Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Улама соч табиий бўлса, ундан фойдаланса бўладими?

00:00 / 13.01.2007 | eski savollar | 10048

Ассалому алайкум Шайх жаноблари! Сизга бир саволим бор эди. Ҳозирги кунда хотин-қизлар ўртасида улама соч тақиш, киприк улаш "урф" бўлмоқда! Кимнинг сочи уламаю кимнинг сочи ҳақиқийлигини билиш жудаям қийин. шундай экан ҳаммамизга маълумки Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламдан келтирилган ҳадисга кўра, улама соч тақувчиларни Аллоҳ таоло лаънатлаган. Аммо эшитишимча уланадиган соч инсоннинг сочи бўлмаса бўлди экан. Яъни сунъий соч ва шунга ўхшаганлар. Ана шу фикрларга сизнинг қарашингиз. Жавобингиз учун раҳмат. Сиздан Аллоҳнинг Ўзи рози бўлсин!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

– Ва алайкум ассалом! Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ улама қилувчи аёлни ҳам, улама қилдирувчи аёлни ҳам ва вашм қилувчи аёлни ҳам, вашм қилдирувчи аёлни ҳам лаънатласин», дедилар».
«Улама қилувчи аёл» аёлларга улама соч қилиб, улаб қўядиган аёл. «Улама қилдирувчи аёл» ўзидаги бор табиий сочга қаноат қилмай ясама соч улатиб олишга интилган аёл.
Ушбу ҳадиси шарифни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан айтилишига ўша пайтда бўлиб ўтган бир ҳодиса сабаб бўлган экан.
Бир аёл Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, менинг келин бўлаётган қизим бор. Қизамиқдан айниб сочи титилиб кетган, улама қилсам бўладими?» деб сўраган. Ана ўшанда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифни айтганлар. Ўша пайтда жоҳилият аёллари ҳар доимдагидек ўзларига сохта жамол орттириш учун турли ҳийла-найрангларни ишлатар эдилар. Сочларини ўта чиройли қилиб кўрсатиб кўпчиликнинг эътиборини тортиш учун улама сочлар қилишар эди. Бу ишни баъзи аёллар ўзларига касб қилиб олган эдилар. Аёлларнинг сочларига улама қилиб даромад топар эдилар. Сочига улама қилдирмоқчи бўлган аёллар уларнинг олдиларига келиб, мақсадларини айтсалар, улар соч улаш ишини амалга оширар эдилар. Шундоқ қилиб сохта гўзалликка эришилар эди. Бу ишни қилган аёл ўзини ҳам, ўзгани ҳам алдар эди. Айниқса, ушбу ҳадиси шарифни айтилишига сабаб бўлган ҳодисадагига ўхшаб, келин тараф куёв тарафни алдаши кўпроқ бўлган бўлса ажаб эмас. Шунингдек, «вашм» – ясама хол қўйиш ҳам авж олган эди. Аёллар сохта чирой иштиёқида ўзларининг соғ баданларини игна ила тештириб қон чиқариб жароҳат ўрнига сурма ёки шунга ўхшаш бирорта модда сепиб ясама хол ёки турли белгилар қилишар эдилар. Аввалги ишдагидек буни ҳам амалга оширадиган уста аёллар бор эди. Ким сохта хол қўйдирмоқчи бўлса, ўшаларга мурожаат қиларди. Ушбу ҳадиси шариф ила Ислом бундоқ номаъқул ишларни ҳаром қилди.
Ҳаж қилган йили Муовия минбарда бир тутам сочни ушлаб туриб: 
«Уламоларинингиз қани! Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана шунинг мислидан наҳий қилганларини ва: «Бани Исроил уларнинг аёллари мана шуни тутганларидан ҳалок бўлганлар, холос», деганларини эшитганман», деди».
Бешовлари ривоят қилган. 
Икки шайх қуйидагини зиёда қилган: 
«Буни яҳудийлардан бошқа бирор киши қилмаса керак, деб ўйлардим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига хабари етганда буни, алдов, деб атаганлар». 
Шарҳ: Муовия ибн Аби Суфён розияллоҳу анҳу Шомда туриб халифалик қилганлар. Шунинг учун кўп ҳаж қилиш имконлари бўлмаган. Ҳаж қилган йили эса ушбу ривоятдаги каби тарих бўлиб қолган. Муовия ибн Аби Суфён розияллоҳу анҳу хутба қилган жойнинг жонкуяр кишилари у кишига одамлар ношаръий иш қилаётганлари ҳақида шикоят қилиб, гапларининг далили сифатида улама сочни у кишининг олдиларига олиб келиб, қўлларига берган. Бу ҳолдан тавишга тушган халифа минбарга ўша улама сочни кўтариб чиқди ва: «Уламоларинингиз қани! Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана шунинг мислидан наҳий қилганларини ва:
«Бани Исроил уларнинг аёллари мана шуни тутганларидан ҳалок бўлганлар, холос», деганларини эшитганман», деди». У кишининг бу гапларидан қайси юртда бирор ношаръий иш юзага чиқса энг аввал ўша юртнинг уламолари маломат қилиниши чиқади. Ҳақиқатда уламоларнинг масъулятлари жуда ҳам катта. Ахир улар анбиёларнинг меросхўрлари. Шариатнинг ходимлари. Уларнинг ҳар бири ўз жамиятидаги каттаю кичик нарсадан кечаю кундуз хабардор бўлиб туришлари, шариат кўрсатмасидан заррача оғиш бўлса, дарҳол огоҳлантиришлари лозим. Бани Исроил ўтган умматлар ичида энг катта ва кучли уммат бўлгани сир эмас. Аммо шундоқ бўлса ҳам, вақти соати келиб ўша уммат ҳалокатга учради. Унинг ҳалокатга учрашининг бир қанча сабаблари бўлиб ана ўшалардан бири, уларнинг аёлларини тўғри йўлдан чиқиб ҳар хил ҳийла ва алдамчилик йўлларини тутганлари, жумладан, сохта сочлар ясаб кўпчиликни алдаганлари экан.Ушбу ривоятга икки шайх-имом Бухорий ва имом Муслимлар қилган зиёдада мазкур манфур амал яна ҳам очиқроқ васф қилинади. «Буни яҳудийлардан бошқа бирор киши қилмаса керак, деб ўйлардим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига хабари етганда буни, алдов, деб атаганлар».
Халифа Муовия ибн Аби Суфён розияллоҳу анҳу улама соч қилиш ғоят ёмон иш, бу ишни яҳудийлардан бошқалар қилмаса керак, деб хаёл қилиб юрар эканлар. Аммо ўз қавмлари ичида бу ишнинг бўлаётганини кўриб ғазаблари жунбуш урибди. Дарҳақиқат, улама соч қилиш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек алдовдан бошқа нарса эмас. Бас, шундай экан, ҳар қандай нарсани улама соч қилиш мумкин бўлмайди.

Топ рейтинг www.uz Openstat