Ассалому алайкум! Акам оламдан ўтиб қолди. Аза 3 кун бўлади, жумалик, 20лик, 40лик деган гаплар қанчалик тўғри? Маракада қўй сўймоқчимиз, мумкинми?
Ва алайкум ассалом! Аслида эҳсон қилиш, тиловат Қуръон қилиш, мағфиратларини сўраб дуо қилиш ва савобларни бағишлаш шариатимизда тарғиб қилинган ишлардандир. Марҳумлар худди ботқоққа ботган, онаси емиш келтиришини кутиб турган полапонлар каби ожиз ва муҳтож бўладилар. Уларнинг ҳаққига эҳсон ва тиловати Қуръон қилишни фарзандлар кунлик вазифамиз қилиб олишимиз керак. Эҳсоннинг катта ёки кичиги бўлмайди, ҳатто йўлда турган тошни четга суриб, ўтган кетганга салом бериб савобини бағишлаш ҳам эҳсон ҳисобланади. Аслида булар ҳолис риёсиз бўлгани учун эҳсонни қилиб фахрланадиганларидан кўра афзалдир. Туғилган кунни, 3, 7, 20, 40 ва вафот топган куни, пайшанба, ҳайит, неча йиллигини ёки неча ёшга кирганини белгилаб эҳсон қилиш бидъатдир. Бу кимларнидир “ҳеч бўлмаса шуни қилгин” қабилидаги маслаҳати бўлган бўлса керак. Буни тарк қилиш вожиб. Валлоҳу аълам!