Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Жинсий яқинлик одоби

16:06 / 28.01.2017 | Кудратжон | 73408

Ассалому алайкум! Баъзи сабабларга кўра фарзандлар билан бир хонада ётишга тўғри келиб қолинса, эр-хотин алоқалари қилинадиган бўлса ўртага матодан тўсиқ қўйиб килиш жоиз деб эшитдим. Шу гап ростми? Аслида динимизда жинсий яқинлик одоби қандай?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом!

ЖИНСИЙ ЯҚИНЛИК ОДОБЛАРИ

Сир эмас, Аллоҳ таоло инсонни яратганда хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл бўлсин, жинсий туйғу ва эҳтиёж билан қўшиб яратгандир. Ўша хоҳиш-эҳтиёжни эса никоҳ йўли билан қондириш керак. Шунинг учун ҳам шариатга никоҳ киритилган. Чунки фақат никоҳ орқалигина ҳар бир инсонда мавжуд ўша жинсий эҳтиёжни ҳалол-пок равишда қондириш мумкин. Бу ўта нозик ва ҳиссиётли амалиётнинг ҳам ўзига яраша одоблари, маданияти бор. Минг афсуслар бўлсинким, ушбу ўта муҳим одоб ҳам мусулмонлар орасида унутилиб, худди юқорида таъкидланган бошқа ҳолатлардаги каби, ўзга халқларнинг «одоби», яъни одобсизлиги кириб келмоқда. Уларнинг фаҳш фильмлари, нашриётлари, қўлланмалари «одоб» ўргатадиган манбага айланиб бормоқда. Буни бизнинг халқаро маълумотлар тармоғидаги саҳифамизга келаётган саволлардан тушуниб олиш мумкин. Эркак ва аёллар кўпинча «Ундай қилса бўладими, бундай қилса бўладими?» дея мазкур бошқа маданиятнинг тақдим қилаётган «одоб»лари ҳақида сўрайдилар. Бунинг бош сабаби бошқа маданиятнинг кишиларимизга таъсири бўлса, ундан кам бўлмайдиган яна бир сабаб ҳам мавжуд, у ҳам бўлса, бу нарсаларни кишиларга ўз маданиятимиз асосида тақдим қилинмаётганидир. Бу гапнинг далили сифатида ҳам халқаро маълумотлар тармоғидаги саҳифамизга мурожаат қиламиз. Бир неча йиллардан буён унинг «энг кўп ўқилган мақолалар» бўлимида биринчи ўринни «Жинсий алоқа одоблари» номли мақола эгаллаб турибди. Ислом маданиятида жинсий алоқа ўта шахсий ва нозик иш бўлганлигидан, бу нарса ўзига хос одоб билан муолажа қилинади. У ҳақдаги гаплар кўз-кўз қилинмайди, ҳамманинг қулоғи қизитилмайди. Ноўрин равишда кишиларнинг хаёли бузилмайди. Гуноҳга чақирилмайди. Ушбу юксак одоб барча ҳолатларда ўз ўрнини топган бўлади. Ҳаттоки, ота-онанинг ётоғи болаларга намоён бўлишининг ҳам олди олинади. У, иложи борича, кўздан четроққа қилинади. Авваллари – тўшак ҳар куни солиб, ҳар куни йиғиладиган даврларда ҳам аввал ота-она ўз ётоғини йиғиб олиб, кейин болаларини уйғотганлар. Худди шу қоидага бошқа ҳолатларда ҳам амал қилинган. Жинсий яқинлик одоби Қуръони Каримда зикр қилинган одоблардандир. Мана шу омилнинг ўзи ҳам бу борадаги одобларга қанчалик катта аҳамият берилганини кўрсатади. Аллоҳ субҳаанаҳу ва таоло «Бақара» сурасида марҳамат қилади:

نِسَآؤُكُمْ حَرْثٌ لَّكُمْ فَأْتُواْ حَرْثَكُمْ أَنَّى شِئْتُمْ وَقَدِّمُواْ لأَنفُسِكُمْ وَاتَّقُواْ اللّهَ وَاعْلَمُواْ أَنَّكُم مُّلاَقُوهُ وَبَشِّرِ الْمُؤْمِنِينَ۝

«Аёлларингиз экинзорларингиздир. Бас, экинзорингизга хоҳлаган томонингиздан келинг. Ўзингиз учун (яхшилик) тақдим қилинг. Ва Аллоҳга тақво қилинг ҳамда, билингки, албатта, Унга рўбарў келувчисиз. Мўминларга хушхабар бер» (223-оят). 

Эр-хотин орасидаги ҳассос ва нозик алоқа Қуръони Карим оятларида ўзига хос одоб ва услуб билан тасвирланади. Аввалги оятлардан бирида эр-хотинни бир-бирига нисбатан кийим – либос деб таъриф қилинган эди. Бу оятда эса аёллар экинзорга ўхшатиляпти. Экинзорга уруғ ташланса, ҳосил униб чиққанидек, аёлга эркакдан тушган уруғликдан фарзанд униб чиқишига ишорат қилиб: 

«Аёлларингиз экинзорларингиздир», дейилмоқда. Модомики, улар сизнинг экинзор эканлар, «Бас, экинзорингизга хоҳлаган томонингиздан келинг». Яъни, хоҳлаган вақтингизда, хоҳлаган ҳолатингизда жинсий яқинлик қилинг. Айни чоғда мақсад, кўзланган ғоя эсингиздан чиқмасин: «Ўзингиз учун (яхшилик) тақдим қилинг». Аллоҳдан қўрқиш, унга тақво қилиш ёдингиздан кўтарилмасин. «Ва Аллоҳга тақво қилинг ҳамда, билингки, албатта, Унга рўбарў келувчисиз». Демак, эҳтиёт ва ҳушёр бўлиш керак. Оятнинг охирида эса Аллоҳга рўбарў келганда мўминларга яхшилик бўлишини таъкидлаб: «Мўминларга хушхабар бер», дейиляпти.

عَنْ جَابِرٍ  رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَتِ الْيَهُودُ تَقُولُ: إِذَا أَتَى الرَّجُلُ امْرَأَتَهُ مِنْ دُبُرِهَا فِي قُبُلِهَا كَانَ الْوَلَدُ أَحْوَلَ، فَنَزَلَتْ  نِسَآؤُكُمْ حَرْثٌ لَّكُمْ فَأْتُواْ حَرْثَكُمْ أَنَّى شِئْتُمْ ﯨ-. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Яҳудийлар «Агар эркак хотинига орқа томондан олдига яқинлик қилса, бола ғилай бўлади», дер эдилар. Шунда «Аёлларингиз экинзорларингиздир. Бас, экинзорингизга хоҳлаган томонингиздан келинг», ояти нозил бўлди».

Тўртовлари ривоят қилдилар. 

Жинсий тарбия муҳим масалалардан бўлганлиги учун Аллоҳ таоло уни Қуръони Каримда зикр қилган. Доим бўлгани каби, ўша пайтларда ҳам бу нозик ва ўта ҳассос масалада одамлар ичида бўлар-бўлмас гаплар чиқиб турар эди. Жумладан, аҳли китоб бўлган, маданият соҳиби саналган яҳудийлар ҳам турли дийдиёларни тарқатиб турар эдилар. Улар «Агар эр хотинининг олдига орқа тарафидан туриб яқинлик қилса, боласи ғилай туғилади» деган гапни тарқатган эдилар. Аллоҳ таоло юқорида зикр этилган оятни нозил қилиб, уларнинг гаплари ботил эканини баён этди. Қайси томондан бўлса ҳам, экин – бола бўладиган жойга бўлса, бас. Боланинг қандай бўлишига яқинлик қилиш ҳолати сабаб бўлмайди.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ  رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: لَوْ أَنَّ أَحَدَكُمْ إِذَا أَرَادَ أَنْ يَأْتِيَ أَهْلَهُ قَالَ: بِاسْمِ اللهِ، اللَّهُمَّ جَنِّبْنَا الشَّيْطَانَ وَجَنِّبِ الشَّيْطَانَ مَا رَزَقْتَنَا، فَإِنَّهُ إِنْ يُقَدَّرْ بَيْنَهُمَا وَلَدٌ فِي ذَلِكَ لَمْ يَضُرَّهُ شَيْطَانٌ أَبَدًا. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Агар бирортангиз ўз аҳлига яқинлик қилишни ирода этган пайтида «Бисмиллаҳи. Аллоҳумма! Жаннибнаш-шайтона ва жаннибиш-шайтона маа розақтана», деса, албатта, агар ўшандан уларга фарзанд бериладиган бўлса, унга шайтон ҳеч қачон зарар етказа олмайди», дедилар».

Бешовлари ривоят қилдилар. 

Дуонинг маъноси: «Аллоҳнинг номи билан. Аллоҳим, биздан шайтонни четда қилгин, шайтонни бизни ризқлантирган нарсангдан четда қилгин». Жуфти ҳалолига жинсий яқинлик қилаётган киши ушбу дуони ўқиши лозим. Ўшанда шайтоннинг шарридан сақланган бўлади. Мабодо, ўша яқинликдан ораларида фарзанд пайдо бўлса, у болага ҳеч қачон шайтон зарар етказа олмайди.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ  رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: إِيَّاكُمْ وَالتَّعَرِّيَ، فَإِنَّ مَعَكُمْ مَنْ لَا يُفَارِقُكُمْ إِلَّا عِنْدَ الْغَائِطِ وَحِينَ يُفْضِي الرَّجُلُ إِلَى أَهْلِهِ، فَاسْتَحْيُوهُمْ وَأَكْرِمُوهُمْ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Яланғоч бўлишдан сақланинглар. Чунки сиз билан қазои ҳожат ва эр киши ўз аҳлига қўшилган пайтдан бошқа вақтда ҳеч ажралмайдиганлар бўлади. Бас, улардан ҳаё қилинглар ва уларни икром этинглар», дедилар».

Термизий ривоят қилган. 

Бу ривоятдаги «фақат икки ҳолатдан бошқа пайтда одамдан ажралмайдиганлар» деб айтилаётган нарсалар фаришталардир. Мазкур икки ҳолатдан бири «эр киши ўз аҳлига борган пайт»идир. Шунинг учун ҳам мўмин-мусмонлар ўша фаришталарнинг риоясини қилиб юришлари керак. Шариат рухсат бермаган ҳолатларда, фаришталарга озор бўлмаслиги учун, авратларини асло очмасликлари лозим.

عَنْ عَلِيِّ بْنِ طَلْقٍ  رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: أَتَى أَعْرَابِيٌّ النَّبِيَّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، الرَّجُلُ مِنَّا يَكُونُ فِي الْفَلَاةِ فَتَكُونُ مِنْهُ الرُّوَيْحَةُ وَيَكُونُ فِي الْمَاءِ قِلَّةٌ، فَقَالَ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم: إِذَا فَسَا أَحَدُكُمْ فَلْيَتَوَضَّأْ، وَلَا تَأْتُوا النِّسَاءَ فِي أَعْجَازِهِنَّ، فَإِنَّ اللهَ لَا يَسْتَحْيِي مِنَ الْحَقِّ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَحَمَدُ

Али ибн Толқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:«Ё Расулаллоҳ, биздан бир киши очиқ жойда бўлади. Ундан ҳид чиқади. Сув оз бўлади», – деди.Шунда у зот: «Қачон бирингиз ҳид чиқарса, таҳорат қилсин, аёлларнинг орқаларига яқинлик қилманглар! Албатта, Аллоҳ ҳақдан ҳаё қилмас», – дедилар».

Термизий ва Аҳмад ривоят қилганлар. 

Аъробийлар саҳро табиатли бўлганликлари учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳар қандай нарсани, нима тўғри келса, тортинмасдан сўрайверар эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан доимо бирга бўладиган саҳобийлар ҳам аъробийлар келиб, бирор нарса сўрашса эди, биз ҳам фойдаланиб қолар эдик, деб турар эдилар. Мана, бир аъробий келиб, аъробийчасига савол сўради. Унинг саволи ҳид чиқарган одам таҳорат қилмай қўяверса, бўлавермайдими, деган маънода эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳид чиқарган одам таҳорат қилиши шарт эканини таъкидлаш билан бирга, бошқа бир муҳим масалани ҳам айтиб ўтдилар. У ҳам бўлса, аёл кишининг орқасига яқинлик қилмаслик. Бу муҳим масала, буни эркагу аёл, ҳар бир шахс билмоғи керак. Чунки бу нарса ҳалол-ҳаромга, гуноҳга тегишли масала. Бу уят гап, деб айтмай кетадиган масала эмас. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур гапни айтганларидан кейин: «Албатта, Аллоҳ ҳақдан ҳаё қилмас», деб илова қилиб қўйдилар. Худди шу маъно бизнинг тилимизга «Шариатда шарм йўқ» деб таржима қилинган. Ҳалол-ҳаром, гуноҳ-савобга боғлиқ бўлганлиги учун оддий ҳолатларда уятли ҳисобланган баъзи гапларни ҳам гапиришга тўғри келиши шундай изоҳланади.

وَلِأَصْحَابِ السُّنَنِ: مَلْعُونٌ مَنْ أَتَى امْرَأَتَهُ فِي دُبُرِهَا

«Сунан» эгаларининг ривоятида «Ким аёлининг орқасига яқинлик қилса, малъундир», дейилган. Хотинининг олдини қўйиб, орқасига яқинлик қилиш катта гуноҳдир. Ундай одам Аллоҳ таолонинг лаънатига учрайди. Чунки бу шаръан ҳаром қилинган ишдир. Шариатда ҳаром қилинган ишни қилган одам эса лаънатга учрайди, Аллоҳнинг раҳматидан қувилади. Кўп марта такрорланганидек, шариатда «ҳаром», «гуноҳ», «ман қилинган» дейилган нарсаларнинг барчаси инсон зоти учун зарарли бўлади. Жумладан, аёл кишининг орқасига яқинлик қилиш ҳам бузуқ табиат аломати бўлиши билан бирга, аввало, ўша ишни қилувчиларга катта зарар келтириши турган гап.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ  رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: لَا يَنْظُرُ اللهُ إِلَى رَجُلٍ أَتَى رَجُلًا أَوِ امْرَأَةً فِي الدُّبُرِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَحَمَدُ

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Эркак ёки аёл кишининг орқасига яқинлик қилган кишига Аллоҳ назар қилмас», – дедилар».

Термизий ва Аҳмад ривоят қилганлар. 

Ушбу ривоятда зикр қилинган иш энг мункар ишлардан экани, уни инсонлик табиатидан чиқиб кетган малъунларгина қилиши мумкинлиги ҳаммага маълум ва машҳур.

وَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم: كُلُّ مَا يَلْهُو بِهِ الرَّجُلُ الْمُسْلِمُ بَاطِلٌ إِلَّا رَمْيَهُ بِقَوْسِهِ، وَتَأْدِيبَهُ فَرَسَهُ، وَمُلَاعَبَتَهُ أَهْلَهُ، فَإِنَّهُنَّ مِنَ الْحَقِّ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Мусулмон кишининг беҳуда кўнгилхушлик қилиши ботилдир. Камонидан ўқ отса, отини ўргатса ва аҳли билан ўйнашса, мустасно. Бу нарсалар ҳақдандир», – дедилар».

Термизий ва Абу Довуд ривоят қилганлар. 

Камондан ўқ отиш, мерганликка тайёрланиш ватан, дину диёнат мудофааси учун тайёргарлик кўришдир. Демак, бу борадаги уринишларнинг замонавий кўринишларини ҳам беҳуда уриниш деб бўлмайди. Отни ўргатиш ҳам, чавандозликни машқ қилиш ҳам ўзи ва жамияти фойдасига тайёргарлик кўришдан иборат. Бу маънодаги уринишлар, албатта, беҳуда ҳисобланмайди. Хотини билан кўнгилхушлик қилиш ҳам шу тоифага киради. Бу нарса ҳалол, пок. Оиланинг иноқлиги, орадаги муҳаббатнинг бардавомлиги шунга боғлиқ. Жумладан, жинсий яқинлик ҳам ушбу доирадаги ишларга киради.

وَقَالَ جَابِرٌ  رَضِي اللهُ عَنْهُ: كُنَّا نَعْزِلُ عَلَى عَهْدِ رَسُولِ الله صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم فَبَلَغَهُ ذَلِكَ فَلَمْ يَنْهَنَا. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ 

«Жобир розияллоҳу анҳу:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида «азл» қилар эдик, бу нарса у зотга етганда бизни қайтармаганлар», деди».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилдилар. 

«Азл» – уруғликни бачадондан ташқарига тўкиш ҳақидаги барча далилларни ўрганган уламоларимиз: «Бу ишни фақат хотиннинг розилиги билан қилиш мумкин. Чунки бу аёл кишининг ҳаққидир», деганлар. Бу иш ўша вақтда бевақт ҳомила бўлиб қолишининг олдини олиш учун қилинадиган ишлардандир. Айни пайтда, у жинсий алоқа одобларига кирадиган ишлардан ҳисобланади. Шунинг учун ҳам муҳаддисларимиз ушбу ривоятни мана шу бобда келтирадилар. Бундан эр-хотиннинг жинсий алоқа бобида ҳам бир-бирларида ҳақлари борлиги билиб олинади.

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ  رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: إِنَّ أَشَرَّ النَّاسِ عِنْدَ اللهِ مَنْزِلَةً يَوْمَ الْقِيَامَةِ الرَّجُلُ يُفْضِي إِلَى امْرَأَتِهِ وَتُفْضِي إِلَيْهِ ثُمَّ يَنْشُرُ سِرَّهَا. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَحْمَدُ

Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Қиёмат куни Аллоҳнинг наздида мартабаси энг ёмон одам аёлига яқинлик қилиб, аёли унга яқин бўлганидан кейин сирини одамларга ёйиб юрадиган кишидир», дедилар».

Муслим ва Аҳмад ривоят қилганлар. 

Эр-хотиннинг орасидаги шариат иши (мубошарат) фақат иккисининг сири бўлиб қолиши керак. Эр ҳам, хотин ҳам жинсий алоқа пайтида бўладиган нарсаларни бошқаларга айтмаслиги лозим. Мазкур сирни бошқаларга айтиб юриш беодоблик, шарму хаёсизлик ва гуноҳ иш ҳисобланади, жамиятда фоҳиша гап-сўз ва ишларнинг кўпайишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам қуйида ўрганиладиган ривоятимизда бу ишни қиладиган киши шайтонга ўхшатилмоқда.

وَلِأَصْحَابِ السُّنَنِ: إِنَّمَا مَثَلُ ذَلِكَ مَثَلُ شَيْطَانَةٍ لَقِيَتْ شَيْطَانًا فِي السِّكَّةِ فَقَضَى مِنْهَا حَاجَتَهُ وَالنَّاسُ يَنْظُرُونَ إِلَيْه 

«Сунан» эгаларининг ривоятида:

«Унинг мисоли урғочи шайтон кўчада эркак шайтонга дуч келиб, одамлар қараб турганда ундан (урғочи шайтондан) ҳожатини қондириб олганга ўхшайди», – дейилган. 

Эр-хотинларнинг ўзлари ораларидаги жинсий ҳаёт ҳақида бошқаларга сўзлаб юришлари ана шундай шармандали иш ҳисобланади. Шунинг учун мўмин-мусмон эркагу аёл ўзаро жинсий сирларини ҳеч кимга айтмасликлари керак. Оилавий ҳаёт, жинсий муносабат одоблари ҳақида сўз кетар экан, ушбу мавзунинг ажралмас қисми бўлган ғусл масаласини ҳам эслаб ўтсак, мақсадга мувофиқ бўлса керак. Билганларга такрор, билмаганларга илм-маърифат бўлади, иншааллоҳ. ("Бахтиёр оила" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat