Ассалому алайкум! Дугонамнинг мазаси йўқ бетоб бўлиб қолган. Аммо унинг қариндошлари уни қўярда қўймай хар хил домлаю кинначиларга олиб боришди. Бу етмагандай бугун ис чиқаришди ва ўртоғимга тирик товуқни қонини суркашди. Бу "қонга қон жонга жон" эмуш. Бу нарсалар қанчалик тўғри?
– Ва алайкум ассалом! Бу каби ишларни кофир жинлар билан ишлайдиган фолбинлар қилишади. Улар кофир жинларга атаб жонлиқ сўйиб ҳаром қонини касалга суркашади. Бундайларни олдига бориш ҳам тўғри эмас. Бундайларни гапини тасдиқлаган одам диндан чиқиб қолиш хавфи бор.
عَنْ بَعْضِ أُمُّهَاتِ الْمُؤمِنِينَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُنَّ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ أَتَى عَرَّافًا فَسَأَلَهُ عَنْ شَيْءٍ لَمْ تُقْبَلْ لَهُ صَلَاةٌ أَرْبَعِينَ لَيْلَةً. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَحْمَدُ وَلَفْظُهُ: مَنْ أَتَى عَرَّافًا أَوْ كَاهِنًا فَصَدَّقَهُ بِمَا يَقُولُ فَقَدْ كَفَرَ بِمَا أُنْزِلَ عَلَى مُحَمَّدٍ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ
Мўминларнинг оналари розияллоҳу анҳуннанинг баъзиларидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким аррофга келиб, ундан бирор нарса ҳақида сўраса, унинг намози қирқ кечагача қабул бўлмас», дедилар».
Муслим ва Аҳмад ривоят қилганлар.
Аҳмаднинг лафзида:
«Ким аррофга ёки коҳинга келиб, унинг айтганини тасдиқласа, батаҳқиқ, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган нарсага куфр келтирибди» дейилган.
Шарҳ: Ҳақиқий мўмин учун қирқ кунлик эмас, бир маҳал намозининг қабул бўлмай қолиши улкан мусибатдир. Бу мусибат фақатгина фолбинга бориб, ундан бир нарса ҳақида сўрашнинг жазосидир. Унинг айтганига ишонадими йўқми, фарқи йўқ.
Аммо ким фолбинга бориб, унинг айтганини тасдиқласа, куфрга кетган бўлар экан. Аллоҳнинг Ўзи асрасин! (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!