Ассалому алайкум! Кўпчилик ўғил фарзанд кўриш учун доктир ва табибга бориб турли хил дорилар қилишади. Уларга ахир ўғилми қизми Аллоҳ бeради, тақдирда битиб қўйилган Аллоҳдан сўра дeйилса улар «бу бир сабаб» дeйишади. Айтингчи бу сабаблари жоизми?
Ва алайкум ассалом! Сабабларини ушлаш жоиз. Албатта бу ҳам тақдирнинг остида бўлади. وَسُئِلَ رَسُولُ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قِيلَ: يَا رَسُولَ اللهِ، أَرَأَيْتَ رُقًى نَسْتَرْقِيهَا، وَدَوَاءً نَتَدَاوَى بِهِ، وَتُقَاةً نَتَّقِيهَا هَلْ تَرُدُّ مِنْ قَدَرِ اللهِ شَيْئًا؟ قَالَ: هِيَ مِنْ قَدَرِ اللهِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ بِسَنَدٍ صَحِيحٍ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Эй Аллоҳнинг Расули, айтинг-чи, солдирадиган дамимиз, даволанадиган давоимиз ва сақланадиган нарсамиз Аллоҳнинг қадаридан бирор нарсани қайтарадими?» деб сўралди. У зот: «Ўшалар Аллоҳнинг қадаридандир», дедилар». Термизий саҳиҳ санад ила ривоят қилган. Шарҳ: Одамларда «Аллоҳ таоло пешонага тақдир қилган бўлса, дард келади. Яна пешонага тақдир қилган бўлса, дард кетади. Бас, шундай бўлганидан кейин даволанишнинг нима кераги бор», деган фикр бор экан. Ана ўша фикрлари ҳақида Ислом динининг ҳукми қандай эканлигини билиш учун одамлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга юқорида зикр қилинган саволни бердилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам эса ана шу даволанишга уриниш учун қилинадиган ишлар ҳам Аллоҳнинг тақдири эканлигини баён қилдилар. Яъни бемор бўлиш Аллоҳнинг тақдири билан бўлади, аммо даволаниш орқали тузалиш ҳам Ўша Зотнинг тақдиридир. Бу ерда Аллоҳнинг бир тақдири иккинчи тақдири ила қайтарилади. Ўша пайтда бошқа динларнинг вакиллари «Хасталик Аллоҳнинг бандага битган қадаридир. Банда унга сабр қилиши, қазои қадарга рози бўлиши лозим. Агар югуриб-елиб даво ахтарса, Аллоҳнинг қадарига қарши чиққан бўлади», деган эътиқодда эканлар. Ислом Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифлари орқали бу масалани узил-кесил ҳал қилди. Аллоҳ ҳар бир нарсага сабабни тақдир қилиб қўйган, ўша сабаб воқеъ бўлса, ундан келиб чиқадиган натижа ҳам воқеъ бўлади. Аллоҳ таоло Ўзи халқ қилган нарсалари ичида бир қадарни иккинчиси билан даф қиладиган этиб қўйган. Очлик қадари таом қадари билан даф қилинади. Чанқоқлик қадари ичимлик қадари билан даф қилинади. Худди шунингдек, дард қадари даво қадари билан даф қилинади. Ислом инсоният тарихида биринчи бўлиб дардга даво излаш Аллоҳнинг қадари эканлигини эътиқод даражасига кўтарди. Шунинг учун ҳам тиб илмлари ўзининг ҳақиқий ривожини Ислом оламида топди. Шунинг учун ҳам дунё табибларининг энг ҳозиқлари мусулмонлар орасида етишиб чиқди. Шунинг учун ҳам дунёдаги биринчи тиббий муассасалар Ислом оламида барпо этилди. Шунинг учун ҳам бутун инсоният тибдан фойдаланишни мусулмонлардан ўрганди. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!