Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу,Муҳтарам Шайх Ҳазратлари.Сиз муҳтарамга ва аҳлингизга Аллоҳдан фақат яхшиликлар тилаб, рухсатингиз ила эътиборингизга бир саволни ҳавола қиламан:Биз мусульмон эркаклар жамоат такрибида намозлардан сўнг тез-тез турли хайр-эҳсон ният қилинган маъракаларга бориб турамиз, у ердаги зиёфатларда қатнашамиз. Албатта, бу зиёфатлардан таҳоратли, ҳозиргина Роббиси ибодатидан чиққан, Қуръон тиловат қилган мусулмонларнинг дуосидан умид қилинади. Алҳамдулиллаҳ, ҳозир тўқчилик пайти. Лекин бизнинг ҳолатимиз шундайки, зиёфатлардаги кўпгина биз учун нодирроқ ноз-неъматларнинг айни ўзи уйимизда йилида бир марта бўлса ҳам тановвул қилинмайди. Бу учун менда ҳеч қандай норозилик аломати йўқ. Масала шундаки, биз оиламиз билан барча нарсани бирга баҳам кўрамиз, ҳатто камроқ таомни ҳам. Мен ўзим шундай зиёфатларда қатнашсам, ўша неъматлардан тановвул қилсам, беихтиёр оиламдагилар, аёлим, фарзандларим эсимга тушиб, ўзимни ноқулай ҳис қиламан. Мен тановвул қилаётган нарсани улар тановвул қилмаётгани мени қийнайди, хижолатга ботаман ва баъзан, шундай зиёфатлар ҳашаматлироқ бўлишини олдиндан сезсам, у жойга бормасликка, бориб оилам билан одмийроқ нонушта қилишга интиламан. (Албатта, оилам учун ҳам баъзида, имкон бўлган ҳолларда, одатдагидан озроқ ошириб таом бериш билан бўлса ҳам зиёфат уюштиришга ҳаракат қиламан, бизга шуниси лаззатлироқ). Мен ўзимдан ва оилам аҳволидан келиб чиқиб, хотиржамлик учун ва оилам учун шундай жойларнинг кўпроғига жамоатдан ажраб бормай қўйсам, қисман хайр-эҳсон маъракаларидан воз кечсам шаръий томондан жоизми?Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ.