Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

«Албоний саҳиҳ деган» иборасини ишлатиш мумкинми?

14:49 / 31.10.2014 | "Зикр Аҳлидан Сўранг" | 3668
Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросхўрларидан бўлмиш ҳурматли Устоз! Аллоҳ таоло динга қўшаётган бебаҳо хизматларингизни Ўзи кўплаб ажрлар билан мукофотласин! Биз ёш илми толиблар сизнинг илм булоғингиздан кўп йиллар баҳраманд бўлишликни насиб қилсин! Аллоҳ таолонинг билдирганича ва Сиз муҳтарам устознинг тавсия қилган китобларингизни ўқиб, бемазҳаблик қанчалар залолат эканлигини билиб олдик. Бемазҳаблар қилаётган иддаоларни яхшилаб ўқиган инсон уларнинг мазҳаб тутганларга нисбатан туҳмат, бўҳтон, тўқима гапларни тарқатаётганларини билиб олади. Минг афсуслар бўлсинки, бу илмкўрларнинг («нонкўр» сўзини буздим. Мени кечиринг, устоз! Бундан бошқа мулойимроқ сўз топа олмадим) ўзбек тилига таржима қилинган китоблари, веб саҳифалари диний илмлардан унчалик билими йўқ, оми инсонларнинг бошини гаранг, паришон қиляпти. Эҳтимол, мен айтмоқчи бўлган нарса унчалик муҳим эмасдир, лекин мен бу мавзуга эътибор қилиш керак, деб ўйладим. Уларнинг китобларида ва веб саҳифаларида келтирилган ҳадисларнинг тагига «шайх Албоний саҳиҳ деган» ёки ўша киши «заиф деган» каби ибораларни келтиришади. Ман шайх Албоний ва у кишининг илми ҳақида ҳақида бирор ноўрин сўз айтишдан тийиламан. Чунки бундай нарсаларни олим кишилар гапириши лозим деб биламан. Зеро бу ҳадисларнинг даражаларини бир неча аср олдин муҳаддис уламоларимиз белгилаб, илмий мерос сифатида қолдириб кетганлар. Энди ўша ҳадисларни бизга қолдириб кетган уламоларнинг гапи қолиб, бир кишининг гапи ёзилиши бошқа муҳаддисларга нисбатан ҳурматсизлик эмасми ахир? Сиз устознинг китобларингизда бирор ҳадис келса, кимлар томонидан ривоят қилинганлиги аниқ-тиниқ қилиб ёзилган. Бу ҳам бир омонатдорлик бўлса керак деб ўйлайман. Устоз, бирор ҳадиснинг ким томонидан ривоят қилинганини билмаган ҳолатда ўша ҳадисни айтиш яхшими? Ҳадиснинг кимлар томонидан ривоят қилинганини аниқ била туриб, бирор бир ровийсини айтмаслик қандай бўлади? Бу борада мазҳаб уламоларимиз бирор китоб ёзганмилар? Сизни ҳар хил саволлар билан безовта қилаётганим учун маъзур тутинг. Вақтингизни олганим учун узр сўрайман! Аллоҳ таолодан сизга ва аҳли оилангизга офиятни сўраб дуо қилиб қолгувчи мухлисингиз Жаҳонгирхон!

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

- Муҳтарам Жаҳонгирхон! Мактубингиз учун ташаккур. Аллоҳ таолога шукрлар бўлсин, сизга ўхшаган кишиларимиз кўп ва кундан кунга кўпайиб боришмоқда. Китобларни ва сайтдаги маълумотларни ўрганиб, ўзини ўнглаб олаётганлар ҳам давомли равишда кўпайиб бормоқдалар. Яқинда бир имом домла билан кўришганимизда, ташаккур айтиш асносида «Китобларингиз ва сайтдаги маълумотларингиз бизга жуда қўл келмоқда, аваллари чет элдан туриб фаолият олиб бораётган сайтлардан кўчириб олган нарсаларини кўзимизга тиқиб, таъна қилаётган бемазҳаблар ҳақиқатқни англаб, бизга узр айтишмоқда», дедилар. Бунга ўхшаш гаплар жуда кўп. Ҳозирги пайтда бемазҳабликнинг гапини тарқатаётганлар – мазҳаб ҳақида керакли маълумотни олмай, бирданига бемазҳабларнинг таълимини олганлардир. Ўқишни битирганларидан кейин ҳомийлари уларга сайт очиб, бошқа имконлар ҳам тақдим қилганлар. Шунинг учун улар ўз ҳомийларининг айтганини қилишдан бошқа иш қила олмайдилар. Ана ўша ишлардан бири ҳар бир ҳадисга Албонийнинг баҳосини беришдир. Улар фиқҳий мазҳаблар ва уларнинг имомларини инкор қилишларига ҳадис илмининг имомларини ҳам инкор қилишларини қўшдилар. Бу билан улар ҳадис илмининг асосларини ҳам инкор қилиб, барча нарсани санади ҳам, устози ҳам, илмий даражаси ҳам маълум бўлмаган бир шахсга боғлаб қўйишмоқда. Шунинг учун ҳам, сизга ўхшаган мулоҳазали кишилар уларнинг бу сафсаталарини дарҳол англаб олмоқдалар. Аллоҳ таоло шу йўл билан ҳам мазҳабни тутган бандаларига ёрдам бермоқда. Албатта, ҳадиснинг ровийларини яхшилаб ўрганиш жуда муҳимдир. Иснод – мўмин-мусулмон умматнинг фазийлатли хусусиятларидан биридир. Ушбу умматдан бошқа умматларга ва ундан олдин ўтган умматларга бу нарса берилмагандир. Иснод ўта муҳим, таъкидланган суннатдир. Ҳар бир мусулмон бирор ҳадисни ва хабарни нақл қилиш учун албатта иснодга суянмоғи лозимдир. Ибн Муборак «Иснод диндандир. Агар иснод бўлмаса, ким нимани хоҳласа гапираверар эди», деган. Суфён Саврий «Иснод – мўминнинг силоҳидир», деган. Шуниндек, исноднинг олий бўлишини талаб қилмоқ ҳам суннатдир. Аҳмад ибн Ҳанбал «Исноднинг олий бўлмоғини талаб қилиш ўтган салафи-солиҳларимиздан қолган суннатдир», деган. Ҳадисни шайхлардан ва мударрислардан олмай, китоблардан ва саҳифалардан олиш катта муҳаддислар инкор қилган ишдир. Шунинг учун ҳам, катта имомлар огоҳлантириб «Ҳадисни саҳофийлардан олманглар», деганлар. Яъни, ҳадисни китобдан - саҳифадан ўрганганлардан олманглар, деб айтганлар. Демак, катта муҳаддис бўлиб етишиш учун ҳадиснинг ҳамма тарафларини биладиган катта устозларнинг ҳузурида ўқиш, ёдлаш керак ва уларнинг рухсатини олиш керак. Сиз айтган ва бемазҳаблар барча ҳадис уламоларини инкор қилиб, ўзларига «муҳаддис» қилиб олган одам ана шундай ўзини ўзи сайлаб олган одамдир. Ўша кишининг ҳадисларга оид гапларида йўл қўйган хатолари тўпланиб китоб қилина бошланди. Бу китобнинг ҳажми ҳозирги кунда олти жилддан ортиб қолди. Ҳаммамиз яхши билишимиз лозим бўлган бу каби ҳолатлар авваллари ҳам бўлган. Аммо бу ўткинчи нарса. Маълум сабабларга кўра вақтинча давом этиб туради. Мазкур сабаблар йўқолганда ҳамма нарса ўз ўрнини топади.

Топ рейтинг www.uz Openstat