса таъсир қилади ва на ғулғула тушади. Аллоҳгагина таваккул қиладиган, фақат Унгагина суянадиган мӱминлар бошқа томонга умуман қиё боқмайдилар. Шунинг учун ҳам шайтон мўминга ва Аллоҳга таваккул қилувчи шахсга султонини — хукмини ўтказа олмайди. (Ҳислатли ҳикматлар шарҳи китобидан). Валлоҳу аълам!