Ассалому алайкум! Намозда руку қилишда кўзлар саждагохга қараб туриладими ё икки оёқни ўртасигами?
– Ва алайкум ассалом! Ҳанафий, шофеъий ва ҳанбалий мазҳабининг уламолари:
“Намоз ўқувчи қиёмда назари сажда қиладиган жойда бўлиши, рукуъ қилганида икки оёғининг орасида, қаъдада ўтирганида эса, ишора қилган бармоғига қараб ўтиришни мустаҳаб” деганлар.
Намозда кўзни юмиб олиш макруҳ. Чунки бунда бутпарастларга ўхшаш ва суннатни тарк қилиш бордир. Осмонга қараш ҳам жоиз эмас.
НАМОЗДА ОСМОНГА ҚАРАШ ҲАҚИДА
حَدَّثَنَا عَلِيُّ بْنُ عَبْدِ اللهِ قَالَ: أَخْبَرَنَا يَحْيَى بْنُ سَعِيدٍ قَالَ: حَدَّثَنَا ابْنُ أَبِي عَرُوبَةَ قَالَ: حَدَّثَنَا قَتَادَةُ: أَنَّ أَنَسَ بْنَ مَالِكٍ حَدَّثَهُمْ قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ صلي الله عليه وسلم: «مَا بَالُ أَقْوَامٍ يَرْفَعُونَ أَبْصَارَهُمْ إِلَى السَّمَاءِ فِي صَلَاتِهِمْ». فَاشْتَدَّ قَوْلُهُ فِي ذَلِكَ حَتَّى قَالَ: «لَيَنْتَهُنَّ عَنْ ذَلِكَ أَوْ لَتُخْطَفَنَّ أَبْصَارُهُمْ
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу сўзлаб берди:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларга нима бўлганки, намозда осмонга қарашяпти?!» дедилар. Кейин сўзлари кескинлашиб, ҳатто: «Ё бу ишдан тўхташади, ёки кўзлари ўйиб олинади», дедилар».
НАМОЗДА У ЁҚ-БУ ЁҚҚА АЛАНГЛАШ ҲАҚИДА
حَدَّثَنَا مُسَدَّدٌ قَالَ: حَدَّثَنَا أَبُو الْأَحْوَصِ قَالَ: حَدَّثَنَا أَشْعَثُ بْنُ سُلَيْمٍ، عَنْ أَبِيهِ، عَنْ مَسْرُوقٍ، عَنْ عَائِشَةَ قَالَتْ: سَأَلْتُ رَسُولَ اللهِ صلي الله عليه وسلم عَنِ الْاِلْتِفَاتِ فِي الصَّلَاةِ، فَقَالَ: «هُوَ اخْتِلَاسٌ يَخْتَلِسُهُ الشَّيْطَانُ مِنْ صَلَاةِ الْعَبْدِ
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан намозда у ёқ-бу ёққа аланглаш ҳақида сўрадим. «У – шайтон банданинг намозидан уриб қолишидир», дедилар».
(“Олтин силсила” китобидан Саҳиҳул Бухорий).
Намозда кўкрагини ҳам қибладан буриб, ўнг ёки чап тарафларга қарайдиган бўлса, намози бузилади. Валлоҳу аълам!