Ассалому алайкум! Синфдошлар билан тўй-маросимларимизга тўрт кило қўй гўшти пули ҳадя қилишга келишганмиз. Яъни бир неча йиллар олдин маросим қилган дўстимизга 80.000 сўм берган бўлсак, бугунги кунда 100.000 сўмдан йиғамиз. Бунинг ҳукми қандай?
Ва алайкум ассалом!
ПУЛНИНГ ҚАДРИ ТУШИШИ ЁКИ ОШИШИ ТУФАЙЛИ ПАЙДО БЎЛАДИГАН МУАММОЛАР ҚАНДАЙ ҲАЛ ҚИЛИНАДИ?
Юқорида таъкидланганидек, катта фақиҳ ва уламолар даврида пулнинг қиймати ўзгариши деган гапнинг ўзи бўлмаган. Уларнинг даврида пул тилла ва кумуш тангалардан иборат бўлган. Бу икки пул бирлиги қимматбаҳо маъдан сифатида ҳам ўзининг доимий қийматига эга бўлган. Шунинг учун динор ва дирҳамларнинг ўзгармаслиги ҳақида ихтилофлар бўлмаган. Шу билан бирга, ўша вақтларда арзон маъданлардан қилинган, «фулус» деб аталган майда пуллар бўлган. Ана ўшаларнинг қиймати ўзгарганда, зиммадаги кейин тўланиши лозим бўлган молиявий мажбуриятлар – қарзлар, ижаралар, маҳрларда нима қилиш борасида уламолар ихтилоф қилганлар. • Жумҳур, яъни кўпчилик уламолар: «Бунда арзонлашиш ёки қимматлашишнинг эътибори йўқ, нимани олса, ўшани беради», дейишган. Чунки асосий қоида шуни тақозо қилади. • Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи: «Қарзни қайтариб бериш пайтида уларнинг қиймати ўзгарган бўлса, фулусларнинг (майда пулларнинг) қиймати адо қилинади», деган. Бу ҳақда аллома Ибн Обидийн раҳимаҳуллоҳ шундай дейди: «Абу Юсуф: «Қарздор байъ воқе бўлган (кучга кирган) кундаги қийматга ёки қабз воқе бўлган кундаги қийматга тенг дирҳам бериши лозим бўлади», деган». Қадимдан молиявий мажбуриятларни адо қилишда нимани олса, шунга ўхшашни бериш асл ва умумий қоида бўлиб келган. Замондош уламолар ҳам ушбу қоидани ушлаб туришган. Аммо охирги пайтда пул қадрининг тез-тез тушиб ёки кўтарилиб туриши ёхуд бир йўла бекор қилинишига ўхшаш ҳолатлар кўпайди. Бундай ҳолатларда «Қиймат эътиборга олинса бўлмайдими?» деган саволлар ўртага ташланди. Уларга турли жавоблар ҳам берилди. Биз ўзимизни қониқтирган жавобни доктор Али Муҳйиддин Қорадоғий жанобларининг ўн икки жузли «Ҳақийбату толибил илми ал-иқтисодия» номли энциклопедиясидан топдик. Доктор Али Муҳйиддин Қорадоғий жаноблари бу муаммони ҳал қилиш учун тўртта йўлни таклиф қиладилар. Аммо бизнинг шароитимизга улардан биттаси мос тушади. У ҳам бўлса, пулнинг қийматини ҳисобга олиш. Бунда маълум муддатдан кейин берилиши лозим бўлган молиявий мажбуриятлар ҳақидаги шартнома тузилаётган пайтда икки тараф қарздор қарзни адо қилаётганда эътиборга олинадиган қийматни келишиб оладилар. Бу эса бир неча хил бўлиши мумкин: 1. Маълум муддатга молиявий муомала шартномасини тузаётганлар одатда нархи кам ўзгарадиган истеъмол молларидан бирининг қийматига келишиб олишлари мумкин. Бундай нарсаларга гўштнинг нархи мисол бўла олади. Маълум муддатни белгилаб қарз берилаётганда, насияга нарса сотилаётганда, маҳр белгиланаётганда, узоқ муддатли ижара шартномаси тузилаётганда ва буларни адо қилиш пайтида гўштнинг нархига қараб қайтаришга келишиб олинади. Бунинг далили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида келган.عَنْ عَمْرِو بْنِ شُعَيْبٍ، عَنْ أَبِيهِ، عَنْ جَدِّهِ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلي الله عليه وسلم قَالَ: «مَنْ قَتَلَ مُؤْمِنًا مُتَعَمِّدًا دُفِعَ إِلَى أَوْلِيَاءِ الْمَقْتُولِ، فَإِنْ شَاءُوا قَتَلُوا وَإِنْ شَاءُوا أَخَذُوا الدِّيَةَ، وَهِيَ ثَلَاثُونَ حِقَّةً وَثَلَاثُونَ جَذَعَةً وَأَرْبَعُونَ خَلِفَةً، وَمَا صَالَحُوا عَلَيْهِ فَهُوَ لَهُمْ، وَذَلِكَ لِتَشْدِيدِ الْعَقْلِ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ
Амр ибн Шуъайбдан, у отасидан, у бобоси розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир мўминни қасддан ўлдирса, у ўлганнинг яқинларига топширилади. Улар хоҳласалар, уни қатл қиладилар, хоҳласалар, хун оладилар: у эса ўттизта ҳиққа (уч ёшли урғочи туя), ўттизта жазуъа (беш ёшли урғочи туя) ва қирқта халуфа(бўғоз туя)дан иборатдир. Яна нимага сулҳ қилсалар, у ўзларигадир. Бу хунни оғирлаштириш учундир», дедилар». Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган. Қасддан одам ўлдирган кишига икки хил жазодан бири жорий қилинади. Қайси бир жазони танлаш эса ўлдирилган шахснинг аҳли ихтиёридадир. Қотил уларга топширилади. Агар маййитнинг аҳли «Қотилдан қасос оламиз, у ҳам қатл этилсин», деб талаб қилсалар, қотилдан қасос олиб, ўлдирилади. Мабодо «Ўлган ўлиб кетди, биз қотилни афв этамиз, у бизга хун берсин», десалар ҳам ўз ихтиёрлари. У пайтда улар қотилдан хун учун юз дона туя оладилар. Лекин тўғри келган туяни эмас, қандай туядан неча адад бўлишини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари белгилаб берганлар. Мазкур ҳолатда хунга уч хил туя олинади: 1. Ўттиз дона уч ёшли урғочи туя. 2. Ўттиз дона беш ёшли урғочи туя. 3. Қирқ дона бўғоз туя.عَنْ عَمْرِو بْنِ شُعَيْبٍ، عَنْ أَبِيهِ، عَنْ جَدِّهِ قَالَ: كَانَتْ قِيمَةُ الدِّيَةِ عَلَى عَهْدِ رَسُولِ اللهِ صلي الله عليه وسلم ثَمَانَمِائَةِ دِينَارٍ أَوْ ثَمَانِيَةَ آلَافِ دِرْهَمٍ، وَدِيَةُ أَهْلِ الْكِتَابِ يَوْمَئِذٍ النِّصْفُ مِنْ دِيَةِ الْمُسْلِمِينَ، قَالَ: فَكَانَ ذَلِكَ كَذَلِكَ حَتَّى اسْتُخْلِفَ عُمَرُ رَحِمَهُ اللهُ، فَقَامَ خَطِيبًا فَقَالَ: أَلَا إِنَّ الْإِبِلَ قَدْ غَلَتْ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ
Амр ибн Шуъайб розияллоҳу анҳудан, у ўз отасидан, у бобоси розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида хуннинг қиймати саккиз юз динор ёки саккиз минг дирҳам бўлиб, аҳли китобнинг хуни ўша кунларда мусулмонлар хунининг ярмига тенг эди. Кўп йиллар шундай ҳолда давом этиб келди. Ниҳоят, Умар халифа бўлганидан кейин у хутба қилиб: «Билиб қўйинглар, туя қиммат бўлиб кетди», деди. Имом Абу Довуд ва Насоийлар ривоят қилишган. Сўнгра дияни олтин эгаларига минг динор, кумуш эгаларига ўн икки минг дирҳам, қорамол эгаларига икки юзта қорамол, қўй эгаларига икки мингта қўй ва кийим эгаларига икки юзта кийим этиб белгилади. Аҳли зиммаларнинг хунини кўтармай, ўз ҳолида қолдирди». Ушбу ривоятдан кўплаб фойда, қоида ва шаръий далилларни тушуниш услубларини ўрганиб оламиз: • Хуннинг қийматини бериш ҳам мумкинлиги; • Хуннинг қиймати юзта туянинг қиймати экани. Чунки ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу динор ва дирҳамнинг миқдорини оширишга туянинг нархи қимматлашиб кетганлигини сабаб қилиб кўрсатдилар; • Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида хуннинг қиймати олтин пул ила саккиз минг дирҳам бўлганлиги; • Аҳли китобнинг хуни мусулмон шахснинг хунининг ярмига тенг бўлиши; • Ўша вақтда пулнинг кучи туянинг нархи билан ўлчанганлиги (Албатта, Арабистон ярим ороли шароитида); • Ҳазрати Умарнинг пул қийматининг ўлчови бўлган туянинг нархи ошиб, пулнинг қадри пасайганлиги учун хуннинг қийматини зиёда қилганликлари; • Ҳазрати Умарнинг даврларида хуннинг қиймати олтин пул билан минг динор, кумуш пул билан ўн икки минг дирҳамга чиққанлиги; • Хуннинг қийматини Пайғамбар алайҳиссаломнинг даврларида бўлмаган қийматлар билан ҳам белгилаш мумкинлиги. Мисол учун, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу хуннинг қийматини икки юз сидирға кийим-кечак деб белгилаганлар. Ўша вақтларда бирор нарсанинг қийматини кийим-бош билан берадиган томонлар ҳам бўлган, чунки уларнинг касби-корлари шу билан бўлган. Уларнинг бошқа мол-мулки бўлмаган. Бир сидирға кийим битта кўйлак ва бир иштондан иборат бўлган. Мана шу гаплардан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хунни туя билан белгилаганларининг ҳикмати юзага чиқади. Ҳаттоки тилла ёки кумуш билан ҳам белгиламаганлар. 2. Маълум муддатга молиявий муомала шартномасини тузаётганлар тилланинг қийматига келишиб олишлари мумкин. Бу гапнинг далили сифатида қоғоз пуллардан закот беришда нисобни белгилаш учун тилланинг қиймати эътиборга олинишини келтиришимиз мумкин. Кумуш халқаро миқёсда умуман пул ўрнида қабул қилинмай қўйди. Тилла эса пул ўлчови сифатида дунё бўйича мақбул бўлиб турибди. Шунинг учун уламолар: «Қоғоз пулни тилланинг қиймати билан ўлчаш керак», деганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақтларида йигирма динор пулнинг, яъни тилланинг оғирлиги йигирма мисқол эди. Йигирма мисқол тилла эса саксон беш граммга тенг бўлади. Демак, ҳар йили саксон беш грамм тилланинг баҳоси қоғоз пулнинг нисоби бўлади. Кимда 85 грамм тилланинг қийматига тенг ёки ундан кўп қоғоз пул бўлса, унга закот бериш фарз бўлади. У одам пулини ҳисоблаб туриб, икки ярим фоизини закотга бериши керак. 3. Маълум муддатга молиявий муомала шартномасини тузаётганлар қиймати унча ўзгармай турадиган пул бирлиги қийматига келишиб олишлари мумкин. Мисол учун, долларнинг қийматига келишиб олиш мумкин бўлади. 4. Маълум муддатга молиявий муомала шартномасини тузаётганлар сулҳ тузиш орқали ўзаро рози бўлиб, келишиб олишлари мумкин. Шариатда бунга далиллар кўп. Қуйида улардан баъзиларини келтириб ўтамиз:عَنْ عَمْرِو بْنِ عَوْفٍ: أَنَّ النَّبِيَّ صلي الله عليه وسلم قَالَ: «الصُّلْحُ جَائِزٌ بَيْنَ الْمُسْلِمِينَ إِلَّا صُلْحًا حَرَّمَ حَلَالًا أَوْ أَحَلَّ حَرَامًا، الْمُسْلِمُونَ عَلَى شُرُوطِهِمْ إِلَّا شَرْطًا حَرَّمَ حَلَالًا أَوْ أَحَلَّ حَرَامًا». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ وَالبُّخَارِيُّ
Амр ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонлар орасида сулҳ жоиздир. Магар ҳаромни ҳалол қилган ёки ҳалолни ҳаром қилган мустасно. Мусулмонлар шартларининг устидан чиқурлар. Магар ҳалолни ҳаром қилган ёки ҳаромни ҳалол қилган шарт мустасно», дедилар». Термизий, Абу Довуд ва Бухорий ривоят қилишган. Мусулмонлар орасида кўпроқ низо ва келишмовчиликлар келиб чиқадиган ишлардан бири молиявий муомалалар бўлганлиги учун сулҳ ҳақидаги ушбу ҳадиси шариф савдо китобига боғлиқ мавзуларда келтирилади. Низоларни сулҳ билан тинчитиш яхши, аммо сулҳ ҳалолни ҳаром, ҳаромни ҳалол қиладиган бўлмаслиги керак. Бундай нарса ҳеч қачон сулҳ бўла олмайди, балки куфрдир. Бунга ҳеч бир мусулмон рози бўлиши мумкин эмас. Шунингдек, мусулмонлар ўзлари келишган ҳар бир шартни бажарадилар. Лекин ҳалолни ҳаром ёки ҳаромни ҳалол қиладиган шартни ҳеч қачон бажармайдилар. Шунинг учун мусулмонлар бундай гуноҳ аралашган сулҳ ва шартномаларда қатнашмайдилар ҳам.عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ كَعْبِ بْنِ مَالِكٍ، عَنْ كَعْبٍ رضي الله عنه: أَنَّهُ تَقَاضَى ابْنَ أَبِي حَدْرَدٍ دَيْنًا كَانَ لَهُ عَلَيْهِ فِي الْمَسْجِدِ، فَارْتَفَعَتْ أَصْوَاتُهُمَا حَتَّى سَمِعَهَا رَسُولُ اللهِ صلي الله عليه وسلم وَهْوَ فِي بَيْتِهِ، فَخَرَجَ إِلَيْهِمَا، حَتَّى كَشَفَ سِجْفَ حُجْرَتِهِ فَنَادَى: «يَا كَعْبُ»، قَالَ: لَبَّيْكَ يَا رَسُولَ اللهِ، قَالَ: ضَعْ مِنْ دَيْنِكَ هَذَا»، فَأَوْمَأَ إِلَيْهِ أَيِ الشَّطْرَ، قَالَ: لَقَدْ فَعَلْتُ يَا رَسُولَ اللهِ، قَالَ: «قُمْ فَاقْضِهِ
Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У масжидда Ибн Абу Ҳадраддан қарзини тўлашни талаб қилибди. Кейин икковининг овози кўтарилиб кетиб, ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни уйларида туриб эшитибдилар. Шунда у зот ҳужраларининг дарпардасини очиб, уларнинг олдига чиқдилар-да: «Эй Каъб!» деб чақирдилар. У «Лаббай, эй Аллоҳнинг Расули!» деди. У зот: «Қарзингдан бунчасини – яъни ярмини – ўт», дея унга ишора қилдилар. «Шундай қилганим бўлсин, эй Аллоҳнинг Расули», деди. У зот (Ибн Абу Ҳадрадга қараб): «Тур, уни (қолганини) тўла», дедилар». Ибн Абу Ҳадрад розияллоҳу анҳу Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан қарздор экан. Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида учрашиб қолиб, ораларида қарз ҳақида гап чиқибди. Икковлари қизишиб кетганларидан овозлари ҳам баланд кўтарилиб кетибди. Шунда гапга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам аралашибдилар. У зот ҳужраларининг пардасини очиб, Каъб ибн Моликни чақириб: «Қарзнинг ярмини кечиб юбор», деб ишора қилибдилар. Каъб ибн Молик дарҳол рози бўлибдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қарздор Ибн Абу Ҳадрадга: «Тур, қарзингни адо эт», дебдилар. Бу ерда қарз борасидаги низо сулҳ билан ҳал қилинди. Худди шунингдек, биз сўз юритаётган мавзудаги барча низо ва келишмовчиликларни ҳам сулҳ ва ўзаро розилик йўли билан ҳал қилиш жуда ҳам осон. Бундай ҳолатлар аввал келишиб олинмаган, фавқулодда ҳолатлар пайдо бўлганда икки тараф тортишиб қолишлари оқибатида кўпроқ юзага чиқади. Шунда икки тараф ҳам инсоф қилиб, вазиятни ҳисобга олиб, бир-бирларини рози қилсалар, жуда ҳам яхши бўлади. Аллоҳ таолонинг Ўзи тўғри йўлга бошловчидир! Валлоҳу аълам.Бениҳоя эҳтиром ила Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф